Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Имомлик: лавозимми ёки вазифа?

Имомлик: лавозимми ёки вазифа?

Имом ким?

Ислом динида имомлик инсонларга яхшилик улашувчи ва уларга энг муҳим масалаларда тўғри ечим топиб берувчи дея қадрланади. Аммо, ушбу имомлар деярли барча даврларда одамларнинг маломатларига учраши, ёмонотлиқ бўлиши, ҳар ҳил туҳмат ва фитналарга учраши, оддийроқ қилиб айтилса емаган сомсасига пул тўлаб келиши ҳақиқат. Тўғри, ҳамма соҳада бўлгани каби бу соҳа вакиллари орасида ҳам камчилик нуқсондан холи бўлмаган инсонлар бор. Барча касб соҳасидагилар каби бу соҳа вакиллари орасида баъзида нолойиқлар ҳам учраб туради. Лекин, бугунги кунда бу соҳа вакиллари таъна қилинаётгани ва улар ҳаёти қай тарзда кечмоқда, бу ҳақида ҳам бир яхшилаб тафаккур қилиб кўрилса яхши бўлади.

«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, олдинда турувчи, раҳбарлик қилувчи ва пешво каби маъноларни англатади. 

Имомлик шартлари ҳақида уламоларимиз қуйидагича айтганлар:

1. Ислом. Мусулмон бўлмаган одам имом бўла олмайди.
2. Ақл. Ақлий нуқсонли инсон ҳам  имом бўла олмайди.
3. Балоғатга етганлик. Балоғат ёшига етмаган боланинг имомлиги жоиз эмас.
4. Эркаклик. Аёллар ва хунасалар имом бўли олишмас.
5. Тўла таҳоратли бўлиш. Таҳорати йўқ ёки бирор ерига нажас теккан одам имом бўлиши мумкин эмас.
6. Қироат ва намоз арконларини яхши адо этиш. Қори одам уммийга иқтидо қила олмайди. Намозни тўлиқ ўқишга қодир одам жисмоний ноиложлик туфайли ўтириб ёки бошқа нуқсонли равишда намоз ўқийдиган одамга иқтидо қилиши жоиз эмас. 
7. Масбуқ бўлмаслиги. Бировга иқтидо қилган инсонга бошқа одам 
8. Узрли касал бўлмаслиги. Доимий бурни қонаб турадиган, пешоби оқиб турадиган, ел чиқиб турадиган ва шунга ўхшаш дардларга учраган кишилар имом бўла олмайдилар. Ўзлари каби соҳиби узрларга имомлиги жоиз.

Баъзи уламолар бошқа шартларни ҳам қўшганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат этади:

«Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни баркамол адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик» (Анбиё, 72–73).

Муфассирлар айтишадики, Иброҳим алайҳиссалом кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомликни ато этган. 

Қуръони карим оятларида «имом» яхшиликка бошловчи маъносида қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боис кўп оятларда келтирилган «имом» сўзи расуллар ва пайғамбарларга йўналтирилган. Расуллар ва пайғамбарларнинг табиатида эса фақат ҳидоят, итоат, имон каби фазилатлар бордир.

“Шарҳул умда” китобида  бундай келтирилади: 

Довуд ибн Абу Ҳинддан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига бир кимса келиб: Менга бир амал буюринг, шуни қилайин”, деди. У зот алайҳиссалом: “ Қавмингга имом бўл”, деб айтдилар. У: “Агар бунга иқтидорим етмаса-чи?”, деди.  У зот алайҳиссалом: “Унда қавмингга муаззин бўлақол”, дедилар.
Саид ривояти

Демак, имом агар шариатда рост турса улкан мақомлар топиши, улуғ савобларга эришиши мумкин экан. 

Аввало имомлик тарихига назар соламиз. Биринчи имом Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламдирлар. У зот саҳобийлар розияллоҳу анҳумга имом бўлиб намоз ўқиб берганлар.  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намозга ўтдилар. Намозни адо этиб бўлганларидан кейин бизга юзларини буриб: «Эй, одамлар, албатта, мен сизнинг имомингизман, мендан олдин рукуъ ҳам, сажда ҳам, қиём ҳам, чиқиш ҳам қилманг. Бас, албатта, мен сизларни олдимдан ҳам, ортимдан ҳам кўрурман», дедилар. 
Муттафақун алайҳ.

Иккинчи имом эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолдилар. Дардлари анча оғир эди. Шунда у зот: “Абу Бакрга айтинглар, чиқиб одамларга имомлик қилсин!” деб буюрдилар. Оиша: “(Отамнинг) кўнгли нозик. Агар ўрнингизга ўтса, одамларга имомлик қила олмайди”, деди. Расулуллоҳ алайҳисалом: “Абу Бакрга айтинглар, чиқиб одамларга имомликка ўтсин!” деб таъкидладилар. Оиша яна ўша гапни қайтарди. Шунда у зот: “(Эй Оиша,) Абу Бакрга айт, чиқиб одамлар билан намоз ўқисин! Албатта сизлар Юсуфнинг соҳибаларисиз”, дедилар. Шунда Абу Бакрга хабар келди, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик вақтларида имомликка ўтди”. Бухорий ривояти.

Имомликнинг аввали мана шундай улуғ зотлар билан бошланган. Сўнгра саҳобийлар розияллоҳу анҳум Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи  васаллам кўрсатмаларига кўра имомликка ўтишган. Имомлик вазифаси агар холис адо этилса улкан савобларга эга бўлиши, шунинг билан бирга ўта катта масъулият экани ҳақиқат. 

Бугунги кунда имомларнинг оладиган маоши оила тебратиш ва бирон бир нархи қиммат нарса олиш учун етмайди. Албатта, оила бўлганидан кейин қийматли нарсалар олиниши табиий. Инсонлар фаровон ва бахтли, моддий етишмовчиликсиз яшашни исташади. Бу табиий истак. Нафсул амрни айтсак, яъни, бўладиган гап шуки имомлик фидоийликдир. Ҳам хизмат қиласан, ҳам таъна-ю маломатларга қоласан. Кимдир «имомлар динини сотиб емоқда, йиғинлардан, маросимлардан пул олишади», дейишади. Яна кимдир «булар ҳақиқатни гапиришмайди, сотилган, сарой муллалари», дейди. Яна бошқаси «масжидни еб ётибди», дейди. Ва ҳоказо.

Ёки бўлмасам имом бирон яхшироқ улов ёки уй олиб қолса, ана, булар маросимлардан тушган пулларга, масжид пулларига уй, машина ва ҳоказоларни олишяпти, дейилади. Бошқа ҳамма соҳа вакиллари ўзига тўқ, уй, машина ва ҳоказолар олиши жоиз ва оддий ҳол. Лекин, имом худди шуни олиб қолса балога қолишади. Бу ҳолат асосан бизнинг диёримизда шундай. Инсоф тариқасида айтамизки ҳамма ҳам шундай эмас, ҳавас билан яшайдиган ва имомларга доимий ёрдам қиладиган холис инсонлар ҳам кўплаб топилади.

Сафар юзасидан ўзга юртларда бўлганимизда ўша юрт имомларини яшаш тарзи билан танишиш насиб қилган. Аксар юрт имомлари ўзига тўқ, моддиётда яхши яшашади. Замонавий уйларда ва қувватли маркабларда юришади. Бу ўша юрт аҳолиси учун оддий ҳол. Бизда эса… Кўп ҳолларда буни аксини кўрамиз. Айниқса, шаҳардан йироқроқ, чекка қишлоқлар имомларининг моддий ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас.

Қизиқда, халқимизнинг баъзилари (чеккароқ жойларда эса аксарининг) наздида имомлар камбағал, иложи бўлса машинаси йўқ бўлиши керак. Имом кун бўйи масжидда ўтириши керак, чунки у бунга масъул. 

Тўғри бир неча йиллардан бери масжидлар тизимида ойлик йўлга қўйилган. Ва чеклов йўқ, имом хоҳлаганича ойлик олиши мумкин, фақат бу масжид даромадидан тушган тушум эвазига амалга оширилади. Энг нозик жойи шу ерда: масжидга тушадиган тушум марказий шаҳарларда жуда ҳам яхши бўлгани билан чекка вилоятларда жуда кам. Ҳозир 500 минг сўм ойлик оладиган имомлар кўпчилик. Вақф ташкилотидан ҳам ёрдамлар берилади, аммо масжид ходимларининг маошини тўлиқ ва етарли таъминлашни бу жамғарма ҳам бўйнига олмаган.

Имом Шамсуддин Қўҳистоний раҳимаҳуллоҳ китобларининг муқаддимасида келтирилади: «Подшох мени чақириб атрофингизга олимларни йиғинг, фиқҳга доир китоб ёзинглар. Бошқа нарсалар билан машғул бўлманглар. Олимлар оиласининг барча харажатлари  бизнинг зиммамизда, деди.

Шу зотнинг ҳиммати боис тўрт жилдлик “Жомеъ ур-румуз” китоби ёзилди».

Тўғри, авваллари имомлар масжидда ўтиришган, аммо, илгари имом оиласи таъминоти халқ ёки ўша жойнинг серҳимматлари зиммасида бўлган. Уйи, жойи, оиласи ва моддий харажатларини халқнинг сахий зотлари холис Аллоҳ учун кўтаришган. Имом ҳам доимий масжид ва халқ хизматида ўтирган. Чунки, тирикчилик ташвиши бўлмаган-да!

Ҳозирда буни акси, имом оилавий моддиёти сабаб масжидда доимий бўла олмайди. Чунки оила етишмовчилиги, фарзандлар қарови, ўқитиш, уйлаш ва ҳоказолар сабабли имом ҳам масжид хизмати, ҳам оилавий ташвишлари билан юради. Чунки, масжидда ўтираверса оиласини ким боқади? Ким унга уй қуриб беради, фарзандларни ўқитиш, уларни уйлаш, уй-жой қуриш…

Бу ерда таъна ёки таъма ҳақида эмас оддийгина имомлар ҳаёти ҳақида мулоҳаза қилинмоқда.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига домлаларга хизмати учун ҳақ бериш ҳақида сўралганида “бошқаларга  хизмати учун индамай берасизлар, нега айнан домлалар ҳақида бунақа савол беряпсиз?”, – деб айтган эдилар.

Имом агар етарли моддий таъминотга эга бўлса, умрини дин ишларига, китоб таълифига, мавъизаларга сарф этади. Жуда кўпчилик имомлар ана шундай. Фақатгина тирикчилик ташвишлари ва моддий таъминот етишмовчилиги сабабли асосий ишларидан четланиб, иккинчи даражали ишлар билан машғул бўлишмоқда.

Бу мақолада маросим эвазига ҳақ олиш жоиз ёки жоизмаслиги эмас, имомлар таъминоти яхшиланиши мақсад қилинган. 

Агар имомлардан доимий масжидларда бўлиш, маросимларда доимий қатнашиш талаб қилинадиган бўлса, уларнинг ойликларини кўтариш ёки улар учун бирон бир таъминот манбаси йўлга қўйилиши керак.

Чунки моддий қониқмаган имомдан қавми ҳам қониқмайди, ноўрин миш-ишлар ва гап-сўзлар кўпаяверади. Мақсадимиз – юртимиз имомлари жамиятдаги ўринларини топиб, қавмнинг ҳақиқий маънодаги пешвоси бўлсин.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan