Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Исломда никоҳ тўйи

Исломда никоҳ тўйи

Ҳар бир миллатнинг ўзига хос урф-одати, турмуш тарзи мавжуд. Ҳар бир урф-одат авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолади ёки ўзга бир миллатдан ўзлаштирилган бўлади. Тўй ҳам шундай урф-одатлардан бири бўлиб, унда бўладиган баъзи бир қўштирноқ ичидаги одатларни “миллий мерос”, деб халқимиз томонидан асраб-авайланиши ачинарли ҳол.

Бегона эркак ва аёлни бир-бирига ҳалол қилувчи никоҳнинг эълони сабабли бериладиган зиёфат тўй, деб номланади. Никоҳ тўйи суннат амал. Чунки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя онамизга уйланганларида ширин таом ва хурмо билан, Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида эса, қўй сўйиб тўй қилиб берганлари бир неча ҳадисларда баён қилинган.    Юқоридаги фикримизга далил тарзида қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин.
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳога совчи қўйишини маслаҳат беришди. У киши Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, нима дейишни билмай, ерга қараб ўтирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Алининг бир ҳожати борлигини, уни айтишга журъат қила олмаётганини дарҳол сездилар-да, xижолатчиликни кўтариш учун, “Али ибн Абу Толибнинг қандай ҳожати бор?”, дедилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу: “Фотимага совчи бўлиб келгандим”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир ботмайдиган қилиб, “Маҳр беришга нимангиз бор?”, дедилар. “Ҳеч нарсам йўқ, эй Аллоҳнинг Расули”, деди Али розияллоҳу анҳу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳутамия совутингиз қани?”, деб сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: “Ўзимда”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Ўшани олиб келинг!”, дедилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу совутни олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сотиб келинга сеп қилишга буюрдилар.
Никоҳ ўқилган куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али розияллоҳу анҳуга: “Келинга бир тўй ҳам қилиб бериш керак”, дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: “Менда қўй бор”, дедилар. Бир гуруҳ ансорийлар жўхори йиғиб келишди. Шу нарсалар билан тўй зиёфати ўтказилди.
Муҳтарам азизлар! Келинг, биз ҳам тўйларимизга бир назар солсак. Тўйларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганларидек бўляптими? Тўй Аллоҳ таолога тоатнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шунинг учун уни суннатга мувофиқ қилиш лозим. Тўй ҳаром ва исрофлардан холи бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оиладан солиҳ-солиҳа фарзандлар дунёга келади. Бундай фарзандлар ҳар бир миллату элат, эл-юрт ва жамиятни ривожига, равнақига ҳар соҳада ўз ҳиссасини қўшадиган мўмин-мусулмон фарзандлар бўлиб етишадилар.

Баҳриддин Жўрабек ўғли