Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар! Тошкент вилоятида яна бир масжид фаолият бошлади

Хушхабар! Тошкент вилоятида яна бир масжид фаолият бошлади

Ҳақиқатки, мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Ана шундай қувончли ишлардан яна бири жорий йилнинг 16 декабрь куни бундан бир неча йиллар олдин биноси яроқсиз ҳолга келиб қолгани туфайли фаолияти тўхтатилган Чирчиқ шаҳридаги «Ўрта маҳалла» жоме масжидини намозхонлар учун барча қулай ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлган янги манзилда фаолият бошлаганидир.

Ушбу хайрли иш ўз манзилида вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов бошчилигида жамоа бўлиб пешин намозини адо этилиши, тиловати Қуръон ва хайрли дуолар билан бошланди.

Жоме масжиднинг юридик манзилини шаҳарнинг “Маърифат” маҳалласида жойлашган янги бинога кўчирилиши ва фаолиятини қайта бошлаши, шунингдек, унга иқтидорли имомларимиздан Шавкатжон Алибоевни имом-хатиб вазифасига тайинланиши маҳаллий аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди.

Чирчиқ шаҳри аҳли, хусусан жоме масжид қавми ва барча ходимларини ушбу қувончли тарихий воқеа билан муборакбод этиб, уларнинг дин равнақи, соф ислом таълимотини етказиш йўлидаги улуғвор ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз!