Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Камбағал эмассан!

Камбағал эмассан!

Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, уни чексиз неъматлар билан ризқлантиргандир. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Наҳл» сураси 18-оятида шундай марҳамат қилинади:

«Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…»

Баъзи кишилар неъмат сўзини жуда тор маънода тушунадилар. Улар учун неъмат – бу бойлик, улуғ мансаб, шон-шавкат, фарзанд ёки бирор катта орзуйининг ушалиши. Эл-юрт тинчлиги, мусаффо осмон, зилол сув, тан соғлиги каби инсоннинг ҳаётини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларга эса бепарво бўладилар. Гўёки булар ўзи бўлиши керак бўлган табиий нарсалардек. Аслида неъматларнинг энг улуғи шулар эканини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат берадиган ҳар бир нарса борки, инсонга неъмат қилиб берилган мукофотдир. Биз мана шу неъматларни чуқур англаб, қадрига етмоғимиз ва шукур келтирмоғимиз лозим.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан»

Дарҳақиқат, мана шу оддийгина туюлган нарсаларнинг ўзи барчамиз учун энг қимматбаҳо бойлик ва улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло томонидан берилган бу неъматларни қадрига етиш – шукур қилиш ва улардан фақатгина савоб йўлида, фойдали мақсадларда фойдаланиш билан бўлади. Афсуски, ҳозирги кунда ўзига берилган юксак неъматларни, яъни, вақтини, соғлигини, топган мол-мулкини беҳудага сарфлаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Буни ҳозирда авжига чиқаётган дабдабали тўйлар мисолида кўришимиз мумкин. Бир киши фарзандли бўлади, уни едириб-ичиради, кийинтиради, ўқитиб катта қилади ва зиммасидаги вазифаси бўлмиш турмуш қуриши учун бош-қош бўлади. Аммо нима учун мана шу бир кунлик тўйни деб, бор топган мол-мулкини янги ўйлаб топилган ва бирор кишига фойдаси бўлмаган, аслида маънавий ва моддий зарар бўлган одатлар учун сарфлаши керак!? Бошқа бир одам шундай хатога йўл қўйса, уни тўхтатиш ўрнига, мен ҳам сендан қоламанми, деб баъзан гарданига ҳатто катта қарз олиб бўлсада шундай қилишлик аҳмоқлик ва нодонлик эмасми!? Буларнинг бари мақтанчоқлик, мутакаббирлик, исроф, бошқаларга мен ҳам бойман деб кўз-кўз қилишликдан бошқа нарса эмас. Бойлик аслида нима эканлиги қуйидаги ривоятда чиройли тарзда тушунтириб берилган:

Ривоят қилишларича, бир одам камбағаллигидан шикоят қилиб қолди. Шунда унинг дўстларидан бири унга шундай деди:

– Менга қара, ҳозир фақирликдан ҳасрат қиляпсан, сен тилингни менга кесиб бер, эвазига ўн минг динор бераман.

У рози бўлмади. Шунда дўсти яна унга бошқа таклиф айтди:

– Унда икки кўзингни менга сот, ҳаққига ўн минг динор  бераман.

У бунга ҳам кўнмади. Шунда дўсти бошқа йўл кўрсатди:

– Оёқ-қўлингни кесиб олайликда, эвазига ўн минг динор берайлик.

Фақирликдан шикоят қилган одам бунга ҳам рози бўлмади. Шунда дўсти:

– Эй инсофсиз, ҳаёсиз, ношукур одам, ўттиз минг динорга тенг сармоянг бўлатуриб яна фақирман, камбағалман, деб зорланиб юришинг тўғрими?-деди.

Аслида ўйлаб қаралса, юқорида ҳадиси шариф ва ривоятда келтирилган нарсаларга эга бўлган киши энг бой инсондир ва бу бойлигини бир кунлик тўйга алмашиш эса катта хатодир. Чунки, беҳуда орзу-ҳавасни деб оиласидаги тинчлигидан, қарз тўлайман деб соғлигидан, хотиржамлигидан, бор мол-мулкидан ажралиб, болаларининг бахтига эмас, Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъматлардан маҳрум бўлишга эришади, холос! Бу жиҳатлар барчамизни тафаккур қилишга ундаб, нотўғри йўл тутаётганларга эргашмасдан, уларни ҳам тўғри йўлга бошлашга ундаш лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни доимо Ўзи берган неъматларнинг қадрига етувчи ва ҳар бир ишда идрок билан йўл тутувчи закий бандаларидан қилсин!

Қибрай тумани бош имом-хатиб,
«Дўрмон» жоме масжиди
имом-хатиби М.Миржалилов