Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИСЛОМИЙ АДОЛАТ

ИСЛОМИЙ АДОЛАТ

Аскарларнинг отларига қаровчи, ғоятда тавозели бир кимса бўлиб, уни «Лоҳурий» (Лоҳур – Ҳиндистон шаҳарларидан бири. Лоҳурий – лоҳурлик кимса), деб аташар эди. Мазкур кимса, ўша жойнинг бошлиғи (оқсоқоли) учун ҳурматли ва қадрли бўлган Иноятуллоҳхон исмли бир киши билан тортишиб қолди. Иноятуллоҳхон қаттиқ ғазабдан ўзини тута олмай, Лоҳурийни бир уриб юборди. Лоҳурий мушт зарбидан ерга ағанаб, алам билан типирчилай бошлади.

Ушбу хабар қавмнинг бошлиғига етгач, Иноятуллоҳхонга қаттиқ таъна қилиб, шундай деди:

– Менимча, бу ишга мен билан таниш эканинг, ҳурмат ва қадрли бўлганинг сабабли журъат қилгансан шекилли. Билиб қўй, сен ва Лоҳурий мен учун бир ҳил мартабадасиз. Бирингизни бошқангиздан сира ҳам ортиқча жойи йўқ. Инсонлар бу ерга динлари сабабли жам бўлишган.

Сўнгра ишни аскарлар қозисига ҳавола қилиб, унга:

– Бу иш ҳукмида Аллоҳдан қўрқ. Таниш билишликдан сақлан. Аллоҳ не ҳукм қилган бўлса, ўшани ҳукм қил. Хоинлар ёнини олувчи бўлма, – деди.

Иш аниқ бўлгач, ҳукми ҳам аниқ бўлади.

Лоҳурий уни урган кимсадан ҳудди ўшандай уриб, қасос оладиган бўлди.

Жам бўлган одамлар эса, буни оқибати ёмон бўлишидан хавфсираб қолишиб, Лоҳурийни бу фикридан қайтармоқчи бўлишди. Аллоҳ учун уни кечириб юборишини истаб, унга:

– Агар биродарингни авф қилиб, ҳаққингдан кечсанг, бу ишинг Аллоҳ наздида улуғ иш бўлар эди-да, ахир Қуръони каримда:

«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким афв этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зот золимларни севмас», деб марҳамат қилинган. (Шўро сураси, 40-оят).

Агар ҳаққингни оладиган бўлсанг, иккалангиз ҳам баробар бўлиб қоласиз ва ажр-у шукрга лойиқ бўлмай қоласан, – деб айтишди.

Лоҳурий эса хотиржамлик билан:

– Агар ҳаққимни олиб, биродаримдан қасос оладиган бўлсам, гуноҳкор бўламанми? – деди.

Улар:

– Йўқ, гуноҳкор бўлмайсан. Зотан, Аллоҳ таоло:

«Албатта, ким ўзига бўлган зулмдан кейин нусрат қозонса, бас, ундайларни (айблашга) ҳеч йўл йўқ»(Шўро сураси, 41-оят), деб марҳамат қилган, – дейишди..

Лоҳурий:

– Ундай бўлса, ҳаққимни олиб, биродаримдан қасос оламан, – деди.

Ушбу сўзлардан кейин одамлар унинг кечиришидан бутунлай умидини узишди.

Қози Иноятуллоҳхонни Лоҳурий олдига келтириб:

– Бу киши сени қандай урган бўлса, худди ўшандай уриб, қасосингни ол! – деди.

Лоҳурий қозига:

– Бу киши мени қандай урган бўлса, худди шундай уриб қасос олиш менинг ҳаққим бўладими? – деб сўраган эди, у:

– Ҳа, – деди.

Ҳозир бўлган жамоат унинг бу гапидан изтиробга тушиб, Лоҳурий Иноятуллоҳхонни қаттиқ уришини кутиб туришарди.

Шунда Лоҳурий жамоатга қараб:

– Эй одамлар, гувоҳ бўлинглар-ки, қози менга ҳаққимни олиб бериб, мени урган кишини олдимга келтириб қўйди. Мен ҳозир уни қаттиқ уришим мумкин, бу ишдан мени тўсувчи биронта тўсиқ йўқ ва бирон кимсадан бу ишни қилишдан қўрқмайман ҳам. Лекин, сизлар гувоҳ бўлинглар-ки, мен Аллоҳ  розилигини истаб, савобидан умидвор бўлиб, ушбу қасосдан кечдим, биродаримни авф қилдим, – деди.

Сўнгра, Иноятуллоҳхон олдига келиб, уни бағрига босди.

Одамлар енгил нафас олишиб, ҳурсандчилик билан, «Аллоҳ сени ёрлақасин, эй Лоҳурий! Ҳақиқий мусулмон эрлар ишини қилдинг!» – дейишарди.

Азизлар, ушбу воқеани бир мушоҳада қилиб кўрайлик.

Ҳиндистонлик икки инсон тортишиб қолган экан. Бири отбоқар, иккинчиси эса қавм бошлиғининг ҳурматли ва қадрли дўстларидан бири. Отбоқар ўша ерлик эмас, бошқа шаҳардан. Инсончилик-да, икки тараф тортишиб қолишса, ғазаб отига минилади. Қонлар гупириб, томирлар бўртиб кетади. Кўпинча шу ҳолатларда ўзини тута олмаслик сабабли, кейин пушаймон бўлинадиган ишлар бўлиб қолади.

Отбоқар ва бир жойнинг энг каттасининг яқин таниши ва дўсти тортишиб қолишиб, ўша ҳурматли одам, отбоқарни уриб, жароҳат етказиб қўйди.

Бу хабарни эшитган қавм бошлиғи дўсти ва қадрдонига дашном бериб, ўзининг асл эътиқодини маълум қилди. Унинг учун барча инсонлар баробарлиги, бир биридан ортиқ эмаслиги, таниш билишлик  кетмаслигини айтиб, “Мени қадрдоним бўлганинг сабабли, жазодан қутилиб қоламан деб ўйлаётган бўлсанг, чучварани хом санабсан. Шариат нени ҳукм қилса, ўша бўлади. Мен асло ўртага тушмайман”, деб айтди.

Шундай қолдирса, қози унинг дўстига енгиллик қилиши, дўсти эса жазодан қутилиб қолиши мумкин эди. Қозига ҳам Аллоҳдан қўрқиши, таниш-билиш қилмаслиги, қиёматда нотўғри ҳукм учун жавоб беришлигини эслатиб қўйди.

Мана шу – Исломий адолатдир! Мана шу аслида бизда бўлиши лозим бўлган сифатдир! Мусулмонлар аслида мана шундай бўлади!

Қози ҳукмни маълум қилиб, урган кимса қандай урган бўлса, мазлум ҳам шу тариқада уриб қасос олишини айтгач, ўша ерлик одамлар хавотирга тушиб қолишди. Отбоқар олдига келиб, эй барака топкур, бу одам ҳурматли ва яхши инсон. Бир марта ўзини тута олмай қолганига шунчами, саховатли ва қадрли инсонни кечира қолсанг бўлмайдими? Кечирсанг, Аллоҳ оятига амал қилган бўласан-ку, дейишганида, у киши, “Агар кечирмасдан қасос олсам, гуноҳкор бўламанми?” – деб сўради. Қавм ҳам бу унинг ихтиёри эканини айтгач, “Ундай бўлса аралашманглар, қасос оламан”, – деди.

Мана бу ҳам Исломий адолатнинг кўринишларидан бири. Туб аҳоли, кўпчилик бошқа шаҳарлик бир инсон ўз ҳаққини талаб қилганида, ҳукмга бўйсунишмоқда.

Иноятуллоҳхондек қадрлик инсон, шариат хилофини қилиб қўйганидан пушаймон ҳолатда, ҳукмга рози бўлиб, биронта эътироз билдирмай,  ижросини кутиб тургани унинг кимлигига далолат қилиб турибди.

Буни – Исломий адолат дейилади! Мана шу – шариатга бўйсунишдир!

Лоҳурлик кимса ҳам мард экан. Ҳақиқий мусулмон экан. Вазиятдан унумли фойдаланиб қолиб, аввал бу ишни қилиши унинг ҳаққи экани, қасос олиб Иноятуллоҳхонни уриб жароҳатласа гуноҳкор бўлмаслиги, бу шариат ҳукми бўлиши, бунга бирон ман қилувчи кимса ва  бирон тўсиқ йўқлигини айтиб, сўнгра, Аллоҳ ризоси учун биродарини авф қилгани, қасосидан кечиб юборганини айтмоқда. Кейин эса уни уриб жароҳат етказган, пушаймон ва қўрқувда турган инсонни бағрига босиб, қўлини сиқиб қўймоқда.

Мана шу –  Қуръон ва Суннатга бўлган муҳаббат самараси бўлади. Оят ва ҳадисларда зикр қилинган,  жазолашга қодир бўла туриб, кечириб юбориш фазилатига эга бўлиш ҳисобланади.

Ушбу қисқагина воқеада мусулмонлар аслида қандай бўлиши, бошлиқ, қози, қавм, золим ва мазлум ўзларини қандай тутиши лозимлиги маълум қилиниб, бунда биз  ва фарзандларимиз учун катта ибрат бордир.

Аллоҳ таоло аллома Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳни Ўз раҳматига олсин!

Бизларни ҳам Ислом шариатига, Қуръон ва Суннатга мустаҳкам амал қиладиган бандалардан қилиб қўйсин!

Фарзандларимизни Ўзига муқарраб солиҳлардан бўлишини насиб айласин!

Аллома Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳнинг
«Қисасун минат тарихил Исламиййи лил атфол» китоби
асосида Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ тайёрлади