Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ғийбат фақат тилдами?!

Ғийбат фақат тилдами?!

Ғийбат фақат тил орқали содир бўлмаслиги, балки имо-ишораларимиз туфайли ҳам ғийбатчи бўлиб қолишимиз мумкинлиги ҳақида хабарлар ворид бўлган. Оиша онамиздан шундай ривоят қилинади: Ҳузуримизга битта аёл кирди. Чиқиб кетаётганимда имо билан унинг паканалигига ишора қилдим. Шунда Пайғамбаримиз менга: “Уни ғийбат қилдинг”, – дедилар (Ибн Абу Довуд).

Ғийбат аниқ ва муайян шахсга қаратилган бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир инсонда ўзларига ёқмаган феълни кўриб қолсалар: “Бу қавмга нима бўлдики, фалон-фалон ишни қилаяптилар” ,деб умумий тарзда айтар эдилар.

Баъзан шундай ҳам бўладики, ғийбат тиғига нишон бўлаётган киши аввал “Фалончи қандай яхши инсон, қандаям тақволи, мард ва ҳоказо сўзлар билан обдон мақталади. Сўнгра мақтов шундай сўзлар билан ниҳояланади: “Лекин у ҳам ўзимга ўхшамаган одам, ялқовликдан ҳоли эмас, бесабрлиги ҳам бор”. Агар ҳа-ҳа деб турилса, шу кетишда юқоридаги мақтовга зид сифатлар териб ташланади. Қаранг, бир дўст қандай мақталди. Аслида бу мақтовнинг тагида ўзганинг мулозамат қилиши, қолаверса, гўё нафсини сўккандай бўлиб ўзини солиҳларга ўхшатиш шу йўл билан ўзини-ўзи мақташи бор. Шу боис инсон бир вақтиниг ўзида ҳам ғийбатчи, ҳам рўёкор бўлиб қолади.

Гоҳида туппа-тузук суҳбатлар кутилмаганда ғийбатга айланади. Сўзловчи гапираётиб ғийбатга ўтиб кетади. Шу онгача сўзловчининг гапларига эътиборсиз қулоқ тутаётган тингловчи бирдан ҳушёр тортади, суҳбатга ҳам жон киргандай бўлади. Энди у айтилаётган сўзларни ажабланиб тинглай бошлайди. Тингловчиниг бу таажжуби сўзловчининг ғийбатга бўлган ғайратини оширади, гўё тингловчи ўзининг жиддий ажабланишлари билан ғийбатни талаб қилаётгандек: “Ажабо, билмас эканман, шундай денга, шу пайтгача уни бунақа эканлигини билмаган эканман”, деб қолади.

Бундай йўл тутиш ғийбатчини тасдиқлаш бўлади. Ғийбатни тасдиқлашнинг ўзи ғийбатдир. Ҳатто ғийбат қилаётган пайтда жим турган киши ҳам ғийбатчига шерикдир. Пайғамбаримизнинг ушбу сўзлари бунга ҳужжатдир “Тингловчи икки ғийбатчининг биридир” (Табароний).

 

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.