Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЛМ – ОЧИЛМАГАН ЭШИКЛАР КАЛИТИ

ИЛМ – ОЧИЛМАГАН ЭШИКЛАР КАЛИТИ

Билимли билади билим ҳурматин,
Билимсиз не билгай билим қийматин.

 Юсуф Хос Ҳожибнинг билим эгаллашнинг зарурлиги ҳақидаги ушбу мисраларини ўқиб аввал бўлиб ўтган бир ҳунук ҳолат кўз олдимда қайта гавдаланди. Бир куни яқин қариндошимизникига бордик. Уйлар жуда чиройли қилиб таъмирдан чиқарилган, мезбонлар ораста кийинган, ясан –тусан ўз ўрнига қўйилган, стол устидаги ноз-неъматларнинг хилма –хиллигидан “стол синаман” дейди… Лекин меҳмонхонага қўйилган иккита катта столнинг оёқларини бир хиллаштириш учун КИТОБлардан фойдаланилган. Дод дегим келди. Ўзимга яқин бўлган стол оёғининг тагидан машҳур бир ёзувчимизнинг кўплаб юртдошларимиз қалбидан ва кутубхонасидан жой олган китобини суғуриб олдим . Ушбу китобда Қуръони Карим маъноларининг таржималаридан фойдаланилган эди. Тагида эса 5-синф учун дарслик бор эди. Китобни олганим сабабли уюб қўйилган мевалардан баъзилари думалаб бошқа идишларнинг устига тушди. Орада ноқулай вазият пайдо бўлди. У ердагиларга китоб бажарган ўша “вазифани” бир хил қилиб рандаланган, қоғозга чиройли қилиб ўраб қўйилган тахта бўлаги ҳам бажариши  мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим.  Бу ишимга эътироз билдирганлар ҳам, қўллаб – қувватлаганлар ҳам бўлди… Наҳотки, бизнинг ақлли, фаросатли, ишбилармон, тадбиркор, ташқи гўзалликка эга бўлган аёл-қизларимиз шу китоблар ортида қанчадан қанча машаққат ётганини, олтинга тенг вақт сарфланганини билмасалар.

Шу ўринда мен яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Баъзан баъзи бир “сотувчиларимиз” сотаётган нарсаларини газета ёки журнал вароқларига ўраб беришади. Бу нарсалар, табиийки, ахлат қутиларига ташланади. Баъзида ундан ҳам ножоиз бўлган ерларга ташланади. Ахир, ўша вароқларда Қуръон ва ҳадислардан мисоллар келтирилган бўлиши мумкин-ку! Наҳотки, шу даражага етиб бордик!? Китоб ўқиш инсон учун олий ва муқаддас бир фазилат бўлиб, дунёнинг иззати, охиратнинг шарофати ҳисобланади-ку! Киши ҳаётидаги ишларни ҳақиқий тўғри йўлга соладиган восита – бу илмдир. Илмни биз китоблардан ўрганамиз. Илм касб ва фазилатларнинг энг афзалидир. Илм орқали яхши-ёмонни таниш, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бориш, дўстлик ва қариндош – уруғининг фазилатларини англаш, қонун-қоидаларни тушуниш, ҳақ-ҳуқуқларини билиш мумкин-ку!

Инсон камолотида илм эгаллаш улкан фазилатлардан бири ҳисобланади. Аҳамият берадиган бўлсак, Ислом динида маълум арконларни бажаришда ёш ёки маблағ томондан қандайдир чегара бор. Масалан, намоз ўқиш – балоғат ёшига етгандан кейин, закот бериш – мол нисобга етгандан кейин ва ҳакозо. Лекин илм олишда ҳеч қандай чегара йўқ. Зеро, “Бешикдан қабргача илм изла” дейилган. Илмсизлик барча иллатларнинг боши саналади. Ҳазрати инсон илм билан шарафга эришади. Қуръони Каримда ҳеч вақт илмлик билан илмсиз баробар эмаслиги кўрсатилган.

Юсуф Хос Ҳожиб ўз ижодида билимни юксак баҳолайди. Шоир билимни бойлик, кишан, кийим, емиш каби нарса, ҳодисаларга қиёслайди. Дарҳақиқат, билим – бойлик. Чунки уни қанча сарфласак, шунча кўпайиб, сайқалланиб боради. Қанча кўп билганимиз сари, шунча кам билишимизни ҳис этиб, билим уммонидан баҳраманд бўлишни истаймиз ва натижада, ўрганишга интиламиз. Билим – кишан, яъни тўғри билим олган киши  залолатга олиб бориши мумкин бўлган нарсалардан нафсини тияди. Бунда олган билимимиз оёғимиз, қўлимиз, тилимиз ва нафсимизни кишанлаб, ножоиз ҳаракатланишимизнинг олдини олади. Билим – кийим, яъни кийимимиз бизни иссиқдан, совуқдан, чанг ва ғубордан, ташқи нигоҳлардан сақлайди ва у доимо биз билан бирга. Билим – емиш. Биз билимли бўлсак ва шу билимларимизга амал қилсак, ҳеч қачон ўзгалардан тиланувчи бўлмаймиз. Ўз нонимизни ўзимиз топамиз.

Қуръони Карим оятларидан бирида: “Ё Роббий, илмимни зиёда қилгайсан, деб айт!” (Тоҳо сураси 114-оят) – дейилган бўлса, ҳадиси шарифда “Илм олмакка интилиш ҳар бир муслим, муслима учун қарз-у фарз” дейилган. Фарзандларимизга фақат гап билан эмас, балки амалларимиз  билан ҳам таъсир ўтказишни унутмайлик. Ўзимиз тўгри иш қилмасак, фарзандимизга айтадиган тўғри бўлиши кераклиги ҳақидаги гапларимиз уларга кор қилмайди-ку! Шундай экан, аввал ўзимизни тўғирлаб кейин фарзандларимиз тарбиясига жиддий аҳамият берсак, юқорида зикр этилган воқеаларнинг олдини олиш осонроқ бўлади. Зеро, Абдураҳмон Жомий таъкдлаганларидек:

Илмни дилга жо қилишга тириш,
Билиб ол-да, сўнгра чин ишга кириш.

 

Хадичаи кубро ислом билим юрти катта ўқитувчиси
Адилова Наргиза Абдуғани қизи