Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қиёмат яқин

Қиёмат яқин

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Улар (Макка кофирлари ўтмишдаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлар дучор бўлган ҳалокатлардан эслатма-ибрат олмадилар), энди фақат тўсатдан (Қиёмат) соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе, унинг аломатлари келди. Бас, уларга (Қиёмат соати) келган вақтида уларнинг эслатма-ибрат олишлари (учун) қандай (имкон) бўлур?!» (Муҳаммад сураси, 18-оят), дея марҳамат қилади.

Инсонларга ҳаёт муҳлатининг тугаётгани, Қиёмат куни тобора яқинлашаётгани ҳақида хабар берувчи оят – аломатларнинг аён қилиниши ҳам Аллоҳнинг раҳматидир. Ушбу оят-аломатлардан ибрат олиб, инсонлар шояд ўзларини ўнглаб олсалар. Гуноҳлардан тавба-тазарру этиб, Парвардигорлари тоат-ибодатига астойдил киришсалар. Қиёматнинг яқинлиги ҳақидаги энг биринчи аломат Муҳаммад алайҳиссаломнинг юборилишлари эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен пайғамбар этиб юборилганимда Қиёмат мана шундай эди», дея ўрта ва кўрсаткич бармоқларига ишора қилдилар. Холид ибн Умайрдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга хутба ўқидилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб сўз бошладилар: «Дунё узилишини эълон қилди. Ковушини орқага бурди. Ундан (дунёдан) фақатгина бир томчи қолди. Бу худди соҳиби охирги томчисини ичаётган идиш (туби)даги (сўнгги) томчи кабидир» (Аҳмад ва Ибн Жарирлар ривояти. Санади саҳиҳ). Яъни, дунё охир бўлмоқда. У узилишини эълон қилди, ортига бурилди. Идиш тубида қолган, арзимас томчичалик қолдиғи – муддати бор, холос. Дунёнинг охирлаб, Қиёматнинг яқин қолгани шундай ифодаланган. Мазкур ҳадис айтилганига ҳам ўн тўрт аср бўлди. Бу муддат ичида Қиёматнинг шартлари бирин-кетин воқеликда кўринди. Уларнинг энг охирги рўй берганига биз ҳам гувоҳ бўлдик, ялангоёқ, яланғоч бўлган кишилар уй қуришда бир-бирлари билан мусобақага киришдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида кўринган Қиёмат аломатларидан бири – ойнинг бўлиниши эди. Бу воқеа Пайғамбаримиз ҳали Маккада турганларида юз берган.

«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди. Агар улар (Қурайш кофирлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) бирон оят-мўъжиза кўрсалар (ҳам у пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва «(Бу) ҳар доимги сеҳр-ку!» дерлар» (Қамар сураси, 1-2-оят).

Бухорий ва Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Макка аҳли Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оят-мўъжиза кўрсатишни сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга ойни икки бўлиб кўрсатдилар. Макка аҳли Ҳиро тоғи ойнинг икки бўлаги ўртасида қолганини кўрди».

Байҳақий ва Ибн Жарир Абдуллоҳ ибн Масъуддан саҳиҳ санад билан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида ой бўлинди. Қурайш аҳли: «Бу Абу Кабша ўғлининг сеҳри», дейишди. Сўнг айтдилар: «Сафарда юрган кишилар нима дейишига қаранглар. Чунки Муҳаммад ҳаммани баравар сеҳрлай олмайди». Сафардан қайтганлар ҳам шуни айтишди». Яъни, ойнинг бўлинганига гувоҳлик бердилар. Ибн Касир айтади: «Бунга уламолар орасида иттифоқ қилинган, яъни, ойнинг бўлиниши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларида бўлган ва у энг катта мўъжизалардан ҳисобланади». Иншааллоҳ, Қиёматнинг кичик шартларига оид ҳадисларни кейинги фаслда келтирамиз. Биз кичик аломатларнинг деярли барчаси воқеликда кўринганига гувоҳ бўлдик. Фақат битта аломат ҳозирча юз бергани йўқ ва у катта шартлар жумласига киради. Баъзилар уни кичик шартлар қаторида санашган. Валлоҳу аълам!

«Илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг ёйилиши, хамр (маст қилувчи ичимликлар) ичилиши, зинонинг кенг тарқалиши ва эркакларнинг камайиб, аёлларнинг кўпайиб кетиши Қиёмат қойим шартларидандир, ҳатто элликта аёлга битта қаровчи (эркак) бўлади» (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадисда зикр этилган аломатларнинг деярли барчаси бўлиб ўтди. Фақат элликта аёлга бир эркакнинг тўғри келиб қолиши ҳали ҳаётда юз бермади. Уламолар воқеликдаги мазкур аломатларни Қиёматнинг кичик шартлари қаторида санайдилар. Аллоҳ таоло бизни фитна домидан саломат сақласин! Ҳимоячимиз Аллоҳ! У энг ишончли ҳимоячидир!

 

Муҳаммад салама Жабарнинг «Қиёмат аломатлари «китоби асосида

Тошкент вилояти Пискент тумани
«Мулла Бўта Қози» жоме масжиди
имом-хатиби Воҳидов Мирсобит тайёрлади