Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистоним!
Байрамлар бизга қувонч бағишлаши билан бирга ўтаётган умримизни сарҳисоб қилишга ҳам ундайди. Байрамларимиз орасида эса Мустақиллик шодиёнасининг ўрни жуда катта. Мустақиллик туфайли халқимизга кенг имкониятлар эшиги очилди. Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида байроғимиз ҳилпираб турибди. Масжид ва мадрасаларнинг қулф осиғлиқ эшиклари очилди. Бугун ўндан ортиқ олий ва ўрта махсус диний таълим масканлари ёшларни ўз бағрига олган. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан эндиликда юртимизнинг бир неча жойларида фиқҳ, ҳадис, тафсир, ақида ва бошқа ислом динининг асл моҳиятини ёшларга тўлиқ таълим берадиган диний ўқув масканлари ташкил этилишига доир қарор имзоланди. Бу эса барча мусулмонлар учун улкан туҳфа бўлди. Мустақиллик йилларидан буён минглаб юртдошларимиз эмин-эркин ҳаж ибодатини адо этиб қайтяптилар. Ушбу йили эса ҳожиларимиз сони кескин даражада ошди ва ҳар йилгидан ҳам кўп юртдошларимиз ҳаж сафарига хурсандчилик билан тартибли равишда юборилмоқдалар. Буларнинг бари мустақиллик туфайли берилаётган имкониятлардир. Бизлар эса доимо бунинг шукронасини қилиб, Ватан равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло шукронаси қилинган ҳар қандай неъматнинг зиёда қилиниши ҳақида «Бақара» сурасининг 152-оятида шундай марҳамат қилган:
«Шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман».
Мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб бораяпти. Қишлоқлар ҳам гўзаллашиб бормоқда. Бундай ободончилик, тараққиётнинг яна бир сабаби юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликдир. Зеро, хотиржам жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам, асосан, юрт тинчлигининг самарасидир.
Тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш бу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи. Ушбу ғояни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб этиш, дунёнинг турли мамлакатларида юз бераётган воқеаларнинг асл сабабларини тушунтириб беришда имом-хатибларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Бугунги кунда халқимиз йигирма олти довондан, қанчадан-қанча синов ва машаққатлардан ёруғ юз билан ўтди. Тан олиш керакки, буларнинг бари ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу эзгу ишлар ортида танти , меҳнаткаш ҳалқимизнинг заҳматлари турибди.
Боласи йигирма олти ёшга тўлган ота-онани бир тасаввур қилинг. Фарзандининг бўй – бастига боқиб, қувонади. Орзу – умидлари энди унинг камолида кўради. «Яратган сени ёмон кўзлардан асрасин», дея холис дуолар қилади. Бугун биз ҳам истиқлолининг 26 йиллиги нишонланаётган Ватанимиз тараққиёти, юртимиз фаровонлигига боқиб, чин кўнгилдан, унинг ривожини сўраб , дуо қиламиз…
Қибрай тумани бош имом-хатиби,
«Дўрмон» жоме масжиди
имом-хатиби М.Миржалилов