Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Имом Раббоний мактуботлари–5

Имом Раббоний мактуботлари–5

265– мактуб

Шайх Абдулҳодийга: “Мусулмонлар ҳуқуқларини зое қилмайдиган узлатни ихтиёр қилиш” ва мана шунга муносиб нарсалар баёнида юборилди.

Аллоҳга ҳамд ва У Зотнинг Расули алайҳиссаломга салавотлардан сўнг, азиз биродаримдан баъзи бир ҳолатлар ҳақида ёзилган мактуби етиб келиб, кўп ҳурсандчиликлар етказди.  Аллоҳнинг барча ишларида хайрият бордир.
Узлатни орзу қилибсиз, муборак бўлсин!  (Узлат бир нарсадан четлашиш, узилиш, узоқлашиш демакдир. Яъни, Аллоҳдан тўсадиган нарсалардан ва инсонлардан узоқлашиш). Узлат сиддиқлар орзусидир. Узлатни ихтиёр қилиш қандоқ ҳам яхшидир. Аммо, у сабабли мусулмонлар ҳуқуқлари паймол бўлмаслиги лозим. (Аллоҳ зикрига бутунлай ажралиб чиқиш ҳолати улуғ  руҳий тарбия устозларидан содир бўлган. Улар бу узлат сабабли улуғ даражотлар топишган. Аммо, мусулмоннинг ўз биродарида маълум бўлган ҳақ-ҳуқуқлари борки, уларни тарк қилмаслик лозим).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг бошқа мусулмон устида бешта ҳаққи бор: саломига алик олиш, касал бўлса, бориб кўриш, вафот қилса жанозасида қатнашиш, (таом ёки бошқа нарсага) чақирса бориш, акса уриб “Алҳамдулиллаҳ”,  деса, “Ярҳамукаллоҳ”, деб жавоб бериш”, деб айтдилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
(Имом Раббоний ҳазратлари узлат шартлари баёнида ҳадиси шарифда келган мусулмонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқларига эътиборли бўлиш ҳамда юқоридаги айтилган ҳуқуқларга риоя қилиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Нақшбандия тариқатининг асосий қоидаларидан бири бўлмиш, “Ҳилват дар анжуман”, (анжумандаги ҳилват) одамлар ичида бўла туриб узлат қилиш, уларга аралашиб юриб, азиятларига сабр қилиш ва доимо қалбан зикрда бўлишдир. Яъни, одамлар ичида бўла туриб, қалбан зикруллоҳда қоим бўлиш экани улуғлар тарафидан билдирилган.)
Аммо, чақирилганда боришнинг ўз шартлари бордир. Имом Ғаззолий раҳимҳуллоҳ “Иҳё” да айтадидар: “Бирор жойга чақирилганда ўша жойдаги таомлар шубҳалик ёки шариат ман қилган ҳаром нарсалар  бўлса, у жойга бормаслик жоиз бўлади. Ёки чақирувчи золим, фосиқ, бидъатчи, ёмоликлар эгаси ёки фахр ва мубоҳ ишларга ўта ўч бўлса ҳам бормаслик жоиз бўлади”. “Ширъатул Ислом” да: “Риё учун тайёрланган таомга чақирилганда бориш вожиб бўлмайди”, дейилган. “Муҳит” да эса: “Бир жойда лағв, бемаза қўшиқлар айтилаётган бўлса ёки ҳаром ичимликлар истеъмол қилинаётган бўлса, у жойда ўтириш лозим бўлмайди”. “Мутолибул муъминун” да келтирилишича: “Агар чақирилган жойда шариат ман қилган нарсалар бўлмаса (никоҳ валиймаси бўлса) бориш вожиб бўлади”. Аммо, бу замонда чақирилган жойда бу нарсалар йўқ бўлиши душвордир.   
Узлатни дўстлардан эмас, ағёр (дўст бўлмаган)лардан қилиш лозим.  (Яъни, узлат сабабли дўстлардан узоқлашиш эмас, нотўғри йўлга бошлайдиган ёмон улфатлардан узилиш ва узоқлашиш лозим). Бу тариқат йўлининг кишилари ила суҳбат қилиш  суннати муаккададир.  Хожа Муҳаммад Нақшбанд қуддиса сирруҳ айтадики: “Бизнинг йўлимиз суҳбатдир. Зеро, хилватда шуҳрат бор. Шуҳратда эса офат бордир”.
Бу ердаги суҳбатдан мурод  мухолифлар суҳбати эмас, балки тариқат йўлидагиларнинг ўзаро  суҳбатидир. (Нақшбандия тариқатининг улуғ руҳий тарбия устозлари қоддасалоҳу сирруҳум аввалги улуғ валийларда содир бўлган ғорларга чиқиб ёки ер остига кириб кетиб узлат қилишларини инкор қилмасдан, у зотларга юқори ҳурмат билдиришади. Аммо, узлатни одамлар ичида қилиш лозимлигини уқтиришади. Бу тариқа узлат афзаллигини айтишади).
Касални зиёрат қилиш унга қаровчи инсон бўлса суннатдир. Агар унга қараб турувчи ва парваришловчи киши бўлмаса вожибдир. Чунончи, “Мишкот” ҳошиясида шундайдир.
Жаноза намозларига ҳозир бўлиш, озгина бўлса ҳам унинг ортидан бориш маййитнинг ҳаққи адо бўлиши учун лозимдир.
Намозларни жамоат билан адо қилиш, жумъани  ва хайит намозларини ўқиш ҳам Ислом дини буюрган зарур ишлардандир лардандир.  Иложи борича, бошқа вақтларни ҳам зикруллоҳда ўтказишга уриниш лозим. (Узлат сабабли мана шу ҳуқуқларни тарк қилмасликка эътибор бериш керак).
Аввало, ниятни тўғирлаб олиш лозим. Узлатдан шариат ман қилмаган ишларни ният қилиш керак. Узлат қилувчи қалбини Ҳаққ жалла ва ъалаа зикрига тўлдириш ва бошқа бекорчи ва бефойда нарсаларга машғул бўлишдан сақланишдан бошқани ният қилмасин.  Ниятни тўғирлаб олишга жуда ҳам эътиборли бўлиш лозим. Мабодо,  узлат қилиш ортида нафсоний истаклардан биронтаси яширин бўладиган бўлса, (шуҳрат топиш, риё каби) илтижо ва тазарру ила ниятни тўғирлашга кўп уриниши ва ўзини ожизл ва ҳокисор тутиши лозим. Шоядки, ният ҳақиқатига муяссар бўлса. Узлат учун  истихора қилиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар киши мана шуларга эътиборли бўлса узлатдан улуғ самаралар олиши мумкин.  Бошқа ҳолатларни кўришганда баён қилинади. Вассалом.

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндийнинг “Мактубот”
китобидан Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси