Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Хуш келибсан соғинганимиз Рамазон!

Хуш келибсан соғинганимиз Рамазон!

Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган бешта Ислом арконлари инсониятни баркамолликка етакловчи буюк таълимот бўлиб, буларнинг ичида рўза ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Инсон рўзадорлиги туфайли ҳам руҳий, ҳам жисмоний покликка эришади, сабр-қаноатли ва тўрт буюк неъмат – моддий, сиҳҳий (соғломлик), маънавий ва ахлоқий неъматлар соҳибига айланади.

Қуръони Каримнинг Бақара сураси 183-185-оятларида Рамазон рўзаси ҳукмлари ва ҳикматлари баён қилинган.

“Эй иймон келтирганлар! Сизларга рўза сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби фарз қилинди! Уни адо этсаларингиз, тақводор бўласизлар! Сизларга саноқли кунлар рўзасигина фарз қилинди. Сизлардан ким касал ё сафарда бўлса, бошқа саноқли кунларда рўза тутиши лозим. Рўзани қийинчилик ва машаққат билангина тутиши мумкин бўлганлар фидя беришлари-мискинни овқатлантиришлари керак. Иҳтиёри билан фидя миқдорини оширган киши учун бу тутган иши яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутишингиз сизлар учун яхшидир. У саноқли кунлар- очиқ ва ҳақни ботилдан ажратувчи баёнотлари билан инсонларни тўғри йўлга бошловчи Қуръон нозил этилган рамазон ойидир. Сизлардан ким у ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин! Ким касал ё сафарда бўлса, саноқли бошқа кунларда рўза тутиши лозим. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, қийинчиликни истамайди. Аллоҳ рўза кунлари ҳисобини тўла тўла этишингизни, сизларни тўғри йўлга бошлагани учун Унинг Ўзигагина ҳамду сано айтишингизни ва ҳақиқий шукр этгувчилардан бўлишингизни истайди!” (Бақара, 182-185).

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.):

“Ким Рамазон рўзасини фарзлигига ишониб, савоб умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари  мағфират  қилинади”, деганлар.
(Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоятлари)

Рамазон ҳижрий-қамарий тақвимнинг тўққизинчи ойидир. Рамазон ойида кундузлари, тонг отганидан қуёш ботгунича рўза тутиш (Аллоҳ розилиги ниятида ҳеч нарса емаслик ва ичмаслик, жинсий алоқа қилмаслик) динимизнинг беш рукнидан биридир. Мана шундай масъулиятли ва шарафли ибодатни бенуқсон адо этишга барчаларимиз қаттиқ харакат қилмоғимиз лозимдир. Бунинг учун эса рамазон ойи рўзаси тўғрисида тўлиқроқ маълумотга эга бўлишимиз керак.

Рамазон ойи рўзаси балоғатга етган, ақли расо мусулмонга фарздир. Аммо зиммаларига  Рамазон рўзаси фарз бўлган барча кишилар айнан Рамазон ойида рўза тутишлари лозим бўлади. Ҳатто улардан баъзиларига, ҳайз ва нифосда бўлган аёлларга одат кунларида рўза тутиш дуруст эмас. Мусофир ва оғирлашиб қолишидан қўрққан касал кишилар ҳам Рамазон ойида рўза тутмасликлари мумкин. Шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёл рўза туфайли ўзи ё боласи учун зарар етишидан қўрқса, Рамазон ойида рўза тутмайди. Бу саналганлар узурлари кетгач, Рамазон ойидан сўнг рўза тутмаган кунлари рўзасини қазо қилиб тутиб беради (тута олмаган рўза кунлари қанча бўлса ҳудди шунча кун). Рўза тутишга қуввати етмайдиган чол ва кампир ҳам рўза тутмайди. Улар Рамазон ойининг ҳар бир куни учун фитр садақаси миқдорида фидя берадилар. Бу вожибдир. Демак, Рамазон ойида рўза тутиш соғлом ва муқим кишиларга фарздир.

Рамазон ойи рўзаси ниятсиз дуруст бўлмайди. Рамазон ойи рўзасига қуёш ботгандан кейинги кун чошгоҳигача (агар тонг отганидан бу вақтгача еб-ичмаган, жуфти билан яқинлик қилмаган бўлса) ният қилиш мумкин. Лекин саҳарда туриб бир қултум сув ё бир бурда нон еб бўлса ҳам саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) :

“Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бордир”, деганлар.

Барча ибодатлар каби рамазон рўзаси ҳам бузИлмасдан адо этилса қабул бўлади. Шу сабабдан рўзани бузадиган ва бузмайдиган амалларни  билиб олиш керак бўлади. Аввало рўзани бузмайдиган баъзи ҳолатлар ҳақида:

-рўзадор рўза тутганини унутиб бирор нарса еса ё ичса.
-томоғига чанг, пашша ё тутун кирса;
-баданига ёғ суртса, сурма қўйса, қон олдирса;
-эҳтилом бўлса;
-оғзини чайганида қолган намни ичига ютса, қулоғига сув кириб кетса;
-кўнгли айниб қусса ё қусуғи қайтиб кетса;
-тишлари орасида қолган (нохатдан кичик) овқатни ютса;
-тишлари орасидан чиққан оз миқдор қон томоғига кетса;
-кўз ёши ва тернинг бир ё икки томчиси ичига кетса рўзаси бузилмайди.

Қуйидаги ҳолатларда рўзаси бузилади ва бир кунига бир кун тутиб бериши лозим бўлади:

-рўзадор хато қилиб оғзини очиб қўйса (қуёш ботмаганда ботди, деб ўйлаб бирор нарса еса, тонг отганида отмабди деб ўйлаб саҳарлик қилса, оғиз чайганида ичига сув кетса) ;
-рўза тутганини унутиб бирор нарса еб ё ичгач, рўзадорлиги эсига тушганидан сўнг еб-ичишни давом эттирса;
-ҳуқна (клизма) қилдирса;
-бурнига бирор нарса томизса ;
-томоғига ёмғир томчиси ё қор учқуни кирса;
-бировнинг мажбурлаши билан еса ё ичса;
-қасддан қусса ё қусуғини қайтарса;
-тиши орасидан чиққан қон кўп бўлса ва ичига кетса;
-тишлари орасида қолган нохатдек ва ундан катта овқатни ютса, рўза бузилади ва бир кунига бир кун тутиб бериш лозим бўлади.

Рамазон рўзасини тутган киши қасддан бирор нарса еса ё ичса ё жинсий алоқа қилса каффорат лозим бўлади. Олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, бунга ярамаса олтмиш камбағални тўйдириши рўзани қасддан бузиш каффоратидир.

Саҳарлик қилиб бўлгач, рўза тутишни ният қилиб ушбу дуо ўқилади.

Рўза тутиш оғиз ёпиш дуоси:

Наввайту ан асуума совма шаҳри рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала.

Маъноси: Аллоҳ таало учун Рамазон ойининг рўзасини субҳдан кун ботгунича тутмоқликни холисона ният қилдим.

Шом вақти кириб рўзасини очишдан аввал эса ифторлик (оғиз очиш) дуоси ўқилади:

Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфирли ма қоддамту ва ма аххорту би роҳматика йа арҳамар роҳимин.

Маъноси: Эй, бор Худоё, ушбу рўзамни фақат сен учун тутдим ва сенга иймон келтирдим ва сенга таваккул қилдим ва сенинг берган ризқинг билан ифтор қилдим, эй гуноҳларни авф қилувчи Аллоҳ, менинг аввалги гуноҳларимни ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгин.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Исломнинг фарз ибодатларидан бўлган рўзани тўла-тўкис тутишликни ва шу сабабидан гунохларимиз мағфират қилинган ҳолда «Райён»жаннатига дохил бўлишликни Ўзи насиб айласин! Муборак ой Рамазон қутлуғ бўлсин.

                                                                                   Қибрай тумани бош
имом-хатиби М.Миржалилов