Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЛМ ЎЗ МУТХАССИСИДАН ОЛИНАДИ

ИЛМ ЎЗ МУТХАССИСИДАН ОЛИНАДИ

Уламолар айтадиларки, исломий илмларда ҳар бир соҳада ўз мутахассисининг сўзи олинади, аммо ўша олимнинг сўзи ихтисослиги бўлмаган соҳада масалани ҳал қила олмайди, яъни мутахассиснинг сўзи сифатида қабул қилинмайди. Масалан, Имом Бухорий ҳадисда тенги йўқ олим, мўминлар амири, у кишининг ҳадис илмидаги сўзларига биров эътироз билдириши мушкул, аммо қироат ёки фиқҳ илмида у киши мутахассис ҳисобланмайди. Бинобарин, у кишининг бу соҳалардаги сўзлари соҳа мутахассисининг сўзи ўлароқ кўрилмайди. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда тенги йўқ олим, беназир мужтаҳид, аммо қироат ёки ҳадис илмида у кишининг сўзи соҳа эгасининг сўзидан устун бўла олмайди. Имом Нофиъ ёки имом Осим қироатда даҳо кишилар, аммо уларнинг фиқҳ ёки ақидадаги фикрлари ҳеч қандай кучга эга эмас. Имом Замахшарий луғат ва тафсир илмининг арслони, аммо ақида ёки фиқҳда у кишига эргашилмайди.

Яна бир мисол. Авваллари бир мазҳабдаги фиқҳий китобда муноқаша юзасидан бошқа бир фиқҳий мазҳабнинг сўзларини келтириш кўп бўлган. Сўнги пайтларда эса тўрт мазҳабнинг фатволарини жамловчи қомусий асарлар кўпайди. Бу асарларни ёзган олимлар чакана илмга эга эмас. Шунда ҳам уламолар айтадиларки, маълум бир мазҳабнинг бирор масаладаги қарашини аниқлашда бошқа мазҳабга доир китобда муноқаша юзасидан келтирилган қавлдан ёки тўрт мазҳабни жамловчи асарлардан олинмайди, балки ўша мазҳабнинг асл манбаларига мурожаат қилинади.

Шундай экан, исломий илмларнинг бирортасида илм таҳсил олмаган одамларнинг диний илмларда, яна бир эмас, бир неча соҳаларда, камига энг нозик масалаларда ўзича билағонли қилиб айтган гапларига нима дейиш мумкин?

Ўзи бир тижоратчи ёки дастурчи, бирорта олим ҳузурида тайинли илм олмаган. Аммо динда пешволик даъвосини қилади, аҳли илмларни муҳокама қилади, ўзича саралайди, яна бир балолар қилади. Инсофданми шу? Бу ҳам етмагандек, энди отарчилар, яллачилар ҳам шаръий масалаларда қўрқмай фатво айтишга ўтмоқда.

Айримлар мен фақат олимларнинг гапини келтиряпман-ку, дейди. Лекин ўша келтиришга ҳам етарли илм бўлиши, гапнинг мазмунини чиндан тушуниши керак, инсоф бўлиши керак ва холислик устувор бўлиши лозим. Афсуски, ҳозир ҳамма ўзича диндан сўз қотишга одатланиб қолди. Бунинг оқибати жуда ҳам ёмон. Тартибли ўқиб, яхши ўрганиб, кейин гапириш учун анча меҳнат керак, сабру тоқат керак. Бунга чидамасдан, шошиб кетади, эрта «мужтаҳид» бўлиб олади, натижада ҳамма нарса расво бўлади.

Аслида ҳақиқий илм эгаларини кўрсангиз, айнан юқоридаги қоидага амал қилишади, ўз соҳасида юртнинг энг катта олими, аммо ўз мутахассислиги бўлмаган соҳада ўзича гап қилмайди, мутахассисидан сўрашни тавсия этади.

Тўғри, айрим олимлар бир неча соҳада етук илмга эга бўлиши, фатво айтиши ҳам мумкин. Лекин бундай олимлар ноёб бўлади ва ўшанда ҳам асл мутахассислигидаги сўзи ажралиб туради.

Ҳар бир илмий соҳада ўша соҳанинг мутахассисининг сўзига қулоқ солиш керак. Ҳар бир соҳа мутахассиси ўз соҳаси билан шуғилланиб, бошқа соҳадаги муаммоларни ўз мутахассисларига қолдириши керак. Ана шунда ҳаммаси тўғри бўлади. Шунинг учун уламолар «Билмадим», дейиш илмнинг ярмидир, деганлар.

Бу қоида, айрим худбин, бебош кимсалар даъво қилганидек, динни монополлаштириштириш эмас, балки динни асраш, унинг жамиятда тўғри ривожланишини таъминлаш учун зарурдир. Ҳаёт, инсон табиати, имконияти ўзи шуни тақозо қилади. Буларнинг барчаси динда эҳтиёткорлик устувор бўлиши лозимлигидандир.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид