Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Калом илмининг буюк намоёндаси

Калом илмининг буюк намоёндаси

Юртимизни – алломалар юрти дейдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Қадимдан бу заминда не-не алломалару донишмандлар ўтган. Улар орасидан ислом илми ривожига ҳисса қўшган кўпгина бобокалонларимизни мисол қилиб келтириб ўтишимиз мумкин. Жумладан, калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ва мутафаккир Абу Муъин Насафийнинг ўз ўрни бор. Аввало, калом илми борасида қисқача тўхталиб ўтсак.

Калом – ислом илоҳиётининг илми ҳисобланиб, VII асрда пайдо бўлган. Калом тарафдорлари мутакаллимлар деб аталади. Ушбу илм турли диний-сиёсий гуруҳлар, мисол учун, хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар, муржиийлар кабилар пайдо бўлиши билан боғлиқ баҳслар натижасида вужудга келди ва тарқалди. Калом илми вақт ўтган сари тараққий топди. Айниқса, Насафий яшаган XI асрнинг иккинчи ярми ва XII аср бошларида ўзининг юксак чўққисига кўтарилди.

Насафий Мотуридия мактабини кенг ривожлантирган шайхлардан бири ҳисобланиб, улуғ имом, аҳли сунна вал-жамоа мазҳабининг ўз замонасидаги раиси бўлган. Уни “Ҳақ қиличи” деб таърифлаганлар.

Абу Муъин Насафийнинг 15 га яқин асарлари мавжуд бўлиб, “Баҳрул-калом фий илмил-калом” асари айнан калом илмига бағишланган. Ушбу асарнинг олтинчи бобида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мендан кейин халифалик ўттиз йил, ундан кейин амирлик, подшоҳлик ва ҳоказолар бўлади”, дея марҳамат қилганларликлари ҳақида бир ҳадис келтирилади ҳамда ҳадиснинг мазмун-моҳияти шарҳланади. Эътибор берсак, ушбу ҳадис нафақат ўша давр учун, балки бугунги кундаги айрим “халифалик”ни режалаштирган кимсалар учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бинобарин, бу бир неча асрлар муқаддам, мана шундай ҳолатлар бўлишини сезган Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ана шундай маърифатсиз кимсаларга берган муҳим огоҳлантиришларидир. Бугунги кунда, ислом динида турли-туман оқимлар ва таълимотлар яратилаётган ҳозирги пайтда мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамияти беқиёсдир.

Ана шундай асарларидан яна бири – “Табсиратул-адилла” ҳам калом илмининг машҳур манбаларидан саналади. Унда ушбу илмнинг баъзи масалалари батафсил ёритилган ва ундаги ёзув услуби тушунарли ҳамда содда эканлиги алоҳида аҳамиятга эгадир. Унда эътиқод борасида шундай дейилади: “Аллоҳга эътиқод қилиш, аввало, Аллоҳни таниш, уни яккаю-ягона деб билишдан иборатдир”.

Эътиборли жиҳати шундаки, Насафийнинг ушбу асарида ўша даврда ҳам мавжуд бўлган оқимларнинг вакиллари билан кескин баҳс ва мунозаралар, уларнинг хато қарашларига далиллар билан исботланган раддиялар келтирилади. Жумладан, ўша пайтда ислом дини негизида кенг тарқалган турли-туман фирқалар ва тоифаларга ҳам кескин жавоблар берилади.

Аждодимиз Абу Муъин Насафийнинг ҳали ўрганиб, тадқиқ этишга ва халқимизга тушунарли тарзда етказишга арзийдиган яна қанчадан-қанча фикр ва маълумотлари бор. Айниқса, Президентимизнинг ушбу буюк алломанинг  зиёратгоҳларини обод этишга қаратилган ташаббуслари, бу ерда ташкил этиладиган кутубхона ҳамда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юртдошларимиз учун улкан туҳфадир. Қолаверса, бу соҳада таълим олаётган ўғил-қизларнинг зиммаларига янада кўпроқ масъулият юклаши айни ҳақиқат. Айниқса, биз талабалар  учун ўқиб-изланиш, тадқиқ этиш учун имкониятлар яратилаётгани жуда қувонарлидир.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Мусабоев Комрон

[carousel-horizontal-posts-content-slider]