Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” “(Мужодала  сураси, 11-оят).

Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илмсиз равнақ топган, юксалган деб бўлмайди. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Аллоҳ таоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган.

Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.

Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – деганлар. Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.

Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзлари пайғамбар бўлганлари ҳолда дунёвий соҳада у ёки бу илм-ҳунарнинг эгаси бўлганлар. Тарихдан маълумки, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом эса хаттотлик билан шуғулланишган. Демак, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш лозим.

Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб беришган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилишган, китобни ардоқлашган, ўқиганларини бошқаларга ёйишган.

Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни чуқур ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни пухта ўзлаштириш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришилади.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига етишиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони Каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган, зеро, дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.

Ёшларни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:  “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, – деганлар. Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб  марҳамат қилганлар. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун биз ота-оналар ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму-фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор. Уларнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, бор куч-ғайратимизни шунга сарф қилмоғимиз лозим бўлади. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасак, бунинг оқибати  яхши бўлмайди.

Ёшларнинг илмли ва маърифатли бўлиши муҳим масала экан, уларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясининг масъулияти, биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зиммасидадир.

Баъзи хонадонларда болаларни ўқитиш, уларни илму ҳунар ўрганишга чақиришда эътиборсизлик қилиняпти. Баъзиларнинг фарзандлари эртадан-кечгача бозорда изғийди ёки умрини компьютер ўйинлари ўйнаб совуради. Болаларни бозор-ўчарга, савдо-сотиққа ўргатиш керакдир, балки. Аммо бу болаларимизни илм олишдан, маънавий камолга етишдан, жисмоний чиниқишдан узиб қўймаслиги керак. Бунинг ўрнига улар фойдали илм ўрганишса, бирор ҳунарнинг бошини тутишса, ўзларига ҳам, ота-оналарига ҳам, қолаверса, бутун жамиятга ҳам фойда бўлади.

Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаган, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олган, Ибн Сино ўн уч ёшида мантиқ, фиқҳ ва калом илмини ўрганган, ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилган, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган. Биз ҳам фарзандларимиз, аржумандларимизни илмга муҳаббатли, замонасининг тенгсиз, беназир инсонлари этиб тарбиялашимиз керак.

Муоз ибн Жабал айтганларидай, «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир».

Улуғ боболаримизнинг илмга интилиш, эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини бугунги ёшларимиз сабот билан давом эттиришяпти. Биз бу ҳаракатни навқирон ёшларимизнинг ғайратида, янги-янги етишиб чиқаётган   олимларимиз тимсолида ҳам кўришимиз мумкин.

 

Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Олтинобод”
 жоме масжиди имом-хатиби  И. Муҳиддинов