Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Имом Раббоний мактуботлари

Имом Раббоний мактуботлари

ЭНГ УЛУҒ КАРОМАТ – СУННАТГА ЭРГАШИШДИР

 37 – мактуб

Шайх Муҳаммад Читрийга “Олий мақомдаги суннат соҳибига (у зотга саловат-у саломлар бўлсин) эргашишликка шавқлантириш ва Нақшбандия тариқати улуғларининг (Аллоҳ у зотларнинг сирларини муқаддас қилсин) нисбатларини ҳосил қилишга тарғиб” баёнида юборилди.

Карам ва меҳрибонлик ила ёзиб жўнатган шарофатли мактубингиз етиб келиб, камина унинг мутолаасидан ҳурсанд бўлдим. Тариқаи олия Нақшбандияда рост ва мустаҳкам турганингизни ёзибсиз, (бунинг учун) Аллоҳ субҳанаҳуга ҳамду санолар бўлсин! Ушбу улуғ тариқат улуғларининг баракоти ила Аллоҳ таоло бу тутган ишларингизга чексиз ривож-тараққийларни эҳтиром қилсин. Бу улуғларнинг тутган йўли кибрийти аҳмар (ноёб, қимматбаҳо тош)дир ва  суннати саниййага (у зотга салот-у саломлар бўлсин) эргашишлик узра барпо қилингандир.

Камина фақир  шу вақтгача нима қўлига келган (етишган) бўлса, у ҳақида ёзаман-ки, албатта, илм, маърифат, куч-қувват ва мақомлар менда узоқ муддат, худди баҳор ёмғири каби тўлиб тошди. Бу йўлда нима қилиш лозим бўлса, Аллоҳ инояти ила бажарилди. Ҳозир  эса, менда Муҳаммад мустафо (у зотга салавот-у саломлар бўлсин) суннатларидан бирорта суннатни жонлантириш ва аҳвол-у мавожидларни ўша завқ эгаларига топширишдан ўзга орзу қолмади.

Ботинни – хожагонлар (Аллоҳ таоло у зотлар сирларини муқаддас қилсин) нисбатлари ила маъмур қилмоқ лозим. Зоҳирни эса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига комил эргашишлик ила зийнатлаш лозим.

Кор ин аст  ғойри ин ҳама ҳеч.

Энг муҳим иш – мана шудир. Қолганлари хом хаёлдир.

Беш вақт намозларни аввалги вақтида адо қилиш лозим. Магарам, қиш фаслидаги хуфтон бундан мустасно. Зеро, қиш фаслидаги хуфтонни кечанинг учдан биригача кечиктириш – мустаҳабдир. Лекин, камина фақир бу ишда музтарман-ки, бирон бир намозни адо қилишликда аввалги вақтдан қилча бўлса-да кечиктиришни асло хоҳламайман. Башарий ожизликлар эса  бундан мустаснодир.

 

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий қуддиса сирруҳнинг “Мактубот” асари. 1-жилд.

 

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ