Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Ҳимматни баланд қилинг, эй йигитлар!

Ҳимматни баланд қилинг, эй йигитлар!

Ислом тарихига назар солсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирган, ул зотга  эргашган, қўллаб қувватлаган, бу буюк дин учун моли-ю жонини фидо қилган саҳобаларнинг аксари ёш йигитлар бўлганига шоҳид бўламиз:

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Румга қарши юриш учун чиққан қўшинга амир этиб тайинлаганларида унинг ёши ўн саккизда эди. Ҳолбуки, ўша муборак қўшинда Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон, Али, Абу Убайда розияллоҳу анҳум каби буюк саҳобалар ҳам бор эдилар.

Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Маккага волий қилганларида эндигина ўн саккиз ёшни қаршилаган эди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу – Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб камон отган инсон. Олти шўро соҳибларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ишора қилиб: «Бу менинг тоғам. Сизлар ҳам менга тоғангизни кўрсатинг», деган эдилар. Дин ҳимояси учун қўлларига қурол олганларида ўн етти ёшда эдилар.

Арқам ибн Абу Арқам розияллоҳу анҳу – Исломнинг аввалида ўн уч йил давомида ўз уйини Ислом пайғамбари ва мусулмонлар учун қароргоҳ қилиб берган бу йигитнинг  ёши ўн олтида эди.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу – Уҳуд ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш учун  ўз танасини қалқон қилган. Ҳатто Ул зотга келаётган найзани қўли билан қайтариб, қўллари ишламай қолган эди. Ўша вақтда унинг ёши ўн олтида эди.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийлари, Исломда биринчи бўлиб қилич яланғочлаган бу саҳобийнинг ёшлари ўн бешда эди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу – ваҳий котиби, ўн етти кунда сурёний ва иброний тилини ўрганган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таржимонлик қилган. Аллоҳнинг китобини ёд олган. Кейинчалик Қуръони Каримнинг жамланишида катта ҳиссаси бўлган бу саҳобийнинг ёши ўн учда эди.

Нусайр ибн Абдурраҳмон ибн Язид  – унинг асри Андалус давлатининг олтин даври эди. У бошидан кўп изтиробларни ўтказди. Бунга қарамай ўз даврида энг қудратли давлат барпо қилиб, илмий уйғонишга ҳам эришди. Йигирма бир ёшли бу метин иродали йигитга  Европа қўмондонлари ҳавас ила боқишар эди.

Муҳаммад ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳ – ўн етти ёшида Ҳинд ва Синдни (ҳозирги кунда Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва Кашмир) фатҳ қилди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Истанбул фатҳи ҳақида башорат қилиб: «Истанбул (Қустантиния), албатта, фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган қўмондон нақадар бахтли қўмондон, уни фатҳ қилган аскарлар нақадар бахтли аскарлардир», деганлар. Ушбу набавий башоратни эшитган жуда кўп мусулмон ҳукмдорлари, саркарда ва амирлари Қустантинияни фатҳ қилишга ҳаракат қилишган. Бироқ ҳеч ким ўз мақсадига етиша олмаган. Бу буюк шарафга йигирма бир ёшли  Муҳаммад Фотиҳ султон муяссар бўлган.

Йигитларда ҳам руҳий, ҳам жисмоний қувват бўлади. Зотан, бу давр жиддий ва муҳим ишларни амалга ошириб қоладиган палладир. Сарвари олам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга “Ёшлигингизни сизга кексалик етишдан олдин ғанимат билинг!” деб насиҳат қилмаганлар. Чунки умрнинг баҳори бўлган бу имкониятлар вақт ўтиши билан заволга юз тутиши табиий ҳолдир.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

 

 

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan