Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Икки наълга масҳ тортиш мумкинми?

Икки наълга масҳ тортиш мумкинми?

Наъл – шиппак, туфли маъноларини билдиради. Ҳозирги кунда наъл деганда шиппак каби оёқ кийимлар тушунилади.

Икки наълга масҳ тортса бўлар эканда, деган гап, албатта, бекорга чиқмаган. Бир қарашда ажиб туюлиши мумкин. Бу гапни айтувчилар ҳам нимагадир суянишганлиги, тайин. Шунинг учун бу ҳақда кенгроқ илмга эга бўлиш мақсадида бу мавзуга доир ҳадисларга мурожаат қиламиз.

Баъзи уламолар, хусусан, Авзоий, Валид ибн Мулим ва Зоҳирийлардан бир тоифаси ушбу ҳадисни келтирганлар: “Авс ибн Абу Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отамни кўрдим, таҳорат олиб икки наълларига масҳ тортдилар. Кейин отамдан сўрадим: “Икки наълга ҳам масҳ тортиладими?” Айтдики: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни икки наълларига масҳ тортаётганларини кўрганман”. Яна Али розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятни келтирди: “Абу Зибёндан ривоят қилинади. У Али розияллоҳу анҳунинг тикка туриб бавл қилаётганларини кўрди, сўнг сувни чақирди, таҳорат олди, икки наълига масҳ тортди ва масжидга кирди. Икки наълини ечиб, намоз ўқидилар””.

Шу ҳадисга биноан баъзилар икки наълга масҳ тортса бўлади дейишади. Ҳақиқатда шу ҳадис бор, энди, қарайликчи, ушбу мавзуда яна бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинганмикан. Эҳтимол, улар келтирган ҳужжатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичидан жавроб кийилган наълга масҳ тортгандирлар, масҳ билан наъл эмас, икки жавроб қасд қилингандир. Ўша пайтлардаги жавроб эса бизнинг ҳозирги кунимиздаги маҳсига ўхшаш бўлган. Икки наълга масҳ тортишлари эса фазл учун бўлган.

Юқоридаги гапга хилоф чиққан бошқа барча уламолар наълга масҳ тортиб бўлмайди дейдилар ва қуйидаги ҳадисларни келтирадилар: Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу таҳорат олдилар, икки оёқларида наъллари бўлган ҳолда қадамларининг устки қисмига қўллари билан масҳ тортдилар ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилардилар”, дедилар””. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир вақтнинг ўзида ҳам наълларига ҳам қадамларига масҳ тортганлиги ҳақида ҳабар бермоқда. Икки қадамларига масҳ тортишлари фарздир, икки наълларига масҳ тортишлари фазл деб эҳтимол қилинади. Икки наълнинг устидан агар у тўқилган бўлса масҳ тортишнинг зарари йўқ.

Авсдан ривоят қилинган ҳадисда икки наълга масҳ тортиш жоизлигига далолат қиладиган бирор нарса йўқ. Али розияллоҳу анҳудан келган ривоятда эса наълларини масжидга кираётганларида ечишларидан билинадики, ичидан жавроб кийганлар ва унга масҳ тортишни қасд қилганлар. Чунки наълга масҳ тортишни ирода қилганларида уни ечмасдан намоз ўқиган бўлардилар. Биламизки, маҳсига масҳ тортилганда, уни ечмаслик шарт қилинади. Назарий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, биз маҳсига қўйилган шартлар наълда топилмаслигини кўрдик. Масалан, тўпиқ баробаригача бўлиши, йиртиқ бўлмаслиги ва бошқалар. Бу борада барча уламолар ижмо қилишган. Агар наълга ўхшаган нарсага масҳ тортилса, у ботил бўлади, масҳ ўрнига ўтмайди. Чунки унда маҳсининг шартлари топилмайди.    

Демак, биз оладиган фойдалар шуки, бирор ҳадисга кўзимиз тушса ёки эшитсак, дарров ҳукм олишга шошилмаслигимиз керак. Балки ундан ҳукм олиш учун ҳадиснинг носих-мансухлигини, тарихий воқеаларини, уламолар фатвосини яхшилаб ўрганиб чиқиш зарур. Албатта, бу борада бизга “Мусталаҳул ҳадис” илми зарур. Бу илм бизга ҳадис ровийлари ҳолатини, матнини ва ҳукм олиш усули кабиларни ўргатади. Ҳозирги кунда бизга уламоларимиз ҳадисларнинг саҳиҳ ва саҳиҳ эмасларини, қабул қилинадиган ва қилинмайдиганларини, ҳатто шарҳларигача китобларда тасниф қилишган.

Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти

1-босқич талабаси Тожиқулов Умурзоқ