Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Исломда вақф масаласи

Исломда вақф масаласи

Ўзининг адолати билан бандалари орасини ислоҳ қилган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин. Ислом шариатини инсониятга мукаммал тарзда етказган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловатлар бўлсин. Аллоҳ Таолонинг марҳамати туфайли ва уламоларнинг илм йўлидаги хизматлари сабаб бўлиб  халқимизнинг диний маърифати ошиб бормоқда.  Одамлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишмоқда. Бир сўз билан айтганда, яхши ўзгаришларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо ҳали ҳам орамизда шариат билимларидан бехабар бўлган, ўз билганича иш кўраётганлар ҳам йўқ эмас.  

Охирги вақтларда инсонлар томонидан ўзиники бўлмаган жойларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Баъзан эса корхоналар томонидан ҳам умумхалқ фойдаланадиган йўлларни беркитиб олиш ҳолатлари  бор. Машҳур ҳажвияларнинг бирида дўпписи тушган жойдан яна юз қадам ўлчашни буюрган отахон ҳажв қилинади. Ўша ҳажвияда гўёки бир отахон танқид қилингандай бўлади, аслида эса, бунинг замирида бизнинг бошқа инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига бўлган муносабати кўрсатиб берилган. Кўп ҳолларда манфаат илинжида Ислом шариати белгилаган мезонлар бузилади ва кишилар ҳаққи поймол қилинади. Бу мезонлар баъзан бир инсоннинг ҳаққи билан боғлиқ бўлса, бошқа ҳолатларда умумхалқ мулки ҳам бўлади. Бунинг сабаби эса диний саводимиз йўқлигида ёки унга амал қилмаслигимиздадир.

Буюк ҳалифалардан бири Умар розияллоҳу анҳу “Бозорларимизда динимизни билганлар савдо қилсинлар”, дегандилар. Бу  сўзларнинг замирида ҳар бир мусулмон борки зарурий диний масалаларни билишлиги маълум бўлади. Ана шундай масалалардан бири “Вақф” мулклари масаласидир.  Ислом динида умумхалқ фойдаланиб турадиган йўллар, бинолар, кўприклар, қудуқ ва ариқлар, боғ-роғлар, далалар ва ҳоказо мулклар “Вақф” мулки ҳисобланади. Уларни ўзбошимчалик қилиб эгаллаб олишлик, асл эгаси бўлган халқнинг фойдаланишига тўсқинлик қилиш бировнинг ҳаққини ейиш ҳисобланади. Бу иш ҳаром амалдир. Аксинча, унга эътиборли бўлиш лозим. Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (29-оят). 

Ота-боболаримиз “Вақф” мулкига жуда ҳам эътиборли бўлишган ва катта эҳтимом билан қараганлар. Уни йўқ бўлиб кетишдан ёки бировнинг мулкига айланишидан сақлаганлар. “Вақф” сифатидаги мулк бошқа мулклар сингари тасарруф қилинмайди. У барча ҳамон ва маконларда келажак авлод учун сақлаб борилади. Ундан маййитлар ҳам баҳраманд бўладилар.  

Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”. Ўтмишда инсонлар ўзларининг турли мулкларини “Вақф” ихтиёрига топширганлар. Масалан, масжид, бино, экинзор каби кўчмас мулкларни, илмий асарларни ёки уй-рўзғор анжомларини “Вақф” сифатида қолдирганлар.  

Жобир розияллоҳу анҳу ўз сўзларида: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан қодир бўлганлари борки, албатта, вақф қилган”, – деганлар. Бугун эса баъзи нодон кишилар буни аксини қилиб, одамлар юрадиган кўчаларга турли тўсиқлар ўрнатмоқдалар, йўлларни торайтирмоқдалар ёки умуман беркитиб олмоқдалар. Бу иш билан ўзгаларнинг ҳақларини суиистемол қилмоқдалар. Ҳаттоки қадимдан масжидларнинг ҳудуди бўлган ерларни ўзиники қилиб олганлар ҳам топилади. Бу ҳол ҳали бизда диний саводнинг жуда пастлигини ва мол-дунёга жуда ўчлигимизни кўрсатади. Натижада Аллоҳ Таоло белгилаган мезонлар қўпол равишда бузилмоқда.

Аллоҳ Таоло ўзининг муборак Каломида марҳамат қилади: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар” (Залзала сураси, 7-оят). Ушбу оят кишини ўзгалар мулки хусусида аҳамиятли бўлишга чорлайди. Ҳар бир амал жазосиз қолмаслигини англатади. Айни дамда ўзаро ҳақларимиз борасида эътиборли бўлайлик.

Ангрен шаҳар “Қорабошбой” жоме масжиди

имом-хатиби Иманов Иброҳим