Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ислом террор диними?

Ислом террор диними?

Ҳозирги янгиликларни эшитиб, киши ғамга ботади. Бир неча кун ичида Москвада, Мисрда, Швецарияда терактлар содир бўлди.

Энг аламлиси бу терактларни мусулмонлар амалга оширган. Дард устига чипқондай уларнинг аксарияти Марказий Осиё фуқароларидир. Унинг устига бу ишларни қилаётганлар бу ишларни диннинг номидан қилаётганини фахр билан айтаётгани бутун мусулмон оламини ларзага солмоқда. Наҳот шундай бўлса? Ислом дини инсонларни мана шундай қабиҳ ишларга буюрса? Бунинг натижасида, кундан кун бошқа диндагиларни исломга нисбатан қўрқуви ва нафрати ошиб бормоқда. Аслида ислом дини террорчиликка, кишилар ҳаётига тажовуз қилишга буюрадими? Ислом тарихига назар солсак, бунинг аксини, Набий алайҳиссалом нақадар кечиримли зот эканлигини ва тинчликкка нақадар ҳарис эканларини кўрамиз.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳижратнинг 6-йили 1400 нафар саҳобалари билан умра қилиш учун Мадина шаҳридан  Маккаи мукаррамага йўлга чиқдилар. Макка мушриклари уларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлишди. Орада бир қанча воқеалар содир бўлиб, маккаликлар Суҳайл ибн Амрни сулҳ учун жўнатишди. Мушриклар мусулмонлар учун оғир бўлган бир қанча шартларни қўйишди. Бу шартлар ичида мусулмонлар бу йил умра қилмай кетиб, кейинги йили умра қилишлари шарти ҳам бор эди. Шартлар қанчалар оғир бўлганига қарамай, Пайғамбар алайҳиссалом уларга рози бўлдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тинчликка бўлган жонкуярликларидан эди. Орадан 2 йил ўтиб ўн минг саҳоба билан Набий алайҳиссалом Макка фатҳи томон келардилар. 19 йил мобайнида бир минг беш юз атрофидаги кишилар, тинчлик натижасида эса 2 йилда ўн минг одам мусулмон бўлганди. Бундан ташқари Макка фатҳида Набий алайҳиссалом             13 йил мобайнида ўзларига ва бошқа мусулмонларга озор бериб келган Макка мушрикларини кечирдилар. Бу воқеадан мушриклар ҳайратга тушганди, ҳатто баъзилари энди бизга омонлик йўқ деб қочиб кетишганди. Бу ишларнинг барчаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларга бўлган меҳр шафқатларидан эди.

Замонамиз олимларининг бу борадаги фикрлари ҳам тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини билишимиз мумкин.  Мавританиялик олим Абдуллоҳ ибн Байя шундай дейдилар: “Ислом таълимотига кўра, мусулмон бўлмаганлар билан ўзаро мулоқот ўрнатишнинг асли тинчлик орқалидир. Шунинг учун ҳам барча мусулмонлар тинчликка чақирилган. Жумладан, Бақара сураси 208-оятида: Эй иймон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтонннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир, дейилади.

Шундай экан, ҳар бир мусулмондан тинчликнинг бир учқуни сезилган заҳотиёқ уни қабул қилиши талаб қилинади.

Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ  террорчилар ҳақида бундай дейдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун орамизда юрибдилар, деб ҳаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”

Қуръони каримдаги баъзи сўзлар сонини кўриб чиқсак, маълум бўладики “ас-силм” тинчлик сўзи 140 марта зикр қилинган, “ал-ҳарб” уруш сўзи 6 марта зикр қилинган. Бу далилларнинг барчаси ислом динининг тинчлик дини эканлигини кўрсатади.  Аллоҳ таоло жаннатмакон Юртимизни ҳамиша тинч ва осуда қилсин. Дунёдаги нотинчликлар ва фитналар содир бўлиб турган жойларга ҳам тинчликни барқарор қилсин.

    Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Мўминов Сиёвуш тайёрлади.