Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг иқтидорлари ва зукколикларидан ёрқин лавҳалар

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг иқтидорлари ва зукколикларидан ёрқин лавҳалар

“Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ўта парҳезкор, узун сукунат соҳиби ва доимий тафаккур қилувчи эди”

Имом Абу Юсуф

Аллоҳ таоло залолатга кетказган аҳли Куфада бир киши бор эди. У баъзи бир инсонларнинг наздида қийматга эга ва уларнинг ҳузурида сўзи тингланадиган киши эди. Ва мана шу киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни аслида яҳудий бўлган деб ҳисоблар ва инсонларни шунга ишонтирар эди. Ва яна айтар эдики, “Албатта, у – Усмон яҳудийлигига кўра исломни қабул қилган. Кейин ҳам залолатга кетди”. Унинг бу гап-сўзларини Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эшитгач, мана шу бўлмағур гап-сўзларни тарқатаётган кишининг ҳузурига бориб, деди:

“Дарҳақиқат, мен сенинг олдингга бир шогирдим томонидан сенинг фалончи қизингга совчи бўлиб келдим”.

Шунда у киши: “Хуш келибсиз”, – деди. Ва айтдики: «Эй Абу Ҳанифа, сиздек зотларнинг ҳожати рад этилмайди. Лекин куёв ким ўзи?»

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «У ўзининг қавми орасида шараф ва бойлик, қўли очиқлиги, саҳийлиги билан танилган ва Аллоҳ азза ва жалла Каломининг хофизи, тунлари бир ракатда қоим бўлувчи ва Аллоҳ таолодан қўрқиб кўп йиғлагувчидир», – деди.

Ҳалиги киши: “Ҳа шундайми, етарли бўлди, эй Абу Ҳанифа”, – деди. Ва яна айтдики: “Албатта, сен таърифлаган куёвнинг сифатлари амирал мўмининнинг қизига мос”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтдиларки: “Лекин сен ундаги бир хислатни билиб қўйишлигинг лозим”.

У: «Нима хислат экан?» – деб сўради.

“Албатта, у яҳудийдир”, – деди Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ.

Бу гапни эшитиб ҳалиги киши сесканиб кетиб, деди: ”Яҳудий?.. Эй Абу Ҳанифа, қизимни бир яҳудийга никоҳлаб беришимни хоҳлайсизми?! Аллоҳга қасамки, гарчи юқоридаги барча хислатларини жамласа ҳам, мен унга қизимни никоҳлаб бермайман”.

Шунда Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Сен биргина қизингни яҳудийга никоҳлаб беришдан бош тортябсанку, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам ўзларининг икки қизларини бир яҳудийга никоҳлаб берадилар?!” – дедилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу гапларидан ҳалиги киши таъсирланиб, вужудини титроқ босиб: “Бу ёмон гапларни айтганимдан Аллоҳга истиғфор айтаман ва У зот алайҳиссаломга қилган туҳматимдан тавба қиламан”, – деди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мусулмон умматининг фиқҳий масалаларини ечиб берибгина қолмай, балки уларнинг диний эътиқодлари, хулқ-атворларини ва шу каби бир қанча ҳолатларни ҳам ислоҳ этганлар. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

Доктор Абдурроҳман Рофат ал-Башонинг “Сувари мин ҳаёти тобеъийн” китобларидан таржима қилинди.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Солиев Шерзод