Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Хурофот – маънавият кушандаси

Хурофот – маънавият кушандаси

“Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб – авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз – кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигини англаб етсин”.

Ислом  Каримов

Марказий Осиё халқлари орасида исломгача бўлган диний эътиқодлар ўрганилганда, эътиқоднинг турли-туман кўринишлари кенг тарқалганини кўрамиз. Шулардан бири ҳар ердаги дарахтларга, хоссатан қабристон ва зиёратгоҳларга  турли латта-путталарни осиб қўйиш  ҳанузгача  Ислом дини номи  билан  яшаб келмоқда. Аслида бу хурофотни Ислом динига хеч қандай алоқаси йўқ.

Яқинда хизмат сафари билан тумандаги масжидларни айланиб чиқдим. Йўл-йўлакай зиёратгоҳларга кириб азиз авлиёларимизни ҳақларига бақадри имкон дуо қилиш бахтига муяссар бўлдим. Зиёратгоҳлардан бирига кирганда кўнгилни хира қиладиган ҳолатни кўриб таажжубга тушмасдан иложи йўқ. Кўм-кўк бўлиб турган арчани не айби бор эканки, уни шоҳларини ҳар томондан латта билан боғлаб бўғиб ташланган. Яна шундай хунук манзарани гувоҳи бўлдикки, зиёратгоҳга келганлар қадимий дарахт ёки шунга ўхшаш нарсалардан ўз хожатларини сўрамоқдалар. Аслида зиёратдан мақсад, охиратни эслаган ҳолда маънавий озуқа олиш ҳамда минг йиллик тарихга эга халқимиздан етишиб чиққан мутафаккир олиму-уламоларимиз, валий-авлиёларимиздан ибрат олиб, уларнинг бебаҳо меросларини ёшларга таништиришдан иборат эмасми? Бугун ота-оналар фарзандларини кўз олдида дарахтга латта бойласа ёки пул ташлаб ҳожатини сўраса, эртага бу фарзанд келажак авлодга қандай тарбия беради? Шу ўринда Ўзбекистон Мусулмонлари  идораси Хайрия жамғармаси тизимидаги зиёратгоҳлар учун ишлаб чиқилган ягона зиёрат одобларини 4-бандини келтириш мақсадга мувофиқ бўлса керак, яъни  “зиёрат вақтида қабр тошларини ўпиш, уларни силаб юз-кўзга суртиш, қабр атрофини айланиб тавоф қилиш, у ерда шам ёқиш, бирор мақсадни кўзлаган ҳолда зиёратгоҳ ҳудудидаги дарахт ёки ёғочларга латта парчаларини боғлаш, мақбара, қабр ва меъморий иншоотларнинг деворларига турли хил ёзув ёки ният сўзларини ёзиш қатъиян ман этилади” дейилгани қадимий обидалар, зиёратгоҳлар қолаверса дарахтларга нисбатан маданиятли бўлишга чақиради.

Қуръони каримнинг  Каҳф сурасини 110-оятида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан шундай деган:

Сен: “Мен сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин”, дегин”, деб марҳамат қилинади. Демак  мўмин-мусулмон одамни ҳар қандай ҳожати ва нияти бўлса Парвардигори оламдан сўраши мақсадга мувофиқдир.

“Юксак маънавият – енгилмас куч!” асарида: “Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Ва халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Оллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди, деб ўйлайман” дейилган.

Демак, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар Мустақил Ўзбекистонимиз кўрки, миллий маънавият, маданият ва қадриятларимизнинг ноёб дурдоналари эканлигини  келажак авлодларга муносиб етказиш ҳар бир биримизнинг бурч ва вазифамиз эканини эсдан чиқармайлик.

 

                                                           Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби в.б.
Абдусаитов  Махмуджон