Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Ислом шариати ўзидан илгаригиларга жомеъ (Имом Раббоний мактуботлари)

Ислом шариати ўзидан илгаригиларга жомеъ (Имом Раббоний мактуботлари)

79 – МАКТУБ

Жабборийхонга “Ушбу равшан шариат, барча  ўтган шариатларга жомеъ (жам қилувчи) экани ва ушбу шариатга мувофиқ амал қилиш, барча  ўтган шариатларга мувофиқ  амал қилиш эканлиги ва мана шунга муносиб нарсалар” баёнида юборилди.

Ҳақ субҳанаҳу сизларни  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатлари йўлида собитқадамлик ва истиқомат насиб қилиб, Ўзининг пок даргоҳига мукаммал тарзда мутаважжиҳ (юзланувчи) қилсин.

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча исмлар ва  сифатлар камолотига жомеъ(жам қилувчи)дирлар. Ва барча анбиёларга  эътидол тарзда мазҳардурлар. У зотга нозил бўлган китоб анбиё алайҳимуссаломларга нозил бўлган барча самовий китобларнинг хулосаси ва жамловчисидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган шариат, барча аввалги шариатларнинг хулосаси ва қаймоғидир. Ҳақ бўлмиш ушбу шариатга мувофиқ бўлган амалларнинг барчаси, аввалги шариатларнинг амалларидан мунтаҳаб(танлаб олинган)дир. Балки фаришталар алайҳимуссаломлар амалларидан ҳам мунтаҳабдир. Зеро, фаришталарнинг баъзилари қиёмга, баъзилари рукуъга ва яна баъзилари эса саждага буюрилгандир. Ўтган умматларнинг баъзилари субҳ намозига, яна баъзилари эса бошқа намозларга ҳукм қилинган бўлиб, бас бу шариатда муқарраб фаришталарнинг амаллари ва ўтган умматларнинг амалларининг хулосаси ва умда(энг зўр хисса)си танлаб олиниб, уни бажо қилишга буюрилгандир. Мана шу сабабли, ушбу шариатни тасдиқ қилиш ва унга мувофиқ амал қилиш,  ўтган барча шариатларни тасдиқ қилиш ва ўша шариатларга мувофиқ амал қилиш ҳисобланади.

Шубҳа йўқки, ўтган умматларни тасдиқ қилувчи ушбу уммат, барча умматларнинг ҳам энг яхшиси бўлади. Шунингдек, ушбу шариатни ёлғонга чиқариш, ўтган барча шариатларни тасдиқ қилмаслик ва ёлғонга чиқаришдир. Шариат вожибларидан бир амални тарк қилиш, жами шариатлардаги вожиб амални тарк қилиш бўлади. Шунингдек,  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилиш, барча асмои сифатларнинг камолотини инкор қилиш, тасдиқ қилиш эса, барчасини тасдиқ қилишдир. У зотни инкор қилувчи  ва шариатини ёлғонга чиқарувчи кимса, барча умматларнинг ичидаги энг ёмон кимсадир.

Аллоҳ таолонинг: “Аъробийлар (одатда) куфр ва нифоқда кучлироқ ва Аллоҳнинг Расулига нозил қилган нарсалар ҳудудини билмасликлари аниқроқдир. Аллоҳ (эса) илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси 97-оят), оятида шунга ишора бордир.

Байт:

Муҳаммад арабийки абрўйи ҳар ду сараст,

Касики хоки дараш нест, хок бар сари у.

Маъноси:

Муҳаммад арабий икки олам обрўйидир.

Ким анга душман эрса, боши узра тупроқ сочилур

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, бу шариат соҳиби алайҳиссалломга сизнинг ҳусни эътиқодингиз ва ҳусни зонн(яхши гумон)да эканингиз бизга яхши тарзда мушоҳада бўлди. Номуносиб ҳаракот ва афъоллардан сизга доимо надоматлар етди (ёмон иш боис афсусландингиз). Ҳақ таоло мана шу тарздаги ишни зиёда айласин.

Яна бир илтимосим шуки,  дуоси мустажоб зотлардан бўлмиш шайх Миён Мустофо Қози Шурайҳ наслидандирлар.  Бу зотларнинг  аждодлари бу ерга иззат билан келган. Ва уларда маош ва вазифалар кўплиги машҳур бўлган.  Лекин бу киши эса оила таъминоти сабабли аскарликка ёлланди. Сиз сабабли жамият ҳосил қилишидан умидворман. Бунга зиёда қилиш бош оғриқ бўлади.  Садри аъзам ва ишора қилинган кимса ўртасида воситачилик қилингки, токи унинг иши битиб, паришонҳол одамларнинг жамиятига сабабчи бўлсин.

Вассалому вал икром.

«Мактубот». Имом Раббоний Аҳмад Сарҳандий. 1-жилд.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ