Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / “ХЎРОЗНИНГ ЖАНОЗАСИ” ёхуд хурофот гирдоби

“ХЎРОЗНИНГ ЖАНОЗАСИ” ёхуд хурофот гирдоби

Инсоннинг аъзолари ичида гавҳари шубҳасиз бу қалбдир. Бу аъзога олиму донишмандлар, файласуфу шоирлар ва турли сўзамол сўз усталари томонидан турлича таърифу тавсифлар бериб келинади. Замонлар оша ўтган илму ирфон соҳибларининг бисотларидаги барча таърифотларда, бир парчагина гўштнинг инсон ҳаётидаги муҳим ўрни ҳақида баҳслар юритилади. Аммо барча фикрлар ва қарашлар ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси муборакларида баён қилинган мазмун моҳиятга келиб туташади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Инсон жасадида бир парча эт бор, Агар у солиҳ бўлса, бутун жасад солиҳ бўлади. Агар у фосид бўлса, бутун жасад фосид бўлади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”

Фосид қалб бу гумроҳ қалб деганидир. Гумроҳлик эса албатта илмсизликдан келиб чиқади. Собиқ шўро тузуми мафкураси натижасида халқимиз ичида айримлари шу қадар гумроҳ бўлиб қолишдики асти қўяверасиз. Ҳатто баъзилар динимизнинг асл моҳияти нимада эканлигини батамом унутишди. Озгина “инсофлироқ”лари жаноза учун, худойи эҳсон ўтказиш учунгина бу дин керак деган фикрда бўлганлари ҳам кўпчилик эди. Бу дунё ҳаётини қайси йўл билан бўлсада пул топишу яхши яшаш деб билиб, ўю-хаёллари фақатгина моддий манфаатдангина иборат бўлган бу тоифа кишилар, илм ўрганиш фазилати, ўзгаларга мурувват, ризқ талабида ҳалоллик, ҳаромдан тийилиш ва ҳоказо амалларни бора-бора  унутиб юбориши турган гап. Юқорида таъкидланганидек, бироз “инсофлироқ”лари эса, бу каби амалларни батамом унутишмасада, савоб ниятида, охиратдан умидворлик билан бажармаслиги муқаррар. Чунки, бу каби инсонларнинг қалби занглаб улгурган бўлади. Динимиз буюрган ишларга мутлақо бепарво бўлиб, боқи беғам тарзда умрларини ўтказиб бораверадилар. Гоҳида бошларига бирор ташвиш ёки мусибат тушиб қолсагина  эсларига дин тушиб қолади ва диний ходимларнинг маслаҳати зарур бўлиб қидириб қолишади.

Ана шундай тоифадагилардан бири яқинда масжидга шошганча келиб қолди. Ҳовлиқиб кириб келганлигидан билиниб турибдики, афтидан нимадир ташвишли ҳодиса рўй берган. Ундан ҳол аҳвол сўраб нима гаплигини сўрадим.

– Тақсир, мусибат бўлиб қолишига бир баҳя қолди. Ўн саккиз ёшга кирган жияним бугун эрталаб ўз жонига қасд қилибди. Яхшиямки уйдагилари кўриб қолиб қутқариб қолишибди. Эшитган заҳотим дарҳол етиб бордим. Борсам, жияним ўзини осмоқчи бўлган сиртмоқ ҳали турган экан. Шу жойда битта ақлли иш қилдим домла.
– Хўш, нима килдингиз?
– Шартта битта хўрозни ушладиму, ўша сиртмоққа освордим. Хўроз ғий-ғий этдию жон берди. Жонга жон бўлдида тақсир, келган бало хўрозга урсин.
– Эҳ аттанг, хўрозга зулм қилибсизларку?
– Майли тақсир, битта хўроз кетса кетсин, унинг ўрнига жияним тирик қолдику ахир. Энди тақсир сиздан бир илтимос?
– Хўш, нима илтимос экан?
– Бугун пешиндан кейин ана шу хўрозга жаноза ўқиб берсангиз. Барчасини кўнгилдагидек адо қилиб дафн қилиб келсак яхши бўларди. Чунки, жиянимни ўрнига хўроз бечора ўлиб бердида, шунинг учун ҳурматини қилиб деганларидай…

Бу гапни эшитиб карахт бўлиб қолдим, гўёки таним музлаб қолди. Чунки  диний соҳада йигирма йилдан зиёд халқимизга хизмат қилиб келаётган бўлсам, бунақанги аҳмоқона гапни илк бор эшитиб туришим эди. Қаршимда ўтирган кишига обдон эътибор билан қарадим, сира ақлдан озганга ўхшамас, кўринишидан туппа тузук одам эди. Нима дейишимни билмасдан бир зум ўйга толиб туриб қолибман, у бўлса домла ўзини тарозига соляпти деб ўйлади шекилли,  гапида давом этди:

– Домла илтимос, йўқ деманг, жанозани ўқиб беринг?

Ярим соатдан зиёдроқ унга насиҳат қилиб, бу иш мутлақо динимизда йўқ эканлигини тушунтирдим ва у қониқиш ҳосил қилган киши бўлиб чиқиб кетди.
Аммо, у кетгач чуқур ўйга толдим, наҳотки мусулмонлар шу даражагача етиб келган бўлсак?! Наҳотки мусаффо динимиздан шу қадар узоқлашиб кетдик?! Ахир мустақилликка эришганимизга, диний ва миллий қадриятларимиз қайтариб берилганига йигирма беш йилдан ошдику?!  Илк истиқлол йилларидан буён юзлаб эмас, минглаб диний китоблар нашр қилинмоқдаку ахир?! Шу қадар саводсиз ва маънавиятсиз ҳолга тушиб қолишимизга ўзимиз айбдор эмасмизми?! Мутоаласизлигимиз, маънавиятдан, маърифатдан очиқчасига юз ўгиришимиз сабабли эмасми?! Бу оми одам яхшики тўғри масжидга келибди, аксинча бирор “домлалик”ни даво қилиб юрадиган “олим”ни олдига бориб қолганида борми?! Шартта одамларни тўплаб жаноза ўқиворганида борми! Эртасига тағин бошқа бир киши хўрозга жанозага чақиради, индинига эса яна кимдир битта қўчқорнинг жанозасига чақиради, бора-бора бошқалар мол ёки отнинг жанозасига чақирадиган бўлмайди деб ким кафолат беради? Шундоғам илм аҳллари айрим бидъатларга қарши курашиб ётган бир маҳалда, улкан ва даҳшатли бидъат пайдо бўлмасмиди ахир?  Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси муборакларига эътибор қаратсак, бу каби бидъат ишларни пайдо қилувчи ва уларга амал қилувчиларнинг ҳоли нақадар аянчли бўлишидан хабардор бўламиз.

Жарир ибн Аблуллоҳдан ривоят қилинади:

“Ким бир гўзал суннат пайдо қилса, унга унинг ажри ва ўшанга амал қиганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда бўлади. Ким бир ёмон суннат пайдо қилса, унга унинг гуноҳи ва ўшанга амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда бўлади”.

Ҳа азизлар, бундан керакли хулоса чиқариб олмоғимиз ва барчамиз илму зиёга интилмоғимиз зарур албатта.  Зеро ҳазрат Машраб ўз байтларидан бирида келтиради:

Машрабо кўп сўзлама, оқиллара бир сўз етар,
Кар қулоқ бўлса агар, минг сўзлама бежо кетар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни икки дунёда саодат аҳлидан айласин.

Чирчиқ шаҳар “Амир ўғли Хасанбой”
жоме масжиди имом хатиби
Мусахон Бобоев