Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / ИСЛОМ ТАРИХИДА ҲИЖРИЙ ЙИЛ

ИСЛОМ ТАРИХИДА ҲИЖРИЙ ЙИЛ

1441 ҳижрий йил ҳам ўз поёнига етди ва янги 1442 ҳижрий йил бошланди. Бу сана биз мусулмонлар учун нимаси билан аҳамиятли? Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шундай сўзлари бор: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни сарҳисоб қилинг ва амалларингиз тарозида тортилгунча ўзингиз уларга баҳо беринг”. Демак, вақт ўчлов бирлиги бўлмиш йиллар ўзимизни сарҳисоб қилишимиз, амалларимизга баҳо беришимизда жуда муҳим экан.

Ҳижрий йил қачондан бошланган?

Муҳаррам мусулмон йил ҳисоби бўйича янги йил кириб келганлигини англатади. Ҳижрий йил Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Ясриб(Мадина)га ҳижрат қилган йилларидан бошлаб ҳисобланади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамоасини қандай ташкил этганлар?

Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилишлари билан Исломнинг илк уйи қурилди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги илк Ислом давлатига асос солинди. Илк одимлар ана шу давлатнинг асосларини, пойдеворини қўйиш бўлди.

Мусулмон йил ҳисобига кўра янги йил.

Муҳаррам ойи мусулмон тақвимига кўра биринчи ой ҳисобланади. Бу тўртта ҳаром ойнинг биридир. Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ҳаром ойлар, яъни уришиш ман қилинган, қон тўкиш ҳаром қилинган ойлардир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз! Мушриклар (мазкур тўрт ой асносида) сизларга ёппасига уруш очсалар, (сизлар ҳам) уларга ёппасига уруш очингиз! Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳ тақволилар билан биргадир!” (Тавба сураси 36-оят)

“Сиздан “Шаҳри Ҳаром”да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир. Улар имкон топсалар, то динингиздан қайтармагунларича, сизлар билан жанг қилаверадилар. Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар”” (Бақара сураси 217-оят).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир йил ўн икки ойдан иборат. Шулардан тўрттаси ҳаром (уриш тақиқланган) ойлардир. Учтаси кетма-кет келади. Зул-қаъда, Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойлари ва тўртинчиси Жумод ва Шаъбон орасидаги Музор қабиласининг Ражаб ойидир” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳаррам ойининг фазилати.

Дарҳақиқат, Муҳаррам фазилатли, баракотли ой саналади. У йилнинг биринчи ойи, тўрт ҳаром қилинган ойларнинг биттасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афзалликда Рамазон ойининг рўзасидан кейин Аллоҳнинг ойи Муҳаррам рўзаси туради”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Эътибор беринг-а! Пайғамбаримиз Муҳаррамга – Аллоҳнинг ойи деб сифат бермоқдалар. Бу эса ушбу ойнинг улуғ ва фазилатли ой эканига далолатдир.

Ашуро куни.

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро (арабча “ашара” – ўн) куни деб аталади. Муҳаррам ойи мусулмонлар учун фазилатли эканини юқоридаги ҳадисдан англадик. Муҳаррам ойининг энг қадрли куни Ашуро кунидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил(гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан”, дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган).

Ашуро куни рўзаси қандай тутилади?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганида яҳудларни Ашуро куни рўза тутаётган ҳолда топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: “Нима учун бу кунда рўза тутяпсизлар?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмига нажот берган, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган, Мусо алайҳиссалом шукр қилиб, рўза тутган улуғ кун, биз ҳам бу кунда рўза тутамиз”, – деб жавоб беришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз Мусо алайҳиссаломга сизлардан кўра ҳақлироқмиз”, – дедилар ва шу кунда рўза тутдилар, умматини рўза тутишга буюрдилар” (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунида рўза тутиб ва бунга буюрганларида саҳобалар айтдилар: “Бу яҳуд ва насоролар улуғлайдиган кун”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инша Аллоҳ келаси йил бўлса тўққизинчи кунни хам тутамиз”, – дедилар. Келаси йил келмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар” (Имом Муслим ривояти).

Демак, Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига бир кун қўшиб рўза тутмоқ суннатдир.

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме

масжиди имом-хатиби А.Саиджахонов