Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИСЛОМ БИНОСИГА ФУТУР ЕТКАЗМАЙЛИК

ИСЛОМ БИНОСИГА ФУТУР ЕТКАЗМАЙЛИК

Бино ғиштдан қад кўтаради. Унинг мустаҳкамлиги ғиштларнинг маҳорат билан бир-бирига жипс қилиб терилишига боғлиқ. Мабодо бунга амал қилинмаса, албатта, бу хатолик куни келиб бинога зарар етказиши тайин.

Бу мисолни бежиз келтирмадик. Шу ўринда, Ислом биноси – мўмин-мусулмонларнинг бирдамлиги ҳақидаги баъзи тушунчаларни баён қилмоқчимиз.

Динимизда мўмин-мусулмонлар бир-бирига туғишган ака-укалардек яқинлиги, бир тану бир жон эканлиги ҳақида кўп ва хўб баён қилинган. Қуръони Карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифларда бунга далиллар бор.

Мўмин-мусулмон биродарларнинг бир-биридан юз ўгириши, ишончсизлик билдириши, қарама-қаршилик қилиши, ўзаро ҳурматсизлик билан муомалада бўлиши кескин қораланади. Бу нафақат ташқи жиҳатдан, балки ички дунёга нисбатан ҳам тааллуқлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида мусулмонларни бир қилишга, қалбларини бир-бирларига улфат қилишга қаттиқ уринганлар. Ҳатто Яратган Роббиларига муножат қиладиган жараён – намозда ҳам саф тортиб туришлари, сафлари текис ва жипс ҳолатда бўлиши, ораларда бўш жой қолмаслиги уқтирилади. Бунинг акси эса, қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Сафларингизни тўғриланглар, оралардаги бўш ўринларни тўлдиринглар, сафларингизнинг текис бўлиши – намозларингизнинг мукаммал адо этилишига сабаб бўлади. Сафларда баробар, жипс ҳолда турилиши, ораларда бўш жой қолмаслиги қалбларингизнинг бир-бирига мувофиқ бўлишига сабаб бўлади, акс ҳолда, қалбларингиз бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолади, Аллоҳ таоло юзларингизни қарама-қарши қилиб қўяди”, деган мазмундаги йигирма-ўттизга яқин ҳадислар ворид бўлган.

Сизнинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳат шуки, АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, Аллоҳ таолонинг изни ила юртимиз масжидларида осойишталик, эмин-эркинлик билан жамоат намозлари адо қилиб келинмоқда. Одатда имом-хатибларимиз беш маҳал фарз намозларда сафларнинг текис бўлишига қаттиқ эътибор қаратадилар. Ҳаммамизнинг қувонишимизга сабаб бўлаётган ҳолат, Рамазонда масжидларимизнинг таровеҳ намозларига лиқ тўла бўлаётганлигидир. Лекин масаланинг яна бир тарафи борки, бу инсонни маҳзун қилади. Етарли билимга эга бўлмаган намозхонларимиз фарз, таровеҳ, нафл намозларида сафларга бепарво муносабатда бўлмоқдалар. Жамоат кўплигидан намоз масжид хонақоҳи, ҳовлисида ва баъзан масжиддан ташқарига чиқилган ҳолда адо этилмоқда. Шу ўринда, шахсий кузатувимиздан келиб чиққан ҳолда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Ҳуфтоннинг фарз намозига азон, такбир айтилганда масжид асосий биноси ярмигача тўлади, баъзан 10-15 саф қолиб кетиб, қолганлар масжид ҳовлисидан, ташқаридан жой эгалламоқдалар. Шу тариқа имомга иқтидо қилиб намоз ўқимоқдалар. Бу балки кўпчилигингизга таниш манзарадир-а?

Бунинг сабабини суриштирсангиз, деярли арзирли важ кўрсатилмайди. Кимдир исиб кетганини, кимдир яна бошқа шу каби зарурат даражасида бўлмаган баҳонани айтади.

Муаммо нимада?

Муаммо сафга беэътибор бўлиб, хонақоҳ тўлмасдан ҳовлига чиқиб намоз ўқилаётганида.

Шундай ҳолатда адо қилинган намознинг ҳукми қандай?

Шу мавзудаги уламоларнинг турли фикрларини ўрганиб, хулоса қилган ҳолда, қуйидагиларни айтиш мумкин:

Сафга қаттиқ эътибор қаратишни таъкидлайдиган, сафларга бепарво бўлишдан қайтарадиган ҳадисларнинг кўплигидан уламолар хулоса қилиб: “Сафларнинг жипс бўлиши, унга эътибор қаратиш вожиб бўлади десалар, баъзилари бу ҳадислар вожибликка далолат қилмаса-да, таъкидланган суннат дея, ким сафни бузиб, унга бепарво бўлса, гуноҳкор бўлади, бироқ масжид ичида шундай ҳолат бўлса, намози дуруст бўлаверади”, деганлар.

Масжид ҳовлисини масжиднинг ичи деб олсак, уларнинг намози ҳам макруҳ билан дуруст бўлади. Ана энди масжид ташқарисидагиларнинг намози нима бўляпти?!

Нима бўлганда ҳам имом-хатибларимиз бу ҳолатга кўпроқ эътибор қаратиб, янги намозхонларга саф борасидаги ҳадисларни ўргатишлари, такбир айтилишидан олдин шошилмай сафга эътибор қаратишлари, саф мукаммал бўлгандан кейингина намозга қулоқ қоқишлари лозим бўлади. Шунда намозхонларга имкон қадар шароит қилиб берган бўладилар. Зеро, ҳадиси шарифларда имом-хатиб ўз ортидан эргашган намозхонларга жавобгар эканлиги таъкидланади.   

Имом домлаларимиздан бундай ҳолатга янада кўпроқ эътибор қаратишларини, бепарволикка йўл қўймай, юзлаб намозхонларнинг намози бузилишига тўсқинлик қилишларини илтимос қилардик. Зеро, сафларнинг бузилиши мусулмонларнинг бирдамлигига, Ислом биносига футур етказади, фикр айирмачилиги, ўзаро тотувликнинг бузилиши, бир-бирига қарама-қаршиликни келтириб чиқаради.

Ҳурматли намозхонлар, азиз мўмин-мусулмон биродарлар! Имом домлаларимизни тўғри тушунган ҳолда, уларга кўмакчи бўлайлик. Ичкари иссиқ бўлса ҳам, мушкулотга сабр қилинган ибодатда савобу ажрлар улкан бўлишини умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан-қанча ҳадисларига амал қилайлик ва асосийси, ИСЛОМ БИНОСИ – мусулмонларнинг ҳар томонлама бирдам бўлишининг сабабчисига айланайлик!!!

Бу ҳолат Рамазон бошидан бери бизни ташвишга солиб, қийнаб келаётган эди. Алҳамдулиллаҳ, Яратганнинг амри билан ҳаво анча совиб қолди. Натижада, масжидлардаги сафларимиз ҳам анчагина тартибга келиб қолди. Бу ҳам кишини Аллоҳ таолога ҳамд айтишга илхомлантиради.

Азизлар, доимо бирдам бўлайлик, турли ихтилофларга бархам берайлик, мана шундай оддий кўринса-да, аслида қалбларнинг тарқоқ бўлишига олиб келадиган ҳолатларга бепарволик қилмайлик!

Сўзимиз сўнгида шуни таъкидлашни жоиз деб билдикки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диний кўрсатмаларнинг бирортасини ўзларидан келиб чиқиб айтмаганлар, балки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган ёки илхом орқали айтилган. Сафга бепарволик қалбларнинг тарқоқлигига олиб келади дея марҳамат қилдиларми, демак шундай бўлмай қолмайди.

Сафларимиз тўғри бўлишига интилайликки, қалбларимиз жипслашсин, ўзаро улфат бўлсин, бир-бирига мувофиқ келсин! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин, Рамазондан қалбларимизни бир-бирига улфат, мувофиқ бўлиб чиқишини таъминласин! Ўзи рози бўлмайдиган ҳар қандай ихтилофларга барҳам берсин!!!

ҒИЁСИДДИН ҲАБИБУЛЛОҲ