Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Ҳижрий тақвимга кўра янги йил

Ҳижрий тақвимга кўра янги йил

Бугун мусулмонлар тақвимига кўра Муҳаррам ойининг биринчи куни бўлиб, ушбу кундан ҳижрий 1439 йил бошланади.

Айнан мана шу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Бу воқеа мусулмонлар жамиятининг шаклланишида улкан аҳамият касб этганлиги боис, иккинчи ҳалифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Ҳижратни мусулмонлар тақвимининг бошланиши деб эълон қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, Муҳаррам тўрт ҳаром ойларнинг биридир. Яъни бу ойларда жанг қилиш, қон тўкиш ва шу кабилар ҳаром қилинган. Муҳаррам ойининг фазилати ҳақида Қуръони Карим ва Суннатда айтиб ўтилган.

Қуръони Каримнинг Тавба сураси 36-оятида бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир”( Уруш тақиқланган тўрт ой – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир).

Ҳадисда шундай дейилади: “Рамазон ойидан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи – муҳаррамдадир” (Имом Муслим ривояти).

Мусулмонлар бу ойни Аллоҳ таолога янада кўпроқ ибодат қилиб ўтказишлари лозим. Имом Абу Хомид Ғаззолий Муҳаррам ойида қилинган ибодатларнинг фазли йилнинг бошқа ойларига ҳам ўз таъсирини ўтказишини таъкидлаганлар.