Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Кам ейиш – инсон соғлигининг муҳофазаси

Кам ейиш – инсон соғлигининг муҳофазаси

 Ичингни таомдин айлагин холий,
Унда маърифатнинг нурин кўрасан,
Ҳикматдан узоқсан, сабаби шулки,
Ҳамиша таомдан ичи тўласан!

Саъдий Шерозий

Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиб овқатланишда овқатланиш меъёрига аҳамият бериш муҳим ўрин эгаллайди, чунки меъёр бузилса ҳамма зарарлар инсонга ёпирилиб келаверади. Мўтадил овқатланмаслик нафақат соғлик учун зарарли, балки диний ва дунёвий зарарлари ҳам бор.

Миқдод ибн Маъдийкараб ал-Киндий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. У айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир”, дедилар.  Бу ҳадис муҳим саломатлик қоидасини қарор топтиради, бу ҳам бўлса, ичимлик ичиш ва таом ейишда мўтадилликни лозим тутиш ва уларда исрофга йўл қўймасликдир. Яна, бу ҳадисдан биламизки, ҳар бир кишига саломатлигини муҳофазасига, амалларини адо қилишга ёрдам берадиган озроқ таом кифоя қилади. Инсон учун бир миқдор – таом учун учдан бир, шароб учун учдан бир, ҳаво учун учдан бир бўлишлиги яхши, ундан ошириб юбориш касаллик, ҳар хил зиён – зарарларни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло ҳам ошқозонимизни шундай яратганки, учдан бирида ҳаво, учдан бирида сув, яна учдан бирида овқат туради. Шу меъёр бузилса, кўп ташвиш келиб чиқади. Ошқозон тўлиб кетса, кўп зарарлар пайдо бўлади:

1.  Семизлик пайдо бўлади, у кўп касалликларни чақиради.

2. Албатта, ошқозон дардларнинг уясидир. Агар у овқатни ҳазм қилолмаса, чарчаб қолади ва касалликка сабаб бўлади.

3. Диний зарари шуки, агар инсон ниҳоятда тўқ бўлса, намоз ва бошқа ибодатларга дангасалик қилади. Дунёвий зарари шуки, кўп таом ейиш натижасида бўшашганлик, фикрлашнинг заифлашуви, уйқуга кўпроқ рағбат қилиш келиб чиқади.

Айтиладики, кўп ейишда бешта ёмонлик бор:

  1. Аллоҳдан қўрқувни кетказади.
  2. Тоат-ибодатни кишига оғирлаштиради.
  3. Ҳикмат эшитса, ундан таъсирланмайди.
  4. Агар у ҳикматли гапларни гапирса, гапи одамлар қалбида ўрнашмайди.
  5. Танасида касаллик уйғонади.

Бизнинг халқимиз озиқ-овқатни исроф қилиш деганда уни емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Албатта, бу ҳам исрофдир. Аммо, керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан деб, қорин бандаси бўлиш мусулмон инсонларга мутлақо номуносиб ишдир. Мусулмон инсонга очқамасдан туриб емаслик вожиб бўлади. Ислом дини жасад ва унинг саломатлигига аҳамият беради.

Абу Лайс роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Киши овқатни оз ейиши, тўқ қоринга емаслиги лозим. Албатта, бу иш Аллоҳ наздида ёмон кўрилган, одамлар наздида эса, баданга зарардир. Бир табибдан: “Аллоҳ таолонинг китобида табобатни топдингми?”, деб сўралди. У: “Ҳа, Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини мана бу оятда жамлаган: “Енглар, ичинглар, исроф қилманглар, чунки У исрофгарларни севмас” (Аъроф 31 оят). Исроф кўп ейишда, ундан касалликлар келиб чиқади”, деди”.  Кишининг ейдиган таоми поклик ва ҳалоллик билан топилган бўлсада, бироқ ундан кўп истеъмол қилса, меъда заиф бўлади ва барча касаллик шундан пайдо бўлади, тан эса кучсизланаверади. Ҳакимларнинг бир фикрга келиб айтишларича, оз ейиш, оз ичиш ва меъёрида ухлаш инсон баданига саломатлик етказади. Шундай йўл тутилса, овқат яхши ҳазм бўлиб, баданга сингади, бели бақувват, кўзи равшан, кўнгли ёруғ, ўзи хурсанд, эсда сақлаш қобилияти эса мустаҳкам бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти 4-курс талабаси Олимжонова Мафтуна