Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси

Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси

«Ислом Каримовни эъзозлаш – нафақат вазифамиз,
балки муқаддас инсоний бурчимиздир»

Шавкат Мирзиёев

 

Халқимизнинг миллий маънавиятини муқаддас ислом дини ва унинг асрий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Биринчи Юртбошимиз томонидан истиқлол арафасида ва мустақил тараққиёт йилларида миллий маънавиятимиз билан бирга, унинг ажралмас қисми бўлган муқаддас динимиз ва диний қадриятларимизни тиклаш, ҳар томонлама ривожлантириш масаласига доимий эътибор берилмокда. Мамлакатимизда кейинги 20 йилдан зиёд вақт мобайнида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан диннинг ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятида тутадиган ўрни ва мавқеи аниқ белгиланиб, бу соҳада мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди.

Бу ҳакда сўз борганда юртимизда 1991 йил 14 июнда, ҳали совет мафкураси ҳукмрон бўлиб турган бир пайтда, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини эсга олиш жоиз. Биринчи Юртбошимиз раҳбарлигида муқаддас динимиз ва диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш соҳасида улкан ишлар амалга оширилди, буюк азиз – авлиёларимизнинг бой диний меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, қутлуғ қадам жойларни обод қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва меҳр оқибатини юксалтириш мақсадида «Рамазон ҳайити» ва «Қурбон Ҳайити»нинг биринчи куни дам олиш куни деб эълон қилинди.

Маълумки, Биринчи Президентимизнинг бугунги ва эртанги тараққиётимизнинг энг муҳим стратегик йўналишларига бағишланган асарлари, нутқ ва маърузаларида бой диний меросимиз, буюк азиз-авлиёларимизнинг миллий маънавиятимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ва ҳуқуқий демократик давлатда диний муносабатлар масалалари чуқур ёритиб берилган.

Биринчи Президентимизнинг қуйидаги фикрлари бугунги кунда нафақат диндорлар, балки бутун халқимизнинг қалбига, онгу шуурига сингиб, миллий дунёқарашнинг асосига айланиб кетган, десак муболаға бўлмайди:

«Динга ҳурмат ва эътиқод биз учун ўлмас қадриятдир».

«Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз».

«Ислом дини — бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик».

«Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди».

«Халқимизнинг минг йиллик тарихи, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатини мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда».

Азим Тошкент шаҳри марказидаги Ҳазрати Имом мажмуасини бутунлай қайта қуришда юртимизнинг машҳур уста ва меъморлари, қурувчи ва лойиҳачилар тажрибаларни кенг қўлладилар. Бунда, айниқса, Биринчи Президентимизнинг барча ишларга бевосита раҳбарлик қилиб, зарур кўрсатма ва маслаҳатларни бериб тургани ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Шу тариқа пойтахтимизнинг чиройига чирой бўлиб қўшилган улкан мажмуа қисқа фурсатда юксак сифат ва маҳорат билан бунёд этилди.

Мамлакатимиздаги бундай ўнлаб мажмуалар, жумладан, Амир Темур, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Имом Мотуридий, Хожа Аҳрор Валий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий ва яна бошқа кўплаб улуғ аждодларимизнинг мангу оромгоҳларини обод қилиш, меросларини ўрганиш ва хотираларини абадийлаштириш фикри Биринчи Президентимиз юрагида истиқлолнинг дастлабки кунларидаёқ пайдо бўлгани, шубҳасиз. Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Термиздаги Имом Термизий, Шаҳрисабздаги Дорус-саодат, Қаршидаги Кўкгумбаз, Марғилондаги Пурсиддиқ, Хивадаги Ичан қалъа каби тарихий комплексларни таъмирлаш, янгидан обод қилиш бўйича пухта ўйланган режалар ҳам вақти-соати билан юксак даражада амалга оширилганига бутун халқимиз гувоҳ бўлиб турибди.

Мустақиллик йилларида муқаддас динимизнинг бош китоби бўлмиш Қуръони Карим икки марта ўзбек тилига таржима қилиниб, миллионлаб нусхаларда чоп этилганини жамоатчилигимиз яхши билади.

Ҳақиқатан ҳам, узоқ йиллар давомида топталиб, халқнинг хотираси, қалби ва руҳидан ўчиришга ҳаракат қилинган диний қадриятларни тиклаш инсондан улкан маънавий жасоратни талаб этадиган ўта мураккаб иш. Ўз навбатида, ана шу қадриятларни одамларнинг онгу тафаккурига сингдириш, уларнинг дунёқарашини ўзгартириш бундан ҳам қийин ва машаққатлидир. Бу вазифалар Биринчи Юртбошимиздан фидойилик билан иш олиб боришни тақозо этди. Бу фикрга далил сифатида янги тарихимиздан яна бир мисол:

1991 йилнинг 4 сентябрида, яъни Ўзбекистонимиз мустақил деб эълон қилинганининг тўртинчи кунида, азим пойтахтимиз узра тун ўз пардасини ёйиб, ҳамма учун дам олиш соатлари бошланган бир пайтда Биринчи Президентимиз Алишер Навоий ҳазратларининг 550 йиллик юбилейига тайёргарлик ишлари қандай бораётгани билан танишиш учун буюк мутафаккир бобомиз номидаги Миллий боғ томон йўл олади.

Бу ерда улуғ аждодимизга ўрнатилаётган ҳайкални, боғда амалга оширилаётган қурилиш-ободончилик ишларини диққат билан кўздан кечиради. Мутасадди ва меъморлар, муҳандис ва қурувчилар билан яқиндан суҳбатлашади, бу боғнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти, келгусида унинг сўлим зиёратгоҳ бўлиб қолажаги ва қурилиш ишлари юбилей кунигача тўла бажарилиши зарурлиги ҳақида сўзлайди, тегишли кўрсатма ва маслаҳатлар беради. Шу муносабат билан иш режалари ва ҳайкалнинг очилиш куни қатъий қилиб белгиланади, боғнинг тўққиз ерига тўққизта дошқозон ўрнатилиб, элга наҳор оши тортиладиган бўлади. Суҳбат охирида шундай таклиф тушади:

– Наҳор оши тортишдан олдин бир Қуръон тиловати қилиб юборилса…

Бу таклифдан даврадагиларнинг кўпчилиги бошидан совуқ сув қуйилгандек сесканиб, чўчиб тушади, ногаҳон орқага тисарилганлар ҳам бўлади. Орага бир зум сукут чўкади. Ҳамма Биринчи Президентнинг жавобини кутарди.

Мумкин, – дейди Биринчи Юртбошимиз вазминлик билан. Кейин қатъий қилиб қўшиб қўяди: – Албатта, шундай қилиш керак. Халқимизда арвоҳ хотири деган азалий удум бор. Бу удумимизни қайта тиклаш ва жорий қилиш вақти етди. Миллий турмуш тарзимиз шуни тақозо этади. Алишер Навоийнинг наҳор ошига Тошкентнинг энг кучли қориларидан таклиф қилинглар… Нимадан, кимдан чўчийсизлар, биродарлар! Энди мустақилмиз. Орқага қайтиш йўқ.

Бугунги кунда давлат миқёсида ўтказиладиган хотира  тадбирларида – 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида, буюк азиз-авлиёларимиз, алломаларимизнинг таваллуд саналарида Қуръон тиловат қилиб, элга ош тортиш маросимларини кўрганда, 1991 йилнинг сентябрь ойида Биринчи Президентимиз томонидан билдирилган қатъий муносабат бу эзгу анъаналаримизнинг ҳаётимиздан чуқур жой олиши учун ўзига хос дебоча бўлганини эсда тутишимиз, бу муқаддас удум ва анъаналар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмагани ҳақида эл-юртга, ёш авлодга ҳикоя қилиб беришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бошқа миллий ва диний урф-одатларимизнинг ҳам тикланиши билан боғлиқ бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг барчаси иқтисодий ҳаётимиздаги ютуқ ва марралар қанчалик изчиллик ва қатъият билан босқичма-босқич амалга оширилаётган бўлса, маънавий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш борасидаги амалий ишларимиз ҳам тизимли равишда олиб бораётган узлуксиз ҳаракатларимиз самараси эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Маълумки, динимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас деб улуғланади. Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимизнинг маънавий соҳадаги изчил сиёсати туфайли ана шу тушунча онгу тафаккуримиздан чуқур жой олиб, кундалик ҳаётимиз қоидасига айланди. Ўз вақтида бугунги тинч ҳаёт учун ўз жонини аямасдан курашган, меҳнат қилган инсонлар хотирасини улуғлаш, орамизда яшаб келаётган фахрийларни қадрлаш ва умрини янада мазмунли қилиш мақсадида юртимизда 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинди. Мамлакатимизнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида Хотира майдонлари барпо этилди. Ҳар йили шу айём тонгида Биринчи Юртбошимиз пойтахтимиздаги Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиб, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирарди. Шу билан бирга, уруш ва меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳар бирига ҳурмат-эҳтиром кўрсатарди.

Бундай эзгу одат ва анъаналаримизни диёримизда сталинча қатағон йилларида шаҳид кетган ватандошларимиз хотирасига нисбатан муносабатда ҳам яққол кўриш мумкин. Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида барпо этилган Шаҳидлар хотираси хиёбони ҳудудида Қатағон қурбонлари музейи бор. Бу хиёбон, у ердаги музей ва музейнинг тарихий ва замонавий экспозицияси ҳам айнан давлатимиз раҳбарининг режаси ва лойиҳаси асосида ташкил этилган.

Биринчи Президентимизнинг бу борадаги барча ишларида ҳам муқаддас динимизда улуғланган юксак ғоялар, исломий урф-одат ва анъаналаримиз таъсири яққол сезилиб туради.

Ўзбекистон Республикаси ва унинг Биринчи Президенти истиқлол йилларида минтақамиз ва бутун дунё ҳамжамияти учун жиддий хавф туғдираётган диний экстремизм ва фундаментализмга қарши фаол курашчи сифатида дунёга танилдилар. Давлатимиз биринчи бошлиғининг ҳар бир нутқи, суҳбати, асарлари Ватанимиз ва Халқимизнинг бугуни ва  истиқболи ҳақида мунаввар ташвишлар билан йўғрилгандир.

Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси – Ислом Абдуғаниев Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.

Янгийўл шахар «Жомеъ» жоме масжиди
имом хатиби Одилжон Нарзуллаев