Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Икки қиблали масжид ҳақида эшитганмисиз?

Икки қиблали масжид ҳақида эшитганмисиз?

“Қиблатайн масжиди” икки қибласи бор маъносини англатади. Мадинаи мунавваранинг ғарб томонида, Бани Салмо туманидаги “Бахрату вабра” деб номланган тепаликда жойлашган. Шимоли ғарбдан Мадина мунавварага юзланганда, Холид бин Валид ва Султон кўчалари кесишган жойда, ғарбдан эса қирол Абдуллоҳ кўчасидаги савдо марказига яқин ерда жойлашган. Мазкур масжид ранги ўта оқлиги билан машҳур. Масжиднинг умумий майдони 3920 м, тўртбурчак шаклида бўлиб, 2 гумбази бор. Бири 8 м, иккинчиси 7 м, гумбазлар баландлиги чамаси 17 м.

Масжид ҳижратнинг иккинчи йилида қуриб битқазилган. Масжидни Савод бин Ғанам бин Каъб зурриётлари хурмо шохлари ва баргларидан қуришган. “Қиблатайн масжиди”нинг араб ва Ислом тарихидаги аҳамияти катта бўлиб, айнан шу масжидда Расул алайҳиссаломга қиблани Каъбаи мушаррафага ўзгаргани ҳақидаги оят нозил бўлган. Унгача “байтул Мақдис”га қараб намоз ўқилган.

Масжидни таъмирлаш босқичлари:

Халифа Умар бин Абдулазиз масжид аҳамиятини ҳис қилиб, мавқеини кўтарди ва уни таъмирлашга амр қилди;

Ҳижрий 893 йили ўша даврдаги “Набавия” масжиди имоми Ботир Шоҳин Жамолий бу ишга бел боғлади ва масжиднинг шифтини қуриб битказди;

Ҳижрий 950 йили Усмоний султонларидан Сулаймон ал-Қонуний янгилади ва таъмирлади;

Ҳижрий 1408 йили икки Харам шариф ходими, қирол Фахд бин Абдулазиз даврида масжид таъмири кенгайтирилиб, ҳозирги ҳолига келди ва ниҳоясига етказилди;

Ҳижрий 1426 йили аёллар масжиди, сув иншооти, лифтлар ва баъзи эшикларга ўзгартиришлар киритилди.

Энди икки қиблали масжид деб номланишига келсак, Пайғамбар алайҳиссалом даврида мусулмонлар масжид ал-Ақсога қараб намоз ўқишаётган эдилар. Жарчи келиб, Расулуллоҳ алайҳи саломга ваҳий нозил бўлгани ҳамда қибла Ҳарамга ўзгаргани ҳақида хабар берди. Бақара сурасининг 144-ояти нозил бўлиб, саҳобалар таналари билан Маккадаги Ҳарами шарифга юзландилар. Шундан буён бу масжид икки қиблали масжид деб атала бошлади.

Абдуҳаким Боқиев тайёрлади