Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ислом дини сабрга чорлайди

Ислом дини сабрга чорлайди

Бугунги кунда инсоният ўз бошидан синовли кунларни ўтказмоқда. Гавжум шаҳарлар кимсасиз, олдинги жўшқин ҳаёт тамомила тин олган, инсонлар бу кунларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлаганча уйларидалар, барчанинг қалби ва тилида битта илтижо: “Илоҳим, касалликни бошимиздан арит, барчамизни ҳифзу ҳимоянгда сақла!”.

Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси дунёни ҳаракатдан тўхтатиб қўйгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Сайёрамиздаги деярли барча давлатга кириб борган бу касаллик, афсуски, бизнинг диёримизни ҳам четлаб ўтмади.

Касалликка қарши курашиш, унинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қатъий карантин қоидалари жорий қилинди. Аҳолидан имкон қадар кўчага чиқмаслик, айниқса, ёши кексаларни кўпроқ авайлаш сўралди. Ва бу нарса ўз самарасини бераётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ушбу синовни, табиийки, кишилар турлича қабул қилмоқда. Кимдир унинг жиддийлигини ҳис қилган ҳолда, каратинга риоя қилиб, гўзал сабр билан уйида ўтирибди. Бундай кишилар, аввало, Аллоҳ таъолонинг “Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз” (Нисо сураси, 59-оят), деган буйруғига итоат қилган бўладилар. Яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари) ҳадисига эргашиш орқали касалликнинг тарқалишига ҳисса қўшмаган ва ўзлари ҳамда оила аъзоларини ҳимоя қилган бўладилар. Бу ишларининг замирида, кўриб турганимиздек, ҳар икки дунёлари учун асқотадиган манфаатлар ётибди.

Яна кимларнидир бепарво кўча кезаётгани, ИИБ ходимлари томонидан уларга нисбатан қўлланилган жарималар ҳақида телевидения ва интернет нашрларидан деярли ҳар куни эшитяпмиз. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда: “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса у ердан чиқманг” (Имом Бухорий ривоят қилган) дея таълим берилади. Бу ислом таълимоти, карантин иборасининг исломий ифодасидир. Шу йўл орқали касаллик жиловланишини тарих бизга бот-бот эслатиб турибди. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадис ҳам: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва у уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади”, дейиш орқали карантиннинг муҳимлигини таъкидламоқда. Бу ҳадис касаллик етган бўлсин, ҳоҳ етмасин, ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги вазиятда эҳтиёткор йўл тутиш билан бирга, ваҳимага берилишдан сақланиш керак. Чунки бу Аллоҳнинг бир синови бўлиб, унинг, албатта, шифосини ҳам бизга ҳадемай етказади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни тушурган бўлса, унинг давосини ҳам тушургандир» (Имом Бухорий), деганлар.

Синовли кунлар барчамизни сабрли бўлишга, уйда ўзимизни ихоталаган ҳолда, касалликнинг кенг тарқалиб кетмаслигига сабабчилардан бўлиб қолмасликка чорлайди.

Айниқса, ушбу Муборак Рамазон ойида ҳар биримиз бу ойни халқимизга маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, эзгулик, меҳр-оқибат, саховат ва неъматларга шукроналик фазилати тўғрисида, ёшларни илм, касб-ҳунар ўрганишига тарғиб этиш, бўш вақтдан унумли ва самарали фойдаланиш, оилавий маросимларда дабдабабозлик ва исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, унинг ўрнига ушбу муқаддас ойда саховат амалларини кўпайтириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, бугунги синовли кунларда ношукрлик, худбинлик ва ваҳима мисол иллатлардан сақланиш, саҳарлик ва ифторликларни хонадонларда оила даврасида камтарона ўтказиш, карантин қоидаларига риоя қилиш ва бу масалада мутасаддилар томонидан берилаётган кўрсатмаларга амал қилиш, заруратсиз уйдан чиқмаслик, озодаликка риоя этиш ҳақида аҳолига, айниқса, ёшларимизга тушунтириб боришимиз керак.

Биз бугун карантин қоидаларига риоя қилмаётганларга ижтимоий тармоқларда ҳар куни такрорланаётган ушбу иборани яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз: “Касаллик юқтирганларнинг сони камайишини истасангиз, улар орасида сиз, оилангиз ва яқинларингиз бўлишини хоҳламасангиз, уйда қолинг! Унутманг: вирусни биз тарқатмасак, у ўз-ўзича тарқай олмайди”.

Қуйи Чирчиқ туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Абдурахманова Назира

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan