Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Имом Раббоний мактуботлари

Имом Раббоний мактуботлари

33-мактуб

Мулло Ҳожи Муҳаммад Лоҳурийга “Дунё муҳаббатига гирифтор бўлган ва илмни дунё топиш учун васила қилган ноқобил уламолар мазаммати, ҳамда, дунёга рағбатсиз бўлган зоҳид уламолар мадҳи баёни”да юборилди.
Уламоларнинг дунёга қаттиқ муҳаббат қўйишлари, улар чеҳраларига соядир. (Уларнинг илм ва амал сабабли нурафшон бўлиши лозим бўлган юзлари дунё муҳаббатига қаттиқ берилганлари сабабли нурсиз бўлиб қолади). Халойиқ уларнинг илмидан манфаат олаверадилар, лекин уларнинг илмлари ўзлари учун манфаатли бўлмайди. Гарчи шариат ривожи ва миллат қуввати улар ила барпо бўлса ҳам, бундан ўзларига нафъ бўлмайди. Зеро, шариат фожир кишилар билан ҳам барпо бўлавериши маълумдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло бу динни фожир киши ила ҳам қувватли қилаверади”, деб айтганлар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Улар, ҳудди сангипорс (порс тоши) кабидир. Агар бу тошни мис ва темирга теккизилса тиллога айлантиради. Аммо, ўзи эса асл ҳолатида тош бўлиб қолаверади.
Яна улар шам кабидир. Чунки олам шамнинг ёруғлигидан баҳра олиб, манфаат топади, лекин, бундан ўзига сира ҳам фойда бўлмайди.
(Улар одамларга яхшилик қилиш, ҳаромлардан тийилиш ҳақида кўп гапиришади, аммо ўзлари қайтарган амалларга, ўзлари мубтало бўлиб қолишади).
Илмига амал қилмайдиган фожир уламоларнинг илми улар учун зарарлидир ва ўзларига қарши ҳужжат ҳамдир. Қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган инсон илмидан манфаат олмаган олимдир. (Булар беамал, фосиқ, фожир «олимлар»дир. Бугун улар кўплаб ёвузликларни қилишлари мумкин, аммо охиратда сўралишлари шубҳасиздир).
Нега ҳам зарарли бўлмасин? Ҳаққ азза важалла наздида энг азиз ва шарафли нарса илмдир. Дунё эса, Аллоҳ наздида махлуқотларнинг энг залил ва хоридир. Мол-дунё, мансаб ва мартабалардан иборат бўлган залил ва хор дунёни топиш учун, энг азиз ва шарафли илмни васила қилиш, қандай ҳам қабиҳликдир. Ҳаққ азза ва жалланинг азиз қилган нарсасини хор қилиш ва хор қилганини эса иззатли қилиш ниҳоятда пасткашлик ва Ҳаққ субҳанаҳу ва таолога катта қаршиликдир . (Аллоҳ асрасин).
Илм ўргатиш ва фатво бериш мансаб, мол-дунё ва обрў-эътибор топиш каби мақсадлардан холи бўлиб, холис Аллоҳ розилиги учун бўлсагина фойдали бўлади. Бунинг учун эса, дунё топишга муккасидан кетишдан тийилиш ва дунё ва ундаги барча нарсаларга рағбатни йўқотиш керак. Дунё муҳаббатига мубтало бўлган ва дунё топишга гирифтор бўлганлар “дунё” уламолари бўладилар. Булар ноқобил уламолар, халойиқнинг энг ёмони ва диннинг ўғрисидирлар. Ваҳоланки, улар ўзларини “муқтадои дин” (динда пешво) ва халойиқнинг энг яхшиси, деб ҳисоблайдилар.
Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган кунда худди бу дунёда сизларга қасам ичганларидек, Унга ҳам қасам ичадилар. Шу билан бирор нарсага эришамиз, деб ўйлайдилар. Огоҳ бўлинг, улар ёлғончидирлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ فَأَنسَاهُمْ ذِكْرَ اللَّهِ أُوْلَئِكَ حِزْبُ الشَّيْطَانِ أَلَا إِنَّ حِزْبَ الشَّيْطَانِ هُمُ الْخَاسِرُونَ

“Шайтонуларни эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унутдирган. Анна ўшалар, шайтон фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, шайтон фирқаси, ҳа, ўшалар, ютқазувчидирлар”. (Мужодаласураси, 18-19-оятлар).
(Бандани шайтон эгаллаб олишининг аломати шулки, уни сиртини ялтироқ қилиш билан машғул қилиб қўяди. Яхши ейиш, яхши ичимлик ичиш, яхши либослар кийишга уринтириб, Аллоҳнинг неъматларига шукр келтиришдан чалғитади. Тилида ёлғон, бўҳтон ва ғийбатни гапиради-ю, Аллоҳнинг зикрини унутади).
Бир азиз валий зот шайтони лаъинни одамларни йўлдан адаштириш ва иғводан фориғ ҳолда бемалол ўтирганини кўриб, ундан бунинг сирини сўради. Шунда шайтони лаъин: “Бу замондаги ноқобил уламолар ушбу ишларда менга кўмакчи бўлишиб, мени бу ишлардан озод қилишди”, деган экан.
(Бу ноқобил “уламолар” дунёга, мансабга эга бўлиш учун ҳар қандай разилликдан ҳам қайтмайдилар. Туҳмат, ёлғон, фитнава бошқа фасод ишлар улар учун оддий нарса бўлиб, барча қилаётган ишларини тўғри деб билишади).
Дарҳақиқат, бу замондаги шариат ишларидаги барча сусткашликлар-у иккиюзламачиликлар ва дин ва миллат ривожланишидаги барча камчиликлар, мана шу ноқобил уламолар сабабли бўлмоқда.
Тўғри, дунёга берағбат, мансаб ёки мол-дунё ва обрў-эътибор учун илм олмаган уламолар ҳам бор. Улар охират уламолари, Анбиё алайҳимуссаломларнинг ҳақиқий меросхўрлари ва халойиқнинг энг яхшиларидир. Қиёмат кунида Аллоҳ розилиги учун шаҳид бўлганлар қони билан, уларнинг ишлатган сиёҳлари тортилганида сиёҳ палласи оғирроқ келса, ажаб эмас. “Уламолар уйқуси ҳам ибодатдир”, деган гаплар мана шундай инсонлар ҳақида айтилган. Улар шундай зотларки охират жамоли улар наздида гўзалдир. Улар дунё қабиҳлиги ва ёмонликларини чуқур мушоҳада ила билишиб, бақо назари ила боқишади. Улар дунёга муҳаббатни заҳарли ўқдек билишади. Шубҳа йўқки, улар ўзлари учун боқий диёрни ихтиёр этишган ва бу фоний дунёдан ҳам насибадор бўлишган. Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила улар улуғ даражотлар топишади.
Дунё ва ундаги нарсаларни паст санаш ва охиратни ихтиёр қилиш буюк қарордир. Зеро, дунё ва охират икки кундош каби, бирини рози қилсанг, иккинчиси рози бўлмайди. Агар дунёни азиз тутсанг, охират хор бўлади. Аксинча, охиратни азиз тутсанг, дунё хор бўлади. Бу иккисини бирга жамлаш, бир-бирига зид икки нарсани жамлаш кабидир. Агар, иккисини ҳам жам қилолсанг қандай ҳам гўзал бўлар эди!
Дарҳақиқат, баъзи уламолар соф ниятлари ила зоҳиран дунё аҳли ва унга рағбатли кимсаларга ўхшайдилар. Лекин, ҳақиқатда эса дунёга боғланиб қолмасдан, ундан ўзларини фориғ тутадилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:

رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ

“Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар”. (Нур сураси, 37-оят).
Тижорат ва олди-сотдилар уларни Аллоҳнинг зикридан асло тўса олмайди. Айнан мана шу оятда таъкидланган ишлардан беҳожат бўладилар.
Баҳоуддин Нақшбанд қоддасаллоҳу сирраҳу айтади: “Мино бозорида бир  савдогарни кўрдим. У эллик минг динорлик олди-сотди ишларини қилар эди. Аммо, қалби бирон лаҳза ҳам Ҳаққ субҳанаҳу таолодан ғофил бўлгани йўқ”.
Аллоҳ барчаларимизни дунё муҳаббатига мубтало бўлишдан сақласин!

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндийнинг “Мактубот” китобидан
Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси