Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Исро ва меърож ҳақидаги ҳадислар ва уларнинг шарҳи

Исро ва меърож ҳақидаги ҳадислар ва уларнинг шарҳи

Меърож воқеаси ҳадислар ила собит бўлган. Саҳобалардан ўттиз уч нафари Меърожга оид ҳадислар ривоят қилгани манбаларда қайд этилган1.

Меърож ҳодисаси ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинади. Уларнинг баъзисида Исро ва Меърож ҳодисаси батафсил баён қилинса, баъзисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож жараёнида кўрган ажойиботлари, жаннат ва дўзах зикрлари келади. Қуйидаги ҳадиси шарифда Меърожда содир бўлган энг муҳим ишлар баён қилинади.

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه ، قَالَ : لَمَّا بَلَغَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سِدْرَةَ الْمُنْتَهَى ، قَالَ : انْتَهَى إِلَيْهَا مَا يَعْرُجُ مِنَ الأَرْضِ وَمَا يَنْزِلُ مِنْ فَوْقٍ. قَالَ : فَأَعْطَاهُ اللَّهُ عِنْدَهَا ثَلاَثًا لَمْ يُعْطِهِنَّ نَبِيًّا كَانَ قَبْلَهُ ، فُرِضَتْ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ خَمْسًا ، وَأُعْطِيَ خَوَاتِيمَ سُورَةِ البَقَرَةِ وَغُفِرَ لأُمَّتِهِ الْمُقْحِمَاتُ مَا لَمْ يُشْرِكُوا بِاللَّهِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сидратул мунтаҳо (тугаш дарахти)га етганида: “Ердан кўтариладиган ва тепадан тушадиган нарсалар унга келиб тугалланади”, – дедилар. Аллоҳ Сидратул мунтаҳода олдинги пайғамбарлардан биронтасига берилмаган уч нарсани Муҳаммад алайҳиссаломга берди. Улар: беш вақт намознинг фарз бўлиши, “Бақара” сурасининг охирги икки ояти ва яна Расулуллоҳнинг умматларидан модомики, ширк келтирмасалар эҳтиётсизлик ила қилинган хато-камчиликлари авф қилиниши”.

Ҳадиси шарифдан Меърож кечасида мусулмонлар зиммасига ислом динининг асосий рукни ва устуни бўлган беш вақт намознинг фарз бўлиши, Қуръони каримнинг энг улуғ оятларидан “Бақара” сурасининг охирги икки ояти ваҳий қилингани ва умматнинг гуноҳлари кечирилиши маълум бўлмоқда. Шу ва шунга ўхшаш ҳодисалар бўлгани учун Исро ва Меърож ҳодисаси улкан мўъжиза, айни вақтда бу кеча ислом аҳли учун улуғ бир кечадир.

حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ بُكَيْرٍ، حَدَّثَنَا اللَّيْثُ، عَنْ عُقَيْلٍ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، حَدَّثَنِى أَبُو سَلَمَةَ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَن:ِ سَمِعْتُ جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللَّهِ رَضِىَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهعَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ « لَمَّا كَذَّبَنِى قُرَيْشٌ قُمْتُ فِى الْحِجْرِ ، فَجَلاَ اللَّهُ لِى بَيْتَ الْمَقْدِسِ ، فَطَفِقْتُ أُخْبِرُهُمْ عَنْ آيَاتِهِ وَأَنَا أَنْظُرُ إِلَيْهِ »رَواهُ الْبُخَارِي

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қурайш мени ёлғончига чиқаргач, Ҳижрнинг ичида турдим. Шунда Аллоҳ менга Байтул Мақдисни намоён қилди. Унга қараб турган ҳолимда уларга унинг белгиларидан хабар бера бошладим”, деяётганларини эшитганман”2.

Бу воқеа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиқиб келганларидан сўнг, мушриклар у кишини инкор қилиб, ёлғончига чиқарганларида содир бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳижрнинг ичида туриб мушрикларга Аллоҳнинг ёрдами билан Байтул Мақдисни тавсифлаб берганлар.

Қурайш кофирлари ичида Қуддус шаҳрини кўрганлари кўп эди. Пайғамбаримиз бўлсалар бу шаҳарга келмаган ва уни кўрмаган эдилар. Имтиҳон учун шаҳар белгиларини, Масжидул Ақсо сифатларини Пайғамбаримиздан сўрагани турдилар. Маълумдурки, бу шаҳарга кирган киши, биринчи навбат кўришида у шаҳарнинг ҳамма жойларини қайдин била олур. Пайғамбаримиз шу фикрни қилиб турган чоғларида Жаброил алайҳиссалом бир кўзгу кўтаргандек, Қуддус шаҳрини кўтариб, Пайғамбаримизнинг қаршиларига қўйди. Қурайш мушриклари Қуддуснинг қайси жойидан сўрасалар, Жаброил алайҳиссалом ишоратлари ила уларга аниқлаб айтиб турдилар. Бу ҳақдаги қилган имтиҳонлари тўғри топилганликдин, ҳаммалари ҳайрон бўлиб қолишди3.

Молик ибн Саъсаъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари сайр қилдирилган кечалари ҳақида сўзлаб бердилар:

“Мен Ҳатимда – гоҳида у (Қатода) “Ҳижрда”4деб айтар эди – ёнбошлаб ётган эдим, биров келиб, мана бу ердан манави ергача кесди. – (Қатода) айтади: “Мен унинг (Анаснинг) “ёрди”, деб айтаётганини ҳам эшитдим. Ёнида турган Жорудга: “Бу билан нима демоқчи?” десам, у: “Бўғиз ости чуқурчасидан то қовуқ тукларигача” демоқчи”, деди. Мен унинг яна “Ўмгакларидан то қовуқ тукларигача”, деяётганини ҳам эшитдим. – Сўнг қалбимни чиқарди. Кейин менга иймон тўла тилла жом келтирилди5. Сўнг эса қалбим ювилиб, жойига солиб қўйилди. Сўнгра менга хачирдан кичикроқ, эшакдан каттароқ бир оқ улов келтирилди. – Жоруд: “У Буроқми6, эй Абу Ҳамза?” деган эди, Анас: “Ҳа. У оёқларини кўзи етган жойга ташлайди7”, деди. – Мен унга миндирилдим. Кейин Жаброил мени олиб йўлга тушди, дунё осмонига борди-да, очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун) элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” деди-да (эшикни) очди. Етиб боргач, қарасам, у ерда Одам турибди. У (Жаброил): “Бу отанг Одамдир, унга салом бер”, деди. Унга салом берган эдим, саломга алик олди-да, сўнг: “Хуш келибсан, солиҳ ўғил, солиҳ Набий!” деди.
Кейин у (Жаброил) чиқиб, иккинчи осмонга келди-да, очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун) элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” дейилди. У (эшикни) очди. Етиб боргач, қарасам, Яҳё билан Ийсо турибди. Улар холавачча эди. У (Жаброил): “Бу Яҳё билан Ийсодир, уларга салом бер”, деди. Мен салом бердим, улар алик олишди. Сўнг икковлари: “Хуш келибсан, солиҳ биродар, солиҳ Набий!” дейишди.
Кейин у мени учинчи осмонга олиб чиқди-да, уни очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун)элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” дейилди ва (эшик) очилди. Етиб боргач, қарасам, Юсуф турибди. У (Жаброил): “Бу Юсуф, унга салом бер”, деди. Мен унга салом бердим, у алик олди-да, сўнгра: “Хуш келибсан, солиҳ биродар, солиҳ Набий!” деди.
Кейин у мени тўртинчи осмонга олиб чиқди-да, уни очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун) элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” дейилди ва (эшик) очилди. Идриснинг олдига етиб борганимда, у (Жаброил): “Бу Идрис, унга салом бер”, деди. Мен унга салом бердим, у алик олди-да, сўнгра: “Хуш келибсан, солиҳ биродар, солиҳ Набий!” деди.
Кейин у мени бешинчи осмонга олиб чиқди-да, уни очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун) элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” дейилди ва (эшик) очилди. Етиб боргач, қарасам, Ҳорун турибди. У (Жаброил): “Бу Ҳорун, унга салом бер”, деди. Мен унга салом бердим, у алик олди-да, сўнгра: “Хуш келибсан, солиҳ биродар, солиҳ Набий!” деди.
Кейин у мени олтинчи осмонга олиб чиқди-да, уни очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун) элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” дейилди ва (эшик) очилди. Етиб боргач, қарасам, Мусо турибди. У (Жаброил): “Бу Мусо, унга салом бер”, деди. Мен унга салом бердим, у алик олди-да, сўнгра: “Хуш келибсан, солиҳ биродар, солиҳ Набий!” деди.
Унинг олдидан ўтиб кетишим билан у йиғлашга тушди. Унга: “Нега йиғлаяпсан?” дейилди. У: “Йиғлайман-да, чунки мендан кейин пайғамбар қилиб юборилган ёш йигитнинг умматидан жаннатга кирадиганлар менинг умматимдан кирадиганлардан кўп экан”[8], деди.
Кейин у мени еттинчи осмонга олиб чиқди. Жаброил уни очишларини сўради.
“Ким бу?” дейилди.
“Жаброил”, деди.
“Ёнингда ким бор?” дейилди.
“Муҳаммад”, деди.
“Унга (Меърож учун) элчи юборилганмиди?” дейилди.
“Ҳа”, деди.
“Марҳабо! Қандай гўзал ташриф!” дейилди. Етиб боргач, қарасам, Иброҳим турибди. У (Жаброил): “Бу отанг, унга салом бер”, деди. Унга салом берган эдим, саломга алик олди-да, сўнг: “Хуш келибсан, солиҳ ўғил, солиҳ Набий!” деди.
Кейин менга Сидратул мунтаҳо9 намоён қилинди. Қарасам унинг мевалари Ҳажарнинг10 хумларидек, барглари филнинг қулоғидек экан. У (Жаброил): “Бу – Сидратул мунтаҳо”, деди. Қарасам, тўртта дарё: иккита ботин дарё, иккита зоҳир дарё бор экан. “Булар нима, эй Жаброил?” деган эдим, “Иккита ботини жаннатдаги икки дарёдир. Иккита зоҳири эса Нил ва Фуротдир”11, деди.

Кейин менга Байтул маъмур12 намоён қилинди. Унга ҳар куни етмиш минг фаришта кирар экан. Сўнг менга бир идишда хамр, бир идишда сут, яна бир идишда асал келтирилди. Мен сутни олдим. У (Жаброил): “Мана шу фитратдир, сен ва умматинг ўшандасизлар”13, деди.

Кейин менга ҳар куни эллик маҳал намоз фарз қилинди. Ортимга қайтиб, Мусонинг олдидан ўтдим. У: “Нимага буюрилдинг?” деди. “Ҳар куни эллик маҳал намозга буюрилдим”, дедим. У: “Умматинг ҳар куни эллик маҳал намозга тоқат қила олмайди. Аллоҳга қасамки, мен сендан олдин одамларни (бу борада) синаб кўрганман. Мен Бану Исроилни ўнглашга жуда қаттиқ ҳаракат қилдим. Роббингга қайтиб, У Зотдан умматинг учун енгиллик сўра”, деди.

Қайтиб борган эдим, У Зот ўнтасини кечди. Мусонинг олдига қайтиб келсам, яна ўша гапни айтди. Қайтиб борган эдим, У Зот яна ўнтасини кечди. Мусонинг олдига қайтиб келсам, яна ўша гапни айтди. Қайтиб борган эдим, У Зот яна ўнтасини кечди. Мусонинг олдига қайтиб келсам, яна ўша гапни айтди. Кейин яна қайтиб борган эдим, ҳар куни ўн маҳал намозга буюрилдим. (Мусонинг олдига) қатиб келсам, у яна ўша гапни айтди. Кейин яна қайтиб борган эдим, ҳар куни беш маҳал намозга буюрилдим. Мусонинг олдига қайтиб келсам, у: “Нимага буюрилдинг?” деди. “Ҳар куни беш маҳал намозга буюрилдим”, дедим. У: “Умматинг беш маҳал намозга тоқат қила олмайди. Мен сендан олдин одамларни (бу борада) синаб кўрганман. Мен Бану Исроилни ўнглашга жуда қаттиқ ҳаракат қилдим. Роббингга қайтиб, У Зотдан умматинг учун енгиллик сўра”, деди.

“Роббимдан сўрайвериб уялиб кетдим. Энди мен рози бўламан ва таслим бўламан”, дедим. У ердан ўтишим билан бир нидо қилувчи: “Фарзимни жорий қилдим ва бандаларимга енгиллаштирдим”, деди”14.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“У киши Аллоҳ таолонинг “Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни одамлар учун синов қилдик, холос…”15деган сўзи ҳақида: “У ўнгида кўриш бўлиб, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Байтул Мақдисга сайр қилдирилган кечалари кўрсатилган. “Қуръонда лаънатланган дарахт” – заққум дарахтидир”, деган16.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзимни Ҳижрнинг ёнида кўрдим. Қурайш мендан Исро қилган жойим ҳақида сўрарди. Бас, улар мен аниқ кўрмаган нарсаларим ҳақида сўраб қолдилар. Қийин ҳолга тушиб қолдим. Бундай қийин ҳолга ҳеч қачон тушмаган эдим. Шунда унга қараб туришим учун Аллоҳ уни менгакўрсатди. Нима ҳақида сўрасалар, ўша ҳақда жавоб беравердим.

Батаҳқиқ, ўзимни анбиёлар жамоасида кўрдим. Қарасам, Мусо тик туриб, намоз ўқимоқда. Жисми енгил, жингалаксоч киши экан. Худди Шануанинг эркакларига ўхшайди. Қарасам, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом тик туриб, намоз ўқимоқда. Одамларнинг ичида унга энг ўхшаши Урва ибн Масъуд Сақафийдир. Қарасам, Иброҳим алайҳиссалом тик туриб, намоз ўқимоқда. Одамларнинг ичида унга энг ўхшаши соҳибингиздир(яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари). Шунда намоз вақти бўлиб қолди. Мен уларга имом бўлдим. Намоздан фориғ бўлганимда биров:

«Эй Муҳаммад, манабу Моликдир, дўзахнинг соҳиби. Унга салом бер», деди. Бурилиб унга қараган эдим, аввал у менга салом берди», дедилар». Муслим «Иймон» китобида ривоят қилган17

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Исро ва Меърож орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий йўлбошчи эмас, анбиёлар жамоасининг аъзоси эканларини эълон қилди. У киши баъзи давлат ёки баъзи халқ учун курашадиган бошлиқ эмас, самовий таълимот орқали бутун дунёни икки олам саодатига бошловчи Хотамул анбиё эканларини эълон қилди18.

Шу билан бирга у зотнинг муборак ҳаётларининг бир қисми бўлган бу Исро ва Меърож ҳодисаси ҳам оддий бир инсоний воқеа эмас, балки жамийки пайғамбарлар ва энг улуғ фаришталар иштирок этган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга насиб қилмаган олий мақомларгача чиқиб борган ҳодисадир.

Бу бандда бу мавзуга тегишли баъзи оят ва ҳадислар ва уларнинг қисқача тафсир ва шарҳлари келтирилди. Исро ва Меърож ҳодисасига тегишли оят ва ҳадислар шулардангина иборат эмас. Биз одатга мувофиқ ўзимиздаги бор манбалар орқали бу мавзуни ёритдик.

                                        Тошкент вилояти Зангиота тумани
                                    Рамадан жоме масжиди имоми ноиби
                                    Валиев Сайдакбархон

1 Оламлар сарвари. Мақолалар тўплами. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашрёти, 2008й. 58-бет.

2 Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 155-бет.

3 Алихонтўра Соғуний. Тарихи Муҳаммадий (3-нашр). Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2004й. 97-бет.

4 Ҳатим – синдириш маъносидаги “ҳатм” сўзидан олинган. Аслида Каъбанинг бир тарафи узунроқ бўлган. Кейин қайта қурилганда унинг бир тарафи қисқартирилиб, тўртбурчак шаклига келган. Қисқартирилган тарафига эса асл ҳолидан ишора сифатида пастгина деворча кўтариб қўйилган. Бу тўсиқ билан Каъба оралиғи ҳам Каъбанинг ичи ҳисобланади. Илгари мушриклардан бирортаси қасам ичса, қасамининг боғланганини эълон қилиш учун қўлидаги бирор нарсани ўша тўсиққа отиб синдирар экан. Шунинг учун бу тўсиқ “синдирувчи” маъносида “Ҳатим” деб аталиб қолган экан. Аммо бошқалар: “Бу ерда “ҳатим” сўзи “маҳтум”, яъни синдириб олинган деган маънода, у гўё Каъбадан синдириб, ажратиб олингандек. Шунинг учун бу жойни Ҳатим деб номлашнинг зарари йўқ”, дейишади. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 130-бет.

5 Маълумки, Ислом шариати олтин ва кумуш идишлардан фойдаланишни ҳаром қилган. Бу ерда олтин идишдан фойдаланилганининг боиси эҳтимол бу воқеанинг олтин ва кумуш идишлардан фойдаланиш ҳаром қилинмасдан олдин содир бўлгани учундир ёки бу ҳукмнинг фақат фоний дунёга тааллуқли экани учундир? Чунки, жаннат аҳли бундай идишлардан бемалол фойдаланадилар. Исро кечаси содир бўлган воқеа эса, ғайб ҳодисаларидан бири бўлиб, охират ҳукмларига итоат этади. Қаранг: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Биринчи китоб. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2008й. 693-бет.

6 Буроқ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечаси минган улов. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 161-бет.

7 «У оёқларини кўзи етган жойга ташлайди» деган гап Буроқнинг бениҳоя учқур эканидан дарак беради. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

8 Мусо алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳасад ёки ғайирликдан эмас, ўз умматларига раҳми келганидан, ачинганидан йиғлаганлар. Чунки у дунёда оддий инсонлар ҳам бу каби ёмон хислатлардан холи бўлади. Аллоҳнинг сийлаган бандалари бундай сифатлардан пок бўлиши табиий. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

9Сидратул мунтаҳо – луғатда «Интиҳо дарахти», «чегара дарахти» деган маънони англатади. Ҳадисда таърифланишича, у бутасимон дарахт бўлиб, чавандоз бир неча ўн йил от чоптирса ҳам унинг соясидан чиқа олмайди. Унинг «интиҳо» деб номланишига сабаб, барча махлуқотнинг илми ўша жойгача етади, ундан уёғида нима борлигини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Фаришталар ҳам ундан уёғига ўта олмайдилар. Бу ҳам ғайбга тааллуқли нарсалардан бўлиб, бу ҳақда оят ва ҳадисларда келган маълумотлар билан кифояланиш лозим. Унинг кайфияти ва бошқа жиҳатлари Аллоҳнинг Ўзигагина маълум бўлиб, инсон ақлу идрокидан устундир. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 155-бет.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича “Сидратул мунтаҳо” еттинчи осмондаги Нилуфар исмли дарахт бўлиб, унинг шохлари дуру ёқут ва забаржадлардан иборатдир. Ердан нимаики кўтарилиб чиқса, интиҳоси унга етади. Шунинг учун ҳам “Мунтаҳо” яъни, интиҳосига бориб етадиган жой деб аталади. Қаранг: Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод. Соф исломий ақида. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти.2005й. 59б.

10 Ҳажар – Мадинага яқин шаҳарлардан бири. У ердаги хумлар ҳақида тингловчиларда етарли тасаввур бўлгани учун ҳам мазкур дарахт мевалари уларга ташбеҳ қилинган. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

11 Меърожда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб ажойиботлар кўрсатилган. Жумладан, Сидратул мунтаҳо дарахти остида Нил ва Фурот дарёлари намойиш қилинган. Бу улар айни ўша жойдан оқиб тушади, деган маънода эмас. Аммо уларнинг мазкур мақомда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилиши уларнинг баракали, жаннат анҳорлари каби фазилатли, серманфаат эканини англатади.

Уламолар ҳадисдаги ушбу жумлани бир неча хил изоҳлаганлар. Айримлари бу ерда араб тилига хос бўлган бадиий ифода услуби қўлланилган, деса, бошқалари бу мазкур дарёлар атрофидаги халқларнинг исломга кириб, жаннат аҳлидан бўлишига ишора, дейишган. Нима бўлганда ҳам, бу манзара ғайб хабарларидан бўлиб, ўзига хос услубда кечган. Унинг қандай бўлгани, нима ҳикмати борлиги ёлғиз Аллоҳга маълум. Биз бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитилган хабарларга иймон келтириш билан чекланишимиз тўғри бўлади. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

12 Байтул маъмур – «Обод уй», осмон аҳлининг қибласи. У осмонда, ердаги Каъбанинг қоқ тепасида жойлашган. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

13 Фитрат – туғма, соф табиат. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларининг фитратида дейилиши ислом дини фитрат, яъни соф табиат дини эканини билдиради. Қаранг: Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

14 Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 158-бет.

15 Исро сураси 60-оят.

16 Олтин силсила: 5-жуз: Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Hilol-Nashr” нашриёти. 2014й. 162-бет.

17 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 19-жуз Оламларга раҳмат пайғамбар. Тошкент: “Hilol-Nashr” 2013й. 199-бет.

18 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 19-жуз. Оламларга раҳмат пайғамбар. Тошкент: “Hilol-Nashr” 2013й. 199-бет.