Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ислом танбалликни қоралайди

Ислом танбалликни қоралайди

Динимиз пешона тери билан топилган мол-мулк қўлга киритилган нарсаларнинг энг яхшиси ва ёқимлиси эканини таъкидлаш баробарида ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатлар гирдобига тушиб қолишдан огоҳлантириб, бу каби зарарли одатларни қаттиқ танқид остига олади.

Дангасалик, ишёқмаслик эса, аввало инсоннинг ўзига, ундан кейин бошқаларга ҳам зарар етказади. Дангаса одам ҳаётда кўп нарсага эришолмайди. Ваҳоланки, бу ҳаёт доимий ҳаракатда, ўзгариш ва янгиланинишда бўлиб, бир босқичда тўхтаб, қотиб турмайдиган жараёндир. Маълумки, ҳар бир оиланинг ўзига яраша кам-кўстлари, эҳтиёжлари бўлади, фарзандлар ўсиб-улғайиб оёққа тургунига қадар уларнинг таъминоти билан шуғулланиш керак. Лекин оила бошлиғи танбал ва ишёқмас бўлса, ортиб борувчи эҳтиёжлар охир-оқибат уни боши берк кўчага олиб киради. Нихоят, танбал одам тиланчилик қилишга, ғурурини топтаб, ҳаммадан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Ялқовлик унга дунё ва охиратда хорлик келтиради

Дангасалик иллати қайси халқда илдиз отса, албатта, уни заифлаштиради, тараққиёт карвонидан ортда қолдиради ва вайрон қилади. Бу касаллик қайси шахсга етса, уни хор қилади, обрўсидан айиради. Одамлари танбал, дангаса бўлган, илму фан ривожланмаган, қонун топталган юрт умуман ривож топмайди. Халқи ўзгаларга қарам бўлади, душманлари бундай юртни истаганча топтайдилар, талайдилар. Натижада халқ улкан моддий ва маънавий зарар кўради. Шу боис ҳам маърифатчи улуғларимиздан Мунаввар қори бундан юз йил олдин бундай ёзганлар:

Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб сендан иш кутадир.
Сендан кўргач ишсизликни, ҳасрат чекиб қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни,
Айт ёвингга сўнг сўзингни.
Ёвинг кимдир, биласанми, нодонликдир, ялқовликдир.
Ёвга қарши курашмаслик, қўрқоқликдир, анқовликдир.

 

 

                                                                   Олмалиқ шаҳар бош имомхатиби

                                                                              Ҳусниддин Ортиқов