Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар! Ўртачирчиқ туманида “Фирдавс” жоме масжиди очилди.

Хушхабар! Ўртачирчиқ туманида “Фирдавс” жоме масжиди очилди.

Истиқлолимизнинг илк кунларидан бошлаб муқаддас динимиз, миллий анъаналаримиз, асрий қадриятларимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошланганлиги барчамизга маълум. Сўнгги пайтларда Ислом дини ривожи, унинг соф таълимотини аҳолига етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, юртдошларимиз томонидан ўзгача хурсандчилик билан кутиб олинмоқда. Маълумки, ўтган 2017 йил диний жабҳада оламшумул воқеаларга бой бўлди.

Бошланган милодий 2018 йилнинг бошиданоқ бутун Республикамиз бўйлаб Ўзбекистон Қуръон мусобақаси доирасида бетакрор Қуръон базмларининг ўтказилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоизки, бундан юртимиз мусулмонларининг қалблари ўзгача шукуҳ, тенгсиз қувончга тўла.

Ана шундай хайрли ишларнинг давоми ўлароқ бугун 2018 йилнинг 2 март куни Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида “Фирдавс” жоме масжидининг расман очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими мудири Зулхайдар Султонов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов иштирок этдилар ва мўмин-мусулмонларни бу дунёдаги жаннат уйи – “Фирдавс” масжидининг расман эл хизматига тушиши билан муборакбод этдилар. Унда илк жума намози адо этилди, бу ҳам аҳоли учун ажойиб туҳфа бўлди. Шундоққина йўл юзида жойлашган, мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун етарли шароитлар яратилган масжид нафақат туман аҳолиси учун, балки бошқа намозхонлар учун ҳам манфаатли бўлиши таъкидланди.

Яна бир қувончли воқеа сабаб намозхонлар Яратганга ҳамд айтиб, шукроналик билан хайрли дуолар қилдилар, эзгу тилакларини изҳор этдилар.