Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Буюк хулқ

بسم ﷲ الرحمن الرحيم

«Беодоблик шундай селки, у обрў ва виқор қасрини қўпориб, идрок бўйнини ҳар хил арқонлар билан боғлаб ташлайди. Оқил кишиларнинг айтишича, одоб риояси шундай сурмаки, унинг гардидан ҳар бир кишига суртса, эътибор кўзининг равшанлиги ҳеч қандай сабаб билан заифлик ва иллатга йўлиқмайди. Замонанинг катта­-кичиклари унинг ҳузурини меҳру муҳаббат базмининг чироғи, деб биладилар. Кундан-кунга иқболининг юлдузи юксакликка кўтарилаверади» (Алишер Навоий).

Ҳар биримиз кунига бир қанча инсонлар билан рўбарў келамиз, муомала қиламиз, суҳбатлашамиз. Агар одобли, маданиятли, хушхулқ, камтар ва ҳалим кишиларнинг суҳбатидан, муомаласидан диллар шод, қалблар масрур бўлса, айрим бадхулқ, дилозор, қўпол кимсаларнинг муносабатларидан, беодоблигидан ранжиймиз, кўнглимиз оғрийди.

Азал-азалдан аждодларимиз ахлоқ-одобга катта аҳамият беришган. Болаларни ёшлигиданоқ чиройли хулқ, шарқона одоб асосида тарбиялашга ҳаракат қилинган. Айниқса инсониятга улуғ ҳидоят ва чексиз саодат олиб келган Ислом динимиз ахлоқ-одоб масаласини олий даражага кўтариб қўйди

Динимиз инсонларни сўзда ҳам, амалда ҳам одобга даъват қилади. Одоб чин ихлос билан қилинган барча ишларнинг безаги бўлганидек, олим илми ва обиднинг ибодати учун ҳам зийнатдир. Одобнинг инсон ва жамият ўртасидаги муносабатларда муҳим ўрни бор.

Одобни англашда Аллоҳ таоло бизларга Қуръони каримни одоблар китоби, Ислом динини одоблар дини, Пайғамбаримизни соллаллоҳу алайҳи васалламни одоблар пайғамбари қилиб юборди.

Зеро, Аллоҳ таоло Моида сурасининг 3-оятида марҳамат қилиб, айтадики:

 الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا

“Мен сизнинг диннингизни мукаммал қилиб бердим, сизга неъматни батамом қилдим, ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон оятлари орқали бундай деган:

 فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ ۖ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ ۖ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ ۖ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

“Аллоҳ берган раҳмат туфайли уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда эди, улар атрофингизда тарқалиб кетар эдилар” (Оли-Имрон сураси, 159-оят). Демак, инсонлар Қуръони Карим ҳукмларига амал қилиб, ахлоқ- одобларини тузатсалар, жамиятда, оилада хушмуомала, меҳрибон, олижаноб бўлсалар, абадий саодатга эришадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Аллоҳ таоло Қалам сурасида марҳамат қиладики:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيم

“Ва албатта улуғ ҳулқ эгасидирсиз” (Қалам сураси 4-оят).

Бу борада олий хулқ соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари юриш-туришда, оилада, жамоат орасида комил хислатлари, юксак одоблари, олий фазилатлари билан намуна кўрсатганлар, умматларини ҳам шунга чақирганлар.

Динимиз барча мўмин-мусулмонларни одобли, хуш хулқли, ширин сўз, ҳилм, камтар, олижаноб бўлишга даъват этади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилардилар.

Имом Муқотил (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Буюк хулқ – Ислом динидир”..

Имом Қатода (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Буюк хулқдан мурод, Аллоҳнинг амрини бажариш ва қайтарганларидан тийилишдир”.

Имом Заҳҳок (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Буюк хулқ – Қуръони Каримда амр этилган хулқлардир”.

Машойихлар айтади: “Муҳаммад (алайҳиссалом)ни кўришни истаган киши Қуръонга қарасин…”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ …

 “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди…” (Нисо сураси, 80-оят). Уламолар “Расулуллоҳ (алайҳиссалом)ни кўришни истаган киши у зотнинг суннатларига амал қилсин…”, дейишган. Зеро, У зот: “Мен улуғ хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар (“Тафсири руҳил баён”).

Аллоҳга ва пайғамбарига муҳаббати бор мўмин, одоб-аҳлоқда ўрнак бўлиши шарт. Исломий одоб барча жабҳаларни қамраб олиши керакки, мўминнинг ибодати зийнат даражасига кўтарилиши лозимлигини, у иймон-эътиқод, ақидага боғлиқ масала эканлигини ёшларимизга тушунтиришимиз зарур.

Юртимиздан етишиб чиққан аждодларимизнинг авлиё, муфассир, муҳаддис, фақиҳ ва бошқа соҳаларнинг етук даражадаги инсонлари бўлишларига сабаб, уларнинг одоб-ахлоқлари эканлиги, барчамизга аён.
Шунинг учун ҳам, юртимиз бежизга “Уламолар ва авлиёлар юрти” деб аталмаса керак.
Аллоҳ таоло юртимиздан келажак авлодлардан ҳам авлиёю муфассирлар, муҳаддису фақиҳлар ва бошқа соҳаларда етук олимлар чиқишини насиб этсин.

 

Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон  Қудратов.