Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ислом – террорчиликка қарши

Ислом – террорчиликка қарши

Бугун дунёнинг айрим худудлари нотинчликдан азият чекмоқда, минглаб, миллионлаб одамлар қўпорувчилик ва терроризм балоларидан жабр кўрмоқда. Энг ачинарлиси айрим кимсалар ўз манфур ишларини дин ниқоби остида амалга оширмоқда. Бироқ онгли инсон буларнинг барчаси аслида динга алоқаси йўқ эканлигини билиши тайин.

Диний шиорлар остида сиёсий ҳокимиятга интилаётган экстремистик ташкилотлар Марказий Осиёдаги ижтимоий-сиёсий вазиятга ўзининг салбий таъсирини ўтказишга уринмоқда. Маълумотларга қараганда бугунги кунда беш юзта атрофида экстремистик ташкилотлар бўлиб, уларнинг 80 % динни ниқоб қилиб олган.

Аслида “ислом” сўзининг моҳиятига эътибор қаратамиз. У “бўйсуниш”, “итоат” маъноларини билдириб, “тинчлик”, “сулҳ” сўзларининг ўзагидан олинган. Яъни бунинг моҳияти, Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган.

Аллоҳ таоло муқаддас китоби – Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюради. Бақара сураси, 205 оятда “Аллоҳ эса бузғунчилик – фасодни севмайди”, дейилади. Мана шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар” дейилган. Ушбу ояти карималарга кўра Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди.

Қолаверса, динимиз таълимотида адолатпарвар бўлишга, раҳм-шафқат кўрсатиш, ҳар бир кишига хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ номусулмон, бундан қатьий назар, барча одамларга эзгулик улашишга, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаш ва ҳимоя қилишга чорланади, бошқаларни ҳам яхшиликка йўллаб, «ер юзида бузғунчилик» қилишдан қайтаришга чақирилади. Тинчлик ва осойишталикка раҳна соладиган хатти-ҳаракатлар, одамлар ўртасида низо чиқариш, ихтилофларга сабаб бўлиш эса фасод иш саналади. Буларнинг кичик кўриниши ҳам Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади.

Бундан ташқари бегуноҳ инсонни ўлдириш бузғунчиликнинг улкан кўриниши ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдлн боштортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32).Демак, бир бегуноҳни ўлдириш билан киши гўё бутун инсониятни ўлдирганга тенг гуноҳ қилган бўлар экан. Энди бир тасаввур қилиб кўринг, ислом динининг асосий манбаси қоралаб турган ишнинг бир неча баробар ортиғини бажариб, яна мусулмонман деб жар солишлари қайси одоб намуналарига жавоб беради. Бу онгли инсоннинг иши эмаслиги бугун кўпчиликка аён бўлиб бормоқда. Бироқ, ҳалигача иродаси бўш ва лоқайд, ишонувчан кимсаларнинг борлигидан дунё азият чекмоқда.Мутлақо аниқ ва равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир ҳамда уларнинг қилмишлари динда фақат ва фақат қораланади. Ислом манбалари гувоҳлик берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига бутунлай зиддир, бирорта мусулмон кишига ана шундай жиноят содир этишига рухсат берилмайди. Қолаверса, мўминнинг вазифаси адашган инсонларга тўғри йўл кўрсатиш, зарарли ғоялардан огоҳлантиришдир.

Ўтган асрнинг адибларидан бири Фитратнинг ушбу таъсирли сўзлари билан мақоламизни якунламоқчимиз: Одамлар қайси дин, қайси қавм, қайси миллатда бўлмасинлар, бир отанинг фарзандлари, бир жинснинг авлодлари, бошқача қилиб айтсак, бир‑бирларига биродардирлар.Шундай экан, бир‑бирларига шарт қўймай, муҳаббатли ва шафқатли бўлишлари керак. Яъни ўрталарида “умумий биродарлик”ни барпо этишлари керак”.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Оллоёр Юсупов