Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / “Ихлос” сурасининг фазли

“Ихлос” сурасининг фазли

Бу суранинг “Ихлос” деб номланганлигининг сабаби – Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш, фақат ўзигагина юзланишг, ихлос қилишга ундаганидандур.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хадисларида: “Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади” (Имом Муслим ривояти), деганлари бежиз эмас.

Чунки Қуръони Каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:

  1. Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналиги исботи ва ақидани тузатиш;
  2. Ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар;
  3. Шариат ҳукмлари.

Ихлос сураси ушбу нарсаларни биринчи қисмини ўз ичига олган. Баъзи уламоларимиз Ихлос сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар:

“Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдур. У жуда ҳам мўъжаз ва мўъжиза бўлиб келган. У Аллоҳ таолонинг жамоли ва каломини очиқлаб келган. У Аллоҳ таолони барча ожизлик ва нуқсон сифатлардан поклаб келгандур. Унинг биринчи ояти ваҳдониятни исбот қилиб, кўп одатликни рад қилгандур”.

“Айт! У Аллоҳ ягонадур”

Унинг иккинчи ояти Аллоҳнинг камолини исбот қилиб, ожизлик ва нуқсонини рад қилгандур.

“Аллоҳ сомаддур”

Унинг учинчи ояти Аллоҳнинг азаллиги ва боқийлигини исбот қилиб, зурриёти  ва наслининг борлигини рад қилгандур.

 “У туғмаган ва туғилмаган”

Унинг тўртинчи ояти Аллоҳнинг азаматини ва улуғворлигини исбот қилиб, тенги ва зидди борлигини рад қилгандур.

“Унга ҳеч ким тенг бўлмаган”

Бу сура жамол ва камол сифатларининг исботидур. У Аллоҳни нуқсонлардан поклашнинг энг олий суратидур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ни икки юз марта қироат қилса, эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади, магар қарзи бўлса мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).Яна ўша кишидан ривоят қилинган ҳадисда:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ни ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй қуради”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ихлос сурасидаги тўрт оятнинг фазли не чоғлик улуғ эканлигини юқорида келтирилган ҳадислардан билиб олдик. Албатта, биз мўмин-мусулмонлар ҳар куни ушбу сурани ўқиб, Аллоҳнинг ягоналиги ва нуқсонлардан пок Зот эканлигини зикр қилиб юришимиз лозим.

“Облиқ” жоме масжиди имом-хатиби                           Шарофхўжаев Х.