Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар! “Ўсмат ота” жоме масжиди қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Хушхабар! “Ўсмат ота” жоме масжиди қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2017 йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов иштирокида “Ўсмат Ота” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилиб, барча саховатпеша юртдошларимиз ҳаққига дуои хайрлар қилинган эди.

Бугун 2018 йилнинг 2 январида ана шу хайрли дуоларнинг ижобати ўлароқ Пискент тумани аҳолисининг қувончига сабаб бўладиган ҳодиса юз берди. “Ўсмат ота” жоме масжиди замонавий ва кўркам ҳолда қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги масжид биносида намозхонлар учун барча шароитлар мужассам бўлиб, келгусида хизмат хоналарининг тепа қисмида кутубхона ва музей ташкил этиш режалаштирилган. Намозхона бир пайтда 250-350 кишини сиғдира олиш имконига эга.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжидни шодиёнали тарзда очиб, Қуръони Каримдаги “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба сураси 18-оят), деган ояти карима орқали нафақат бутун масжид аҳлини, балки барча мусулмонларни бу қувончли ва тарихий воқеа билан муборакбод этдилар.

Туман ҳокими А.Акромов бошчилигида меҳмонлар ва масжид аҳли учун байрамона дастурхон ёзилди ва миллий анъанамизга кўра палов тортилди.

Муфтий  ҳазратлари “Ўсмат ота” масжидига ташрифлари асносида яқиндагина қайта қурилиб, намозҳонлар хизматига ҳавола этилган марказий “Пискент” жоме масжидини ҳам кўздан кечириб, у ерда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар ва ушбу масжид қурилишида бош-қош бўлган кишилар, ҳомийлар, усталар, жумладан, туман аҳолисининг ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.

         

2 та фикр

  1. Музаккар

    Ассалому Алейкум. Ҳурматли сайт вакиллари. Қурилган ёки қайта таъмирланган масжидларнинг координаталарини хам кўрсатсангиз. Жахон туристлари келиб, Ўзбекистонда масжидларни қидирганда, картадан топиб олишлари учун харитачилар киритиб қўйишлари учун. Ташаккур!