Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / Исро ва меърож воқеасининг ислом фиқҳига боғлиқлиги

Исро ва меърож воқеасининг ислом фиқҳига боғлиқлиги

Меърожда содир бўлган нарсаларнинг баъзилари юқорида зикр қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган аломатларни, жумладан, жаннат, дўзах, байтул Маъмурни, ўтган пайғамбарлар, фаришталар, Жаброил фариштанинг аслий кўринишларини ва бошқа нарсаларни кўрдилар. Ўша Меърож кечаси уммати Муҳаммадияга беш вақт намоз фарз қилинди. Бақара сурасининг охирги икки ояти ва қуйидаги 12 та ҳукм нозил бўлди:

  1. Аллоҳга ширк келтирмаслик;
  2. Ота-онага итоат қилиш;
  3. Қариндош ва муҳтожларга ёрдам бериш;
  4. Молни беҳуда сарф қилмаслик;
  5. Болаларни ўлдирмаслик;
  6. Зинога яқинлашмаслик;
  7. Етимларга яхши муомалада бўлиш;
  8. Ноҳақ одам ўлдирмаслик;
  9. Аҳдига вафо қилиш;
  10. Ўлчовда тўғри, адолатли бўлиш;
  11. Билмай туриб, бировларнинг илми ёки айтганларига эргашмаслик;
  12. Ер юзида кибр ва ғурур билан юрмаслик1.

 

Намознинг фарз бўлиши

عَنْ أَنَسٍ  قَالَ: فُرِضَتْ عَلَى النَّبِيِّ لَيْلَةَ أُسْرِىَ بِهِ الصَّلَوَاتُ خَمْسِينَ ثُمَّ نُقِصَتْ حَتَّى جُعِلَتْ خَمْسًا ثُمَّ نُودِيَ               يَا مُحَمَدُ إِنَّهُ لاَ يُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَىَّ وَإِنَّ لَكَ بِهَذِهِ الْخَمْسِ خَمْسِينَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:

“Эй, Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор”, деб нидо қилинди”.

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган2.

Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар3. Аммо унга тааллуқли бўлган таҳорат, ғусл ва азон каби амаллар ҳам шу кеча жорий бўлганини баъзи уламолар таъкидлайдилар.

Мусулмонлар ҳар куни беш вақт намоз ўқиб, бир йилда бир ой рўза тутишлари лозимлиги ҳам шундан айтилади4.

Имом Баззор қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга азонни Исро кечасида кўрсатилгани ва етти осмоннинг устидан эшитганлари ҳақида сўз боради5.

Ғусл ва кийимдаги пешобни ювишнинг қисқартилиши

قَالَ ابْنِ عُمَرَ: كَانَتِ الصَّلاَةُ خَمْسِينَ وَالْغُسْلُ مِنَ الْجَنَابَةِ سَبْعَ مِرَارٍ وَغَسْلُ الْبَوْلِ مِنَ الثَّوْبِ سَبْعَ مِرَارٍ فَلَمْ يَزَلْ      رَسُولُ اللهِ يَسْأَلُ حَتَّى جُعِلَتِ الصَّلاَةُ خَمْسًا وَالْغُسْلُ مِنَ الْجَنَابَةِ مَرَّةً وَغَسْلُ الْبَوْلِ مِنَ الثَّوْبِ مَرَّةً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу:

“Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги пешобни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам токи, намоз беш вақт, жунубликдан ғусл қилиш бир марта ва кийимдаги пешобни ювиш бир марта қилингунча (Роббиларидан) сўрайверганлар”, деди”.

Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло ислом умматига кунига эллик вақт намоз ўқишни фарз қилгани, йўлда Мусо алайҳиссалом учраб қолиб, одамларнинг бунга тоқат қила олмасликларини айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўрашни маслаҳат берганлари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло билан Мусо алайҳиссалом ораларида бир неча бор бориб келганларидан кейин, намоз бир кунда беш маҳалга қисқартирилгани маълум ва машҳур.

Бу ҳадисдан эса жунубликдан ғусл қилиш ва кийимнинг пешоб теккан жойини ювиш масаласида ҳам юқорида намоз ҳақида зикр қилинган воқеага ўхшаш воқеа бўлиб ўтганини билиб олмоқдамиз.

Аллоҳ таоло дастлаб жунуб бўлган одам етти марта қайта-қайта ғусл қилмаса, пок бўла олмаслигини жорий қилган экан. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш умматларига оғирлик қилишини айтиб, Аллоҳдан енгиллик сўраган эканлар. Аллоҳ таоло бир оз енгиллатган. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ҳам енгиллатишни сўрайверганлар. Охири келиб, бир мартага тушган6.

Бақара сурасининг охирги икки ояти

“Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди. “Эшитдик ва итоат этдик. Эй, Раббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтишлик фақат Сенинг ҳузуринггадир”, – дедилар. Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) “Эй, Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй, Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй, Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!” (Бақара сураси 285-286 оятлар).

Муфассир уламолар бўлмиш Мужоҳид ва Заҳҳокдан ривоят қилинишича, бу оят Меърож кечасида нозил бўлган. Шу маънода Ибн Аббосдан ҳам бир қанча ривоятлар етиб келган. Шунингдек, оятнинг нозил бўлган вақти борасида турли уламолар турфа хил фикр билдирганлар. Улардан баъзилари айтадиларки, Қуръоннинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил қилинган. Фақат мазкур оят бундан мустасно бўлиб, уни Набий алайҳиссаломга Меърож кечасида бевосита ато қилинган7.

Бу сўнгги икки оят ҳақида бир неча ҳадиси шариф ривоят қилинган. Бир ҳадисда айтилишича, қачон бир киши ана шу икки оятни ўқиса, Аллоҳ таоло дуосини шаксиз қабул қилади. Имом Аҳмад ривоятидаги ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Бақара сураси охиридаги икки оятни ўқи, улар менга Арш остидаги хазинадан берилган”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ким “Бақара” сураси охиридаги икки оятни ўқиса, кифоя қилади”, деганлар8.

Ўн икки ҳукм

Меърождаги ҳукмлар жуда юксакдир. У мақомдаги илоҳий хабарлар ислом динининг асосини ташкил этади. Исро сурасидаги бу оятларнинг маъноси қуйидагичадир:

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Эй, инсонлар!) Раббингиз дилларингиздаги нарса (сир)ларингизни яхши билувчидир. Агар сизлар солиҳ бўлсангиз, албатта, У тавба қилувчиларни мағфират этувчидир. Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди. Агар Сиз Раббингиз (томони)дан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда улардан (қариндош, мискин ва йўловчилардан) юз ўгирадиган (ёрдам бермайдиган) бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг! (Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир. (Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир.Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир. Аллоҳ тақиқлаган жонни ўлдирмангиз, магар ҳақ (шаръий сабаб) билангина мумкин. Кимки зулман (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, Биз унинг эгаси (вориси) учун (қасос олишга) салтанат (ҳуқуқ) бердик. Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин! Зеро, у ёрдам берилувчи шахсдир. Етимнинг молига, то у вояга етгунича, яқинлашмангиз, илло чиройли йўсинда бўлса майли. Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир. (Савдо-сотиқда) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилингиз ва тўғри тарозида тортингиз! Мана шу яхши ва чиройли ечим (ҳукм)дир. (Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур). Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан. Буларнинг барчаси Раббингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳ(лар)дир. (Эй, Муҳаммад!) Бу (оятлар) Раббингизнинг Сизга ваҳий қилган ҳикматларидан (баъзилари)дир. Аллоҳга бошқа бирор «илоҳ»ни нисбат берманг! Акс ҳолда маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) маҳрум бўлган ҳолда жаҳаннамга ташланурсиз. (Исро сураси 23-36 оятлар)

Бу бандда ўрганилган Исро ва Меърож воқеасининг фиқҳий масаласи жуда аҳамиятли ҳукмлар. Бу ерда мусулмонлар учун Меърож воқеаси асносида кўпгина енгилликлар жорий бўлгани ўрганилди. Масалан: намознинг эллик вақтдан беш вақтгача камайтирилиши ва бизга беш вақт намоз фарз бўлиши. Шу қатори жанобатдан ғусл қилиш ҳам етти мартадан бир мартага камайтириши Аллоҳ таолонинг раҳмати ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг умматларига бўлган меҳрибончилиги намунасидир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Исро ва Меърож ҳодисасида мусулмонлар учун кўпгина енгилликлар ва ҳукмлар жорий бўлди. Бундан билсак бўладики, бу воқеа нафақат ислом тарихида балки ислом фиқҳида ҳам буюк ҳодисадир.

 

                                                                       Тошкент вилояти Зангиота тумани
                                                                 “Рамадан” жоме масжиди имоми ноиби
                                                              Валиев Сайдакбархон


1 Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод. Соф исломий ақида. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2005й. 61-бет.

2 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 5-жуз Намоз. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2008й. 14-бет.

3 “Ҳидоят” журнали. 2012 йил. 1-сон. 18-бет.

4 Муҳаммад пайғамбар қиссаси. Ҳадислар. Тошкент: “Камалак” нашриёти. 1991й. 28-бет.

5 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 5-жуз Намоз. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2008й. 133-бет.

6 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 4-жуз Поклик. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2011й. 227-бет.

7 Ирфон тақвими. 1-сон. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2007й. 6-бет.

8Таржима ва тафсир муаллифи: Муфтий Усмонхон Алимов. Тафсири Ирфон. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 1–3-жузлар. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2012й. 329-бет

[carousel-horizontal-posts-content-slider]