Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ғийбат ва Чақимчилик

Ғийбат ва Чақимчилик

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман. Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло бизга бошқа махлуқотларига бермаган тил ва у орқали нафақат инсониятни ва бошқа бир қанча мавжудот ва хайвонларни хам мана шу тил орқали бошқара олишдек неъматини хам бергандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тилига эрк берувчиларни ва тили орқали фасод уруғини ёювчиларни қандай номлаганини билишимиз зарурдир. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 6-оятида марҳамат қилиб:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَىٰ مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

Яъни: Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни)билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз

Демак, мана бундай ҳолатда Аллоҳ таоло қайсидир қавмнинг ораси бузилишига сабаб бўладиган сўзни ташигувчини фосиқ дея атаяпти. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай кимсаларни «Ўтинчи» деб ҳам номлаган. Аллоҳ таоло «Масад» сурасида: Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади. Яқинда (у) алангали оловда куяжак. Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам (1-4 – оятлар).

Демак, мана бу оятлардан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло бундай ишни ўтинчиликка қиёс қилди, яъни Абу Лаҳабнинг аёли одамлар орасидаги гапни ташиб юришликка одатланган эди ва бу амали сабабидан ҳам Аллоҳ таоло унга орқалаган гапларига муносиб равишда «ўтин орқалаган» деб номлади. Чунки ғийбат гўёки бир олов бўлса, уни ташишлик ўтинчилик экан ва бу ўтинчиликни қилувчилар «Фосиқ» ҳам эканлар.

Сахл ибн Муоз ибн ал Жуҳаний  розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб келтиради. У зот: «Ким бир мўминниг айбини мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло ана шу банданинг гўштини қиёматда жаҳҳаннам оловидан химоя қилгувчи фариштани юборади. Ва кимки бир мўминни бирор нарса учун сўкишни ирода қилсаю ундан қайтмаса, Аллоҳ таоло уни жаҳаннам устидаги кўприкда тургазиб қўяди», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, мана бу ҳадиснинг матнидан тушунишимиз зарур бўладики, ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам мўминларнинг айбларини очувчиларни мунофиқ дея таърифлаяптилар.

Фойдалар:

1. Аллоҳ таоло гап ташувчини Фосиқ дея айтаётганлигини билишимиз ва ундан сақланишимиз.

2. Фосиқ келтирган гапни текшириб, аниқлаш кераклигини билишимиз.

3. Аллоҳ таоло гап ташувчининг ишини ўтинчига ўхшатганлигини билишимиз ва ундан (тилимиздан) огоҳда бўлишимиз.

4.  Фосиқнинг амали гап ташувчилик – «ўтинчилик» эканлигини билишимиз.

5. Бундай тил орқали содир бўладиган кариҳ ва ҳаром амаллар ўз соҳибини жаҳаннамга олиб боришлигини билишимиз.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ғийбатни мунофиқ қиладиган амал эканлигини билишимиз ва бун(мунофиқлар)дан мўмин биродарларимизни ҳимоя қилишимиз зарурлиги.

7. Мўминни сўкувчи кимсани Аллоҳ жаҳаннам кўпригида тургазиб қўйишлигини эсдан чиқармаслигимиз ва бу амални қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз.

Жаҳолатга қарши маърифат:

1. Чақимчининг сўзларини тасдиқ қилмаслигимиз зарурдир.

2. Уни бу ишидан қайтаришимиз ва унга насиҳат қилишимиз керак.

3. Унинг бу амали учун ёмон кўришлигимиз керак.

4. Чақимчи олиб келган шахс хақида ёмон гумонда бўлишдан сақланишимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 12-оятида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ.

Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир,  дея марҳамат қилган.

5. Иложи бўлса, унинг гапига ҳам қулоқ солмаслик, чунки бу охиратда фойда бермайди.

6. Чақимчи келтирган гапни бошқаларга етказмаслик керак.

Аллоҳ таоло барчамизни билган ва эшитган яхшиликларимизга амал қилгувчилардан қилсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қадам ба қадам яқин бўлиш учун жидду жаҳд қилувчи умматлардан қилсин!

 

Пискент тумани «Мулла Бўта Қози» жоме масжиди

имом-xатиби Воҳидов Мирсобит