Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ийд ал-Фитр – шодлик айёми

Ийд ал-Фитр – шодлик айёми

Рамазон ҳайити – шодлик кунларидир, у бир ойлик рўза тугаши муносабати билан ўтказилади. Рамазон ҳайити – Исломдаги иккита йирик байрамлардан бири бўлиб, Ийд ал-Фитр деб аталади, чунки айнан мана шу кунларда фитр садақаси берилади.

Рамазон ҳайитидан илгариги кун Арафа куни дейилади. Арафа байрамдан олдинги кун бўлганлиги сабаб, уни байрамга тайёргарлик билан ўтказишга одатланиб қолганмиз. Ҳолбуки, бу кун инсонга берилган энг марҳаматли фурсатлардан биридир. Арафа ибодат ва тавба кунидир. Хабар берилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши дуо, арафа куни қилинган дуодир”, – деганлар (Байҳақий). Шунингдек, Набий алайҳиссалоту васаллам Аллоҳ таоло баъзи кечаларда бандалари томонидан қилинган барча дуоларни қабул қилишини маълум қилганлар. Марҳамат эшиклари очиладиган ана шундай кечалардан бири – арафа кечасидир. Яна бир ҳадисда шундай хабар берилади: “Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кечаларини бедор ўтказганларнинг қалби, бошқа қалблар ўлик бўладиган пайтда ўлмайди” (Ибн Можа, Табароний). Шу сабабли бу кечани ибодатда, Аллоҳни зикр қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловатлар айтиб, дуолар билан ўтказишнинг аҳамияти каттадир.

Ийд ал-Фитр – шодлик – ҳуррамлик, бахтиёрлик кунлари, у сабр мевасидирки, бу кунда мусулмонлар биргаликда ҳайит намозини адо этадилар; бир – бирларини йўқлаб, меҳр улашадилар; кўнгилларга қувонч улашиб ўзаро совға алмашадилар; муҳтожлар, камбағаллар ҳам байрам шукуҳини ҳис эта олишлари учун саховат кўрсатиб, хайр – эҳсон қиладилар.

Байрам кунлари ҳайит намозига бориш ва фитр садақасини бериш вожибдир. Ушбу куннинг суннатлари эса: барвақт туриш; покланиш; мисвок қилиш; тоза ва кўркам либос кийиш; ўз шодлигини намоён қилиш; мусулмонларга табассум улашиш (ахир табассум ҳам садақа); эҳтиёжмандларга садақа улашиш; аразлашиб қолганларни яраштириш.

Ривоятлардан бирида бундай дейилади: “Фитр (ҳайит) кечаси эса, “мукофот” кечаси деб номланади. Фитнинг иккинчи куни Аллоҳ фаришталарни шаҳарларга юборади. Улар ерга тушиб, йўлларнинг бошида туриб: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати, Раббиларингизга чиқинглар, бу кун буюк мукофот беради, гуноҳларингизни кечиради”, дейдилар, бу овозни инсон ва жинлардан бошқа ҳамма махлуқот эшитади. Улар масжидларга борганларида Аллоҳ таоло фаришталарига: “Эй малоикалари! Амал қилувчи кишига амал қилгани учун нима мукофот берилади?” дейди. Малоикалар айтишади: “Эй Раббимиз, унинг мукофоти ажрини мўл қилиб беришингдир”. Аллоҳ таоло айтадики: “Эй малоикаларим, мен сизларни гувоҳ қиламанки, уларнинг рамазон ойидаги рўзалари ва кечалари қоим бўлишлари савоби Менинг розилигим ва мағфиратимдир”. Аллоҳ сўнгра айтадики: “Эй бандаларим, Мендан сўранглар, улуғлигимга қасамки, бугун нимани сўрасаларингиз, бераман, дунёларингиздан ҳам, охиратларингиздан ҳам” (Танбеҳул ғофилийн).

Аллоҳим муборак Рамазон ойида қилган ибодатларимизни ҳусни мақбул айласин, икки дунёда саодатманд бўлишимизни таъминлайдиган ажру – савоблар билан мукофотласин!!!

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл тумани “Жомеъ” жоме масжиди

имом хатиби