Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЛМ – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

ИЛМ – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Ислом дини илму-маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлсин.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида:

“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: «Сулаймон ибн Довудга (а.с.) илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик ихтиёри берилганда, у Зот илмни танладилар. Натижада, Аллоҳ таоло у Зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшохликни ҳам қўшиб берди». Зеро, илм акл чироғи дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрати Али (к.в.) шундай деганлар: «Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади». Ҳакимлар: «Илм ўрганинг, зеро, у фақирлигингизда давлат, бойлигингизда зийнат бўлади», – деганлар.

«Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир» деган ҳадиси шарифга амал қилинган юртимиздан довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, атоқли имомлар етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган.

Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак бўлади. Бир сўз билан айтганда ўғил-қизларимизни илм-маърифатта ошно қилиш ишидан ҳеч ким четда турмаслиги керак.

Бугунги қунда ёшларни дунёвий илмлар эгаси ва касб-ҳунарли бўлишлари муҳим вазифалардандир. Ҳар бир даврнинг ўрганилиши лозим бўлган илму ҳунарлари бор, уларни пухта билиш шу даврда яшаб турган ёшларнинг бурчидир. Ҳазрати Али (р.а.) таълим берганларки: «Болаларингизга келажак давр илмини ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келишади».

Баъзи хонадонларда болаларни ўқитиш, уларни илму ҳунар ўрганишга чақиришда эътиборсизлик қилиняпти. Баъзиларнинг фарзандлари эртадан-кечгача бозорда изғийди ёки умрини компютер ўйинлари ўйнаб совуради. Болаларни бозор-ўчарга, савдо-сотиққа ўргатиш керакдир, балки. Аммо бу болаларимизни илм олишдан, маънавий камолга етишдан, жисмоний чиниқишдан узиб қўймаслиги керак. Бунинг ўрнига улар фойдали илм ўрганишса, бирор ҳунарнинг бошини тутишса, ўзларига ҳам, ота-оналарига ҳам, қолаверса, бутун жамиятга ҳам фойда бўлади-ку! Мактабга бориш ўрнига бозорда нарса сотиб пул топаётган бола ёшлигиданоқ моддий бойлик кетидан қувиб, маънавиятдан узоқ ҳолда улғаяди, тарбияси бузилади. Кейин уни қайта тарбиялаш қийин кечади. Жисмнинг, нафснинг ғолибияти руҳий оламнинг, маънавиятнинг инқирозига олиб келиши аниқ!

Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаган, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони каримни тўла ёд олган, Ибн Сино ўн уч ёшида мантиқ, фиқҳ ва калом илмини ўрганган, ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилган, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган. Бизларнинг аксари болаларимиз шу ёшда бозорда «савдо» қиляпти, компютер ўйинларига бор вақтини сарфлаяпти ёки бемақсад кўча чангитиб юрибди. Бунинг ўрнига улар бирор илмни эгаллашга киришса, хорижий тил ўрганса, бирор ҳунармандга шогирд тушса, ҳеч бўлмаганда бирорта китоб ўқиса фойдалироқ-ку!

Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб беришган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилишган, китобни ардоқлашган, ўқиганларини бошқаларга ёйишган.

Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни чуқур ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни пухта эгаллаш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришилади.

Маърифат ва жаҳолат ўртасидаги олишув ҳам ҳамон давом этмоқда.

Бугун билимсизликни оқлашга ҳеч қандай сабаб, баҳона йўқ. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, имконият бор.

Аммо бизда рағбат кам, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти баъзида. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ жиндай илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ютоқиб воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга вақт-имкон топа олмаяпмиз. Онда-сонда вақт топиб, нимадир ўқиганимиз ҳам дунё ва охиратга фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газет-журналлар эмас, балки олди-қочди, таги пуч ёки бузуқлик тарғиб қилинган нарсалардир.

Аслида, атрофга бир назар ташлайлик, Юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига  шукр қилиш керак. Болаларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишяпти. Буларнинг бари тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули, болаларимизнинг илмли ва билимли бўлишлари учун яратилган шарт-шароитларнинг натижасидандир. Буларни аввало ўзимиз тўлиқ идрок этиб, сўнгра фарзандларимизга тўғри тушунтирайлик.

Агар ёшлар ҳамма соҳада устувор бўлиб, ҳеч кимдан кам бўлмай, Худо берган бутун куч-ғайратим, ақл-заковатим ва истеъдодимни, олган бор заковатим ва маърифатимни юрт учун, ота-онамнинг ҳурмати ва иззати учун, дину диёнатим, халқ манфаати учун сарф қиламан, деб ғурур ва ифтихор билан яшаса, бу замин ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган бўлса, иншааллоҳ, халқимиз улардан рози бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин.

Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани «Жомеъ»
жоме масжиди имом хатиби