Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ирим – сиримдан узоқ юринг

Ирим – сиримдан узоқ юринг

Ислом дини муқаддас диндир. Унинг комиллигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Кундан кунга ривожланиб бораётган диёримизда динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз жамият ривожланишида ўз ўрнини топиб бормоқда. Лекин, афсуски, динимизда бўлмаган, урф-одатимизга ҳам тўғри келмайдиган ирим – сиримлар, бидъатлар, хурофотлар хусусида кўплаб мақола ва раддиялар ёзилсада, баъзи ҳудудларимизда шу салбий ҳолатлар ҳамон давом этмоқда.

Биз ирим-сирим деган оддийгина хурофот ишлар баъзида гуноҳи кабира, яъни катта гуноҳ бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Бу халқимизнинг асл ислом динининг туб моҳиятини тушунмаганлигидандир. Биз имом-хатиблар жойларга чиқиб, маҳалла ва гузарларда бу ҳақда одамларга тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Суҳбат асносида бизга тушадиган асосий саволлар: сафар ойида эҳсон қилмаслик, мушукнинг йўлни кесиб ўтиши ва баъзи жойларда дарахтларни муқаддас санаб, унга латта боғлашлик, бахтим очилсин деб қулфларни очишлик каби амаллар ҳақида бўлади.

Динимиз ирим-сиримдан қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадису муборакларида: “Ким бизнинг бу динимизга унда бўлмаган янги нарсани киритса, у рад қилинади”, деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳ бидъатчининг амалини то у бидъатни тарк этмагунича қабул қилмайди”, – деганлар (Ибн Можа).

Баъзи бир тоғли ҳудудларда урфга айланиб улгурган дархтга ип боғлаб, ниманидир ният қилиш айни бидъатдир. Бидъат эса гуноҳ. Гуноҳ қилган ҳолда яна Аллоҳдан сўраш – ўта илмсизликдир. Илмсизлик эса инсонни залолатга бошлайдиган биринчи омиллардандир. Бугунги кунда биз имом-хатиблар ўз ҳудидимизда илмсизликка барҳам бермас эканмиз, ҳеч қачон ислом арконларининг софлигини сақлай олмаймиз. Шундай экан, замон талабидан келиб чиқиб, жойларда инсонлар билан кўпроқ мулоқат қилиб, уларнинг орасига кириб бориб, дардини тинглашимиз, муаммосини ҳал қилишга кўмаклашишимиз ва шу билан бирга, ҳар хил ирим – сирим ва бидъатлардан халос қилмоқлигимиз лозим. Уламолар: “Агар киши минг китобни ўқиса ва барча илмни бутунлай эгалласа, аммо бидъат қиладиган бўлса, агарчи ўз асрининг доноси бўлса ҳам, меҳнати беҳудадир”, – дейишган. Демак, ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни ҳис қилиб, савоб ишларда собитқадам бўлсак, бидъату хурофатларга албатта барҳам берамиз, иншааллоҳ. Ушбу ўринда таниқли шоир домла Отабек Боқонийнинг “ИРИМ” шеъридан парча келтиришликни жоиз деб топдик:

Бидъат йўллар тузоққа,
Қочгин ундан узоққа.
Хурофату иримлар,
Олиб борар дўзахга

Яратган Зот ҳаммамизни ҳидоят йўлида собитқадам айласин. Амин.

Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби
Ҳасан Акбаров