Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Илм талаби фарздир
Books HD

Илм талаби фарздир

Исломга кўра, илм талаб қилишлик ҳар бир муслим ва муслима учун фарз бўлган амаллардандир. Динимизда қайси илмларни эгаллашга тарғиб этилган?

“Илм” сўзи Қуръони каримда 765 маротаба такрорланади. Аллоҳ ўз Каломида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” (Мужодала сураси 11-оят).

Ислом чақираётган илм қандай илм ўзи? Фақат диний илмми? Йўқ, бу билимсизликни йўқотадиган барча илмлардир. Диний илмлар бўлса ҳам, дунёвий илмлар бўлса ҳам (табиат илми, психология, тарих, жуғрофия, социология, алгебра ва бошқалар) Аллоҳ мусулмонларни барча илмларни ўрганишга қизиқтиради. Шоядки, шу илмлар орқали Аллоҳнинг қудрати, улуғлигини чуқур тушунсалар. Бундан ташқари, ўз ҳаётларида шу илмлардан манфаатдор бўладилар. Қуръон оятларида табиий илмларни ўрганишга чақириқлар бор. “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 22-оят).

Бу оятда зикр қилинган “олимлар”дан мурод, Аллоҳ ер юзида яратган махлуқотларнинг сир-асрорларини билувчи шахслардир. Бу оятнинг мавзуси ҳам табиий илмлардир. Чунки табиий илмлар борлиқдаги нарсаларни ва уларнинг хусусиятларини ўрганади. Осмонлару Ернинг яратилиши, инсонларнинг ранглари ҳам турли хил эканини айнан жуғрофия фани ўргатиши фикрларимизга далилдир. Оятдаги “ва тилларингизни турли хил қилиб яратдик” деганда турли миллат вакилларининг тилларини ўрганишга тарғиб бор. Бу ҳозирда эътибор қаратилаётган чет тилини ўрганишга далил эмасми?! Инсон жинсларини ва ҳайвонот оламини эса антропология, зоология, биология ўрганади.

“Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўшалар булардан (Макка кофирларидан) кўра қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ишлов бериб, обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганлар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар” (Рум, 9-оят).

Ҳадиси шарифда: “Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа, ҳам илм олсин”, – деб айтилган.

Аслида, ҳадислар ўз моҳиятига кўра Қурьондан кейин иккинчи манба, энг мўътабар ҳикматлар мажмуасидир. Ҳадисларда илм поклик, ҳалоллик, кишиларни яхшилик сари бошловчи тариқасида талқин қилинади.

Илм — бу ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик жоҳилликдир.

Илм олийжаноб ва савоб иш. Ҳаттоки, илм олиш ибодат, тақводан афзал. Чунки илм диннинг асосини, устунини ташкил этади. Илм ҳикмат, илм фазилат, илм диннинг ривожини, унинг тарқалишини таъминлайди. Илмни ўқиш, такролаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш лозим. Илм янгиланиб турмаса, фойдасиз бўлиб қолади.

Умуман, исломда илм-фанни эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш экани таъкидланади. Ҳадисларда “Садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишидир”, дейилади.

Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Беруний, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Язид Тайфур ал-Бистомий, Имом Ғаззолий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Бобур Мирзо, Алишер Навоий, Беҳбудий, Мунаввар қори каби улуғ зотлар ҳаёт тарзи, илм учун фидойилиги, эътиқодининг поклиги билан барчага ибрат бўлганлигини билиб олиш мумкин. Демак, диний ва дунёвий маърифатни жам қилган, ана шу ҳар икки илмни эгаллаган кишининг икки дунёси ободдир.

Мустақиллик туфайли фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбанд таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари, Имом Ғаззолийнинг дин ва дунё ҳақидаги қарашлари, Юсуф Ҳамадонийнинг тасаввуфи, Имом Мотуридийнинг ҳидоят каломи, Ғиждувонийнинг таълим-тарбияга оид ўгитлари асосида тарбия қилиш имконига эга бўлдик.

Демак, илм ҳаёт ва турмушда орттирилган тажрибаларнинг амалий ва умумий – назарий натижасидир. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осон чиқиб кетиши мумкин.

Қурьони карим ва ҳадиси шарифларда билим эгаллаш – жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил, деб қайд қилинган. Ислом динида: “Билимнинг офати унутишдир. Уни унга аҳл бўлмаган кишига гапириш эса уни зое қилишдир”, дейилади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни илмига амал қиладиган бандалардан қилсин!

Ўрта Чирчиқ тумани “Фирдавс” жоме масжиди

имом-хатиби Махамадиев Жобир

[carousel-horizontal-posts-content-slider]