Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Исро ва меърожга бўлган эътиқод

Исро ва меърожга бўлган эътиқод

Исро ва Меърож ҳодисаси шунчалик буюкки, ҳатто ҳамма мўътабар ақидавий китобларимизда Меърожга иймон келтириш борасида алоҳида матнлар келган. Чунки, Исро Қуръони карим билан собит бўлгани учун ақидавий китобларда бу ҳақда баҳслар йўқ. Биз ҳам юртимиз диний ўқув юртларида ўқитилиб, ўзбек тилимизга ўгирилган машҳур ақидавий китоблардан иқтибослар келтирамиз.

Биринчи бўлиб ақидавий китобларнинг каттаси ва улуғи “Ал-фиқҳул акбар” китобида Меърож ҳақида шундай дейилади:

وَ خَبَرُ المِعْرَاجِ حَقٌّ وَ مَنْ رَدَّهُ فَهُو مُبْتَدِعٌ ضَالٌّ

Меърож воқеаси ҳақ ва ростдир. Ҳар ким уни инкор этса, у залолат ва бидъат аҳлидир1.

Меърож ҳақида “Ал-ақидатут-таҳовия” китобида ҳам қуйидагича жумлалар бор:

وَ المِعْرَاجُ حقٌّ، وقَدْ أُسْرِيَ بالنَّبِيِّ صلى الله عليه وآله وسلم، وَعُرِجَ بِشَخْصِهِ في اليقَظَةِ إلى السَّماءِ، ثُمَّ إلى حيث شاءَ الله مِنَ العُلا، وأكْرَمَهُ الله بِمَا شَاءَ، وأوْحَى إليْهِ مَا أَوْحَى

Меърож воқеасини ҳақ деб эътиқод қиламиз. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кеча уйғоқлик ҳолларида осмонга олиб чиқиб, Ўзи хоҳлаган аломатларни кўрсатгани ҳақиқатдир. Бу борада оят ва ҳадислар ворид бўлган2.

Яна бир мўътабар ҳанафий китобларимиздан бири “Ақоиди Насафия”да ҳам бу воқеа ҳақида шундай жумлалар бор:

وَالْمِعْرَاجُ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ فِى الْيَقْظَةِ بِشَخْصِهِ اِلَى السَّمَاءِ ثُمَّ اِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ تَعَالَى مِنَ الْعُلَى حَقٌ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғоқлик ҳолларида жисмонан самога кўтарилиб, ундан Аллоҳ хоҳлаган олий маконларга кўтарилиб сайр қилган кечалари (Меърож кечаси) ҳақ ва ростдир3.

Яна бир ақоид борасида юртимиз уламоларидан бири Али ибн Усмон Ўший раҳматуллоҳи алайҳ томонидан таълиф қилинган “Бадъул-амолий” манзумасида ҳам Меърож воқеаси ҳақида қуйидагича байт бор:

وَ حَقٌّ اَمْرُ مِعْرَاجٍ وَ صِدْقٌ    فَفِيهِ نَصُّ اَخْبَارٍ عَوَالِ

Меърож кечаси ҳақ ва ростдир. У тўғрида олий хабарлар – ҳадислар бордир4.

Исро Қуръон ояти билан собит бўлгани учун уни инкор қилган киши кофир бўлади. Меърож эса, ҳадислар билан собит бўлгани учун уни инкор қилган киши кофир бўлмаса ҳам бидъатчи ва адашувчи саналади5. Бу оят ва ҳадислар юқорида қисқача бўлса-да, кўриб ўтилди.

Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари ўзларининг “Маслакул муттақин” китобларида шундай ёзадилар: “Аларнинг меърожлари ҳақдур. Маккадин Масжиди Ақсоғача борғонлари оят бирла собит бўлубтур. Масжиди Ақсодан осмонга борғонлари машҳур (хабарлар) орқали собитдур. Андин ҳар неча жойға борсалар (у ердан қаерга борган бўлсалар, барчасига) иқрормиз. Ва гумон йўқдур, етти қат осмон, беҳишт, дўзах ва Аршу Курсини бир соатда кўрсатса, Худони қудратиға ажаб эрмас6.

Меърож борасида учта нарса бор: исро, меърож ва эърож. Исро – Маккадан Байтул Мақдисгача бориши, мўътазилийлар ҳам буни инкор этмайдилар. Ким буни инкор қилса, кофир бўлади. Меърож – Байтул Мақдисдан еттинчи осмонга қадар, эърож – еттинчи осмондан Аршга қадар бориш маъносини билдиради7.

Кимки Меърож воқеасини ва бу борадаги оятларни рад этса, кофир бўлади. Оятлар билан Пайғамбаримизнинг Байтул Мақдисга – Қуддусга МасжидулАқсога борганларини тасдиқ этса-ю, лекин Меърожни, яъни самовотга – осмонлар оламига юксалганларини инкор қилса ёки самовотга чиққан-чиқмаганини билмайман, деса, бундай кимса мубтадиъ дейилади8.

Аллома Тафтазоний мазкур матнларни шарҳлаб шундай деганлар: “Масжидул Ҳаромдан Байтул Мақдисга қилинган исро китоб билан собит бўлган қатъийдир. Ердан самога кўтарилишлари машҳурдир. Самодан жаннатга, ё Аршга, ё ундан бошқа жойга кўтарилишлари Оҳоддир. Сўнгра тўғриси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларини қалблари билан кўрганларидир, кўзлари билан кўрганлари эмас”9.

Расули муҳтарам Меърожда Аллоҳ дийдорини кўз билан кўрганларми ё қалб кўзи биланми ё бутун вужудлари кўзга айланганми? Бу ҳақда ҳам тортишувлар бўлиб ўтган.

Мўътазилий ва жаҳмийлар: “Меърож Байтул Мақдисгача бўлган, ундан бошқаси уйғоқликда бўлмаган”, дейдилар. Баъзилари: “Меърож руҳ учун бўлган, жасад учун бўлмаган”, дейдилар. Аҳли сунна ва жамоа айтади: “Меърож Пайғамбаримиз уйларидан Байтул Мақдисгача, Байтул Мақдисдан еттинчи осмонгача ёки Аллоҳ таоло хоҳлаган жойгача бўлгани ҳақиқатдир”. Баъзи фақиҳлар Меърожни жаннатга, баъзилари Аршга, баъзилари Аршнинг юқорисига қадар бўлган, дейди. Баъзи фақиҳлар эса оламнинг чеккасига қадар бўлган, ҳолбуки, у зотнинг бир қадами оламнинг чеккасида бўлса, бири йўқлик оламида бўлган, дейдилар10.

Меърож пайтидаги кайфият-ҳолат ҳақида ҳам мусулмон уламолар ўртасида фарқли кўришлар мавжуд. Бу кўришларни қуйидаги тартибда санаб ўтса бўлади:

  1. Расули акрамнинг меърожлари жисмоний ва моддийдир. Бу фикрдаги уламога кўра, ҳазрат Пайғамбар уйғоқ ҳолларида ҳам руҳлари, ҳам жисмлари билан уруж қилганлар. Булар суянадиган далиллар жуда ҳам кўп. Жумладан, Қуръони каримнинг Исро сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун «абд» (қул) дейилмоқда. «Қул» сўзининг «жисм» ва «руҳ» маъноси бор, дейишади бу олимлар.

Чунки, банда тана ва руҳнинг мажмуасидан иборатдир. Худди “инсон” лафзи жисм ва руҳнинг мажмуасига исм бўлганидек. Гап айтилиши билан шу маъно тушунилади ва шу тўғридир. Исро ҳам ушбу мажмуа ила бўлган. Бунинг бўлишига ақл жиҳатидан монелик йўқ. Агар инсоннинг кўтарилиши мумкин эмаслиги жоиз бўлса, фаришталарнинг тушиши ҳам мумкин эмаслиги жоиз бўлади. Бу эса пайғамбарликни инкор қилишга олиб келади. Бу ўз навбатида куфрдир11.

  1. Меърожи Набий жисмоний эмас, руҳийдир. Бундай фикрли олимларга кўра, Расули акрам руҳлари билан уруж қилганлар.

  2. Расули акрамнинг уружлари «содиқ рўё»да (тўғри тушда) рўй берган. Бу гуруҳ олимларнинг қаноатига кўра, Меърож уйқу асносида содир бўлган. Бироқ бу уйқу шунчаки уйқу эмас, чунки пайғамбарларнинг рўёлари илоҳий ваҳийнинг бир кўринишидир. Булар фикрларининг далили сифатида «Биз сизга «туш»ни… у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос» оятини кўрсатишади.

  3. Меърожнинг Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсогача бўлган қисми жисмоний, Масжидул Ақсодан кейинги қисми руҳийдир.12

Шунингдек, Меърожнинг ҳақлигига, уйғоқликда руҳ ва тана ила бўлганига, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир осмонда пайғамбарлар билан учрашганларига далолат қилувчи кўплаб ҳадислар ҳам келгандир. Бу ҳадисларнинг умумий миқдори мутавотир даражасига етган бўлиб, фақат жоҳилгина ёки ўзини жоҳилликка солувчигина инкор қилиши мумкин13.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳли сунна ва жамоа ақидасининг муҳим қисми Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Меърожларига – уйғоқликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанларига ишонишдир. Шу боис бу кечанинг мусулмонлар учун аҳамияти катта.

Аҳли сунна ва жамоа жумҳур уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва муборак таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган14.

                                                             Тошкент вилояти Зангиота тумани
“Рамадан” жоме масжиди имоми ноиби
Валиев Сайдакбархон

1 Нашрга тайёрловчи ва таржимон Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2006й. 29-бет.

2 Ўша манба 33-бет.

3 Ўша манба 47-бет.

4 Ўша манба 53-бет.

5 Абдулқодир Абдураҳим ўғли. Ақоид дарслиги. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2007й.159-бет.

6СўфийОллоҳёр. Маслакулмуттақин. Таржимон: Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли. Нашрга тайёрловчилар: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Акрам Деҳқон. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2012й. 48-бет.

7 Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Солимий Кеший. Ат-тамҳид фи баёнит-тавҳид. Таржимон ва изоҳлар муаллифи: Соатмурод Примов. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2014й. 206-бет.

8 Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий. Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди. Биринчи китоб. Таржимон ва изоҳлар муаллифи Мирзо Кенжабек. Тошкент: “Адолат” нашриёти. 2004й. 18-бет.

9 Абдулқодир Абдураҳим. Эътиқод дурдоналари “Бадъул амолий” шарҳи. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёти. 2012й. 173-бет.

10 Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Солимий Кеший. Ат-тамҳид фи баёнит-тавҳид. Таржимон ва изоҳлар муаллифи: Соатмурод Примов. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2014й. 205-бет.

11 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақийдатут-Таҳовия” шарҳининг талхиси. Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. 2014й. 167-бет.

12 Закои Кўнрапа. Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара. Биринчи китоб. Макка даври. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 1995й. 127-бет.

13 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақийдатут-Таҳовия” шарҳининг талхиси. Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. 2014й. 168-бет.

14 “Ҳидоят” журнали. 2012 йил. 1-сон. 18-бет.