Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Илм – дунё ва охират нажоти

Илм – дунё ва охират нажоти

Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарздир. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” деган амр бўлган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам “Бешикдан қабргача илм изла” деб таълим берганлар. Аллоҳ таоло олимлар билан илмсиз кишиларнинг фарқи катта эканини зикр этиб, бундай марҳамат қилади:

Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси 9-оят).

Яна бир бошқа оятда эса:

Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: “(даврани)кенгайтирингиз!дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг)жой берур. Яна қачонки, турингиз!дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмли кишиларнинг даражаси юқори эканлигини билдирди, банда қанчалик кўп илм олса, ўқиб ўрганса, баланд даражаларга кўтарилиши ҳақида хабар берди. Илмнинг фазилати қанчалик улуғ эканлиги ҳақида соатлаб гапириш, жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, – дедилар.

Яна бир бошқа Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинга ҳадисда шундай дейилади:

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Олимларга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидур. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмайдилар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди” (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович томонларидан 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилиши барчамизни қувонтирди. Албатта, фарзандларимизни илм-маърифатга қизиқтириш, уларни ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб улғайишларида барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз, китоб мутолаасига жалб қилиб, бунда не чоғлик манфаат борлигини тушунтириб, илм ўрганиш, китоб ўқишни уларнинг кундалик одатларига айлантиришимиз, соғлом ва комил инсонлар қилиб тарбиялашимиз лозим. Илм олиб унга интилган фарзанд келажакда маънан етук инсон бўлиб шаклланади. Ўз халқининг, миллатининг корига ярайдиган, Ватанининг қадрига етадиган ҳақиқий ватанпарвар инсон бўлиб етишади.

Ангрен шаҳар “Облиқ” жоме масжиди

имом-хатиби Шарофхўжаев Хусниддинхон

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan