Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЙМОН НЕЪМАТИ

ИЙМОН НЕЪМАТИ

Аллоҳ шундай буюк Зотки, инсонларга ўз омонатини тақдим қилган. У шундай омонатки, у туфайли ҳаёт нурли ва мазмунли ўтади. У шундай омонатки, яшашдан мақсад нелигини англайсан. Бу шундай гўзал туҳфаки, икки дунё саодати у билан бўлади… Бу – иймондир… Иймон бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди… Насиб этганлар эса, ҳар доим ҳам тўғри фойдалана олишмайди…

Кўзимизни юмайлик ва ўз хаёлот дунёимизга назар солайлик… Агар шу туҳфа бўлмаганида қандай яшар эдик? Тасаввур қилинг. Сиз эрталаб ғафлат уйқусидан уйғондингиз. Кўзингизни очганингизда янги кун бошланади. Сиз беҳол бўлиб турасиз, турганингизда нима учун турганингизни ҳам билмайсиз. Сиз шоша-пиша қаергадир отланасиз. Шошасиз… Сизни дўстларингиз, касбдошларингиз кутмоқда. Кўпроқ кўзларни ўзингизга жалб қилиш учун чиройли кийинишга ҳаракат қиласиз. Сиз яна шошасиз. Мансаб пиллапояларидан кўтарилиш учун шошасиз… Ота-онангизни кераксиз юк деб ҳисоблайсиз. Болангиз билан эса ишингиз ҳам йўқ… Ўзингизча кўнглингиз хотиржам, уни яхши ўқишга жойлаштиргансиз. Ишингизга борасиз, у ерда эркаклар-у аёллар билан маза қилиб суҳбатлашасиз. Ўзингизни сувда сузган балиқдек ҳис қиласиз. Калта-култа кийинганлар билан бемалол гаплашасиз, чунки ўзингиз ҳам ҳудди шундай кийингансиз. Кунингиз бемаъни гап-сўзлару, кераксиз ишлар ва айшу-ишрат билан ўтиб кетди. Энди уйга бир базмдан чарчган ҳолда қайтасиз. Кўзингизни юмасиз… Кунларингиз, йилларингиз, умрингиз кераксиз карьера, дўстлар билан маишатда ўтмоқда, сиз эса бундан хурсандсиз. Кунлар ўтди, сиз ҳамон қаергадир шошасиз… Ёшингиз катта бўлди, ўзингиз ишлаган ташкилот сиздан-да чаққонроқ, ёшроқ кадрларни танлаб олди. Ўша сиз шошган ишингиз сизни кераксиз матоҳдек улоқтирди… Фарзандингиз эса, сиз унга қандай бепарво бўлган бўлсангиз, у ҳам шундай. Энди сиз бир ишдан чиққан ускуна кабисиз. Энди сиз шошмаяпсиз. Энди сиз ўйлаяпсиз… Шунча яшаган умрингизнинг меваси нима? Яшашдан мақсадингиз қандай эди? Нега ўзи сиз яратилдингиз? Ўнгга-чапга ўгириласиз… Ҳамма инсонлар қаергадир шошилишмоқда… Лекин қаерга??? Ўз ажаллари томон. Энди осмонга боқасиз, шунча умр яшаган бўлсангиз ҳам, осмонга бир назар ҳам солмаган эканлигингизни англайсиз. У нақадар гўзал ва мусаффо. Яшаган умрингиз эса зулматли ва ҳунук.

Сиз ўзингиз гўзал деб билган ҳаётингиз, аслида сиз учун ботқоқ бўлганини, сиз унга аста-аста чўкиб бораётганингизни у сизни кўмиб бўлгандан кейин англаб етдингиз. Чунки сиз совуқ ерга, ҳақиқий ҳаётнинг кўприги бўлган ўз қабрингизга қўйилдингиз. Сиз ўз умрингизни зулматли бўлганини англаб етдингиз. Лекин бу англашдан на бир фойда, на бир манфаат бор. Совуқ ерда Қиёмат кечроқ бўлишини дуо қиласиз. Қилган ишларингизни эслаб, аҳволингиз нақадар танг эканлигини биласиз. Сиз ёлғизсиз… Ёлғиз… Зулматда…

Энди кўзингизни аста очинг… Сиз ҳозир яшаётган ҳаётингиз шундай нурафшон ва нурлики, чунки сизнинг Олий Мақсадингиз бор, сиз нима учун яратилганлигингизни биласиз. Сизда улуғ бир туҳфа – иймон туҳфаси бор. Сиз ҳам шошиласиз, лекин намозга, савоб амалларни кўпроқ қилиб қолишга, ва Аллоҳнинг розилигини топиш томон шошиласиз. Сиз энг бахтли инсонсиз, чунки сизда иймон нури мужассам. Бу гўзал бир омонатни чиройли ҳолда сақлашимизда Аллоҳ бизга тавфиқ берсин! Ундан маҳрум қилмасин.

 

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус ислом
билим юрти 4-курс талабаси Асқарова Рисолат