Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Хотира унутилмас, инсон қадри улуғдир

Хотира унутилмас, инсон қадри улуғдир

Маълумки, 9 Май юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида анъанавий тарзда нишонлаб келинади. Ўтганларни ёд этмоқ, борларнинг, хусусан, нуроний отахонлару пиру бадавлат онахонлар, дуогўй мўйсафиду муштипар бувижонларимизнинг қадрига етмоқ биз фарзандларнинг бурчидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан! (Ҳашр сураси, 10-оят)

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар” (Байҳақий ривояти).

Бугун биз тинч ва осойишта замонда яшашимиз учун ота-боболаримиз, юртимизнинг жусур ўғлонлари жон фидо қилган. Шундай экан, уларнинг хотирасини ёд этиш, эҳтиром кўрсатишда ҳар биримиз масъулдирмиз.

Ана шу мақсадда, Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари томонидан Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, ғалабага ҳисса қўшган, шунингдек, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини берган мард ўғлонлар ҳамда кекса нуронию беморларнинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонларига ташриф буюрилиб, совға-саломлар улашилмоқда.
Бу, албатта, уларга кўтаринки руҳ, яхши кайфият ҳадя этмоқда. Шу сабаб юзларида мамнунлик ҳисси, лабларига табассум югурмоқда, қўллари эса самимий ва холис дуоларга очилмоқда.
Кўрсатилаётган эҳтиромнинг гувоҳи бўлиб, нуроний отахону онахонларнинг ҳаёт йўлларига оид ҳикояларини тинглар экансиз, ҳар биримизнинг қалбимиздан, шубҳасиз, “Жасоратлар унутилмайди, хотира абадий қолади”, деган туйғу ўтади.

Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик байрамга боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Зеро, Амр ибн Шуайб отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”, дедилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).