Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Интернет орқали оилалар парокандалиги

Интернет орқали оилалар парокандалиги

Интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди.

Ҳозирги кундаги асосий муаммо интернетдан ким қандай мақсадда фойдаланишида. Ҳозир ёш бола ҳам компьютерни бемалол ишлата олади. Бир қарашда бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқдай. Аммо ҳаддан ошилса, назорат бўшашса, оқибати жуда ёмон бўлади.
Ёшлар кўп ҳолларда интернетдан фақат кўнгилочар восита сифатида фойдаланиши ташвишлидир. Улар эзгу мақсадлар қолиб, мусиқа кўчириш, “йигит ва қиз танишуви” билан овора бўлмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда вақтни беҳуда сарфлаш, ҳеч бир фойдасиз суҳбатлар қуриш исрофдан бошқа нарса эмас. Вақтни исроф қилиш эса гуноҳдир.

Ижтимоий тармоқларни жамият барқарорлигига солаётган энг катта таҳдидларидан яна бири – улардаги мулоқотлар туфайли кўплаб тинч-тотув оилалар барбод бўлиб кетаётганлигидир.

Афсуски, айримлар кўз ўнгида қилиш уят бўлган ишларни сайтга кириб, бемалол амалга оширмоқдалар. Бунинг устига улар сайтда номини ва суратини ўзгартириб, ўзаро танишувларни амалга оширадилар. Кейинчалик улар бир-бирларига яқин инсонлар эканлиги маълум бўлиб, оилалар парокандаликка учрамоқда.

Иллат излаганга иллатдир дунё
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё
Ким неки изласа топар бегумон…
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё..

 

Ушбу ҳикматли сўзлар бугун интернетга ҳам тегишлидир гўё. Чунки интернет икки томонлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин.

Биз ота-оналар, катталарнинг вазифамиз унинг имкониятларини яхшиликка хизмат қилдиришдир. Интернетни чеклаб, ёпиб қўйиш ёки ахборот олишни таъқиқлаш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун ёшларга гўзал тарбия беришимиз керак. Ҳалқимиз хулқ-атвори, миллий қадриятларимиздан мустаҳкам ўрин олган диёнат, поклик, ҳалоллик, одамийлик, ҳаё ва иффат каби кўплаб фазилатларни улар онгига чуқур сингдириб боришимиз лозим.

 

                                                             Янгийўл туман бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Нишонова Ханифахон Собировна