Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Исломда бировга ҳам, ўзига ҳам зарар бериш йўқ

Исломда бировга ҳам, ўзига ҳам зарар бериш йўқ

Ислом динининг бош шиорларидан (яъни, талабларидан) яна бири, зарардан ўзини олиб қочишдир. Муслим ва мўъмин одам, асло бировга зарар бермаслиги керак, ўзини ҳам таҳликага қўймаслиги лозим. Бировга зарар етказиш катта гуноҳ, аммо ўзини таҳликага қўйиш ундан ҳам катта гуноҳдир.

Қуръони каримнинг Бақара сураси 195-оятида шундай буйруқ бор: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг».

Уламолар, тафсирчилар бу ояти кариманинг кўплаб маъноларини очиб беришган. Шулардан биринчиси: бахиллик қилиб, ўзингизни ва молингизни ҳалокатга дучор этманг. Иккинчи маъноси: ўзингизни ўзингиз ҳалок қилманг (ўлдирманг).

Бу ояти кариманинг яна кўплаб маънолари мавжуддир. Ана шу маънолардан яна бири, одам ўзини турли таҳликали, хавотирли, зарарли ҳодисалардан, ҳатти-ҳаракатлардан, ҳолатлардан, касалликлардан тийиши, сақлашидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор: «Исломда бировни ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш ҳам йўқ, ўзини ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ».

Ҳадиснинг маъноси ҳам жуда шомил (кенг) бўлиб, ҳар қандай зарарли, таҳликали ҳодиса, иш, ҳатти-ҳаракат, ёки ҳаракатсизлик кабиларни ўз ичига олади.

Ҳар бир банда ўзини ўзи таҳликага, хавотирга қўйиши, ён-атрофдаги салбий ҳодиса ва жараёнларга енгил-елпи ўйлаши-ю, эътиборсиз бўлиши тўғримас.

Бугунги кунда, юртимизда ҳам пандемия, коронавирус қайтадан авж олмоқда. Бу эса, ҳар биримиздан юқоридаги оятга ва хадисга тўлиқ риоя, амал қилишимизни талаб этади.

Хуллас, ҳар биримиз, ўз соғлигимизга эътиборсиз бўлмайлик, ўзимиз ва оила аъзоларимиз тинчлигини, соғлигини таҳликага қўймайлик. Пандемиянинг зарарини, ёйилишини камайтириш, тўхтатиш бўйича ҳукумат, мутахассислар тавсия этаётган талабларга, қоидаларга қатъий риоя этайлик. Ана шунда, юқоридаги ояти каримага ва ҳадиси шарифга риоя этган бўламиз, иншааллоҳ.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, агар биз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам таҳликадан, касалликдан сақлашга интилмасак, бефарқ бўлсак, ояти карима ва ҳадиси шариф талабини бажармаган бўламиз, катта гуноҳларни содир этаётган бўламиз. Аллоҳ барчамизни осийликдан, гуноҳкорликдан, лоқайдликдан сақласин!

Янгийўл тумани «Гулбаҳор» жоме масжиди

имом-хатиби Нуриддин Ҳошимов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan